СУДЛАР ТОМОНИДАН 2025 ЙИЛДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

Ҳисобот даврида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 10,8 трлн. сўмдан зиёд мажбурий тўловлар (вояга етмаган болалар учун алимент, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган талаблар, коммунал хизматлар бўйича қарздорлик тўловлари ва бошқалар) ни ундириш ҳақида 1 519 814 та суд буйруғи чиқарилди.
Шунингдек, 649 652 та фуқаролик иши кўриб чиқилиб, уларнинг 506 135 таси бўйича талаблар қаноатлантирилган бўлса, 76 138 таси бўйича талабларни қаноатлантиришдан рад қилинган, 60 373 таси бўйича даъволар кўрмасдан қолдирилган бўлса, 7 006 таси бўйича ишни юритиш тугатилган.
Энг кўп фуқаролик низолари Тошкент шаҳар, Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Андижон вилоятларида кўрилди.
Кўриб тамомланган фуқаролик ишлардан 206 399 таси битимлар (олди-сотди, кредит, қарз ва бошқалар), 70 535 таси никоҳдан ажратиш, 26 960 таси уй-жой муносабатлари, 19 914 таси алоҳида тоифадаги ишлар, 12 982 таси ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ёки қурилмани бузиш билан боғлиқ ва бошқа тоифадаги ишларни ташкил қилади.
Никоҳдан ажратишга оид кўрилган ишлар таҳлилига кўра, кўриб тамомланган ишларнинг 37 544 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган (никоҳлар бекор қилинган), 24 244 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган (никоҳлар бекор қилинмаган), 6 239 таси кўрмасдан қолдирилган ҳамда 2 508 та даъво бўйича ишни юритиш тугатилган.
3 119 та ишга тиклашга доир кўриб тамомланган ишларнинг 1 356 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган, 1 229 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган, 473 таси кўрмасдан қолдирилган ҳамда 61 та даъво бўйича ишни юритиш тугатилган.
6 452 та хусусий ажрим чиқарилиб, тегишлилиги бўйича юборилган.
Вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида 12 956 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 2 312 та қарор бекор қилиниб, 757 та суд қарори ўзгартирилди. Кассация тартибида 8 457 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 1 668 та қарор бекор қилиниб, 708 та суд қарори ўзгартирилди. Тафтиш тартибида 5 670 та иш кўриб чиқилди. Қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган 482 та қарор бекор қилиниб, 161 та суд қарори ўзгартирилди.
Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 363 та иш кўриб чиқилди. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 171 та қарор бекор қилиниб, 53 та суд қарори ўзгартирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик билан алоқалар маркази

