Click to listen highlighted text!

ПРЕЗИДЕНТ МУРОЖААТНОМАСИ: БАХТЛИ ҲАЁТИМИЗНИНГ ЙЎЛ ХАРИТАСИ

photo_2026-01-21_11-37-01

Давлатимиз раҳбарининг парламентимиз ва халқимизга Мурожаатномасида белгилаб берилган энг устувор вазифалар ижроси Янги Ўзбекистон тараққиёти, эл-юрт манфаати учун хизмат қилади. Президентимиз таъбири билан айтганда, бу бахтли ҳаёт йўл харитасидир.

Мурожаатномада 2026 йил – “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани бежизга эмас. Зеро, янги таҳрирдаги Конституциямизда маҳаллаларга аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал қилиш бўйича мустақил қарор қабул қилиш ваколатларини бериш, бунинг учун ташкилий ва молиявий имкониятлар яратиш белгиланди. Бу эса, давлат ҳокимиятида ҳисобдорлик, шаффофлик, самарали қарор қабул қилиш ва унинг натижадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Нуфузли анжуманда Президентимиз барча соҳалар бўйича жамиятимиз ҳаётини, фуқароларимизнинг фаровон турмушини таъминлашга доир муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш масалаларига алоҳида тўхталди.

Яъни одил судлов жараёнини “рақамли суд” концепцияси асосида ташкил этиш бошлангани, эндиликда терговни ҳам рақамлаштириш орқали инсон ҳуқуқлари ҳимояси кучайтирилиши, бунда жиноят ҳақидаги аризани қабул қилишдан бошлаб, ишни судга ўтказишгача бўлган босқичларга сунъий интеллект технологиялари жорий этилиши ва инсон омили қисқартирилиши маълум қилинди. Бу эса, коррупциянинг олдини олиш, фуқаролар ва тадбиркорларга оворагарчиликсиз тергов жараёни ҳақида тезкор маълумотлар олиш имконини беради.

Бундан ташқари “Хабеас корпус” институтини қўллашнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлган тергов судьяларига 2026 йилдан санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартиш ҳамда бекор қилиш ваколатлари ҳам берилиши, шубҳасиз, судга қадар иш юритиш босқичида шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан суд назоратини амалга ошириш йўлида муҳим қадам бўлади.

Давлатимиз раҳбари айнан одил судловда жамоатчилик иштироки ва ролини ошириб бориш масаласига ҳам эътиборни қаратди. Эндиликда жиноят процессига “Халқ вакиллари ҳайъати” институти босқичма-босқич жорий этилиши, бунда ўта оғир ва жамиятда шов-шувга сабаб бўлаётган жиноятлар жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқилиши суд ҳукмининг янада адолатли бўлишига хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Яна бир муҳим масала – суд қарори ижроси билан боғлиқ. Бу борада кенг жамоатчиликда кўплаб эътирозлар билдирилаётгани ҳаммага маълум.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, суд қарорлари ижросини сўзсиз таъминламай туриб, фуқаро ва тадбиркорлар ҳуқуқининг ишончли тикланишига эришиб бўлмайди.

Шу боис, мажбурий ижро жараёнига самарали муқобил механизмлар татбиқ қилинади. Ушбу тизимга ҳам сунъий интеллект технологиялари жорий этилади.

Мурожаатномада кун тартибига қўйилган кейинги муҳим масала хотин-қизлар ва болаларни турли зўравонликлардан ҳимоя қилиш билан боғлиқ.

Президентимиз таъбири билан айтганда, аёл бахтли бўлса, оила ва жамият ҳам бахтли бўлади, албатта. Шунинг учун барчамиз шу олий мезонга амал қилиб ишлашимиз зарур.

Президентимиз томонидан аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича республика мувофиқлаштирувчи кенгашига барча давлат идоралари ва кенг жамоатчиликни сафарбар қилган ҳолда бундай салбий ҳолатларга барҳам бериш бўйича самарали ишлайдиган тизим яратиш топширилди.

Бундан ташқари коррупцияга қарши кураш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, бу ёвуз бало ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратишга, ривожланишга ғов эканлиги уқтирилди. Президентимиз барча идораларда комплаенс ва коррупцияга қарши ички назоратга масъул ўринбосар лавозимини жорий этиш ҳақида таклиф киритиб, 2026 йилда ушбу иллатга қарши курашиш бўйича ўта жиддий иш олиб бориш зарурлигини таъкидлади.

Мурожаатномада нафақат 2026 йилга мўлжалланган Давлат дастури, балки кейинги беш йил давомида амалга ошириладиган ўнлаб концепция, дастур ва стратегиялар ҳақида аниқ таклифлар билдирилди.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз Мурожаатномасида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши муқаддас заминимизда истиқомат қилаётган ҳар бир инсонинг орзуларини рўёбга чиқариш ҳамда халқимиз учун фаровон турмуш шароитларини яратишга, давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилади.

Шундай экан, ҳар биримиз зиммамиздаги улкан масъулиятни теран ҳис этиб, айни эзгу мақсадларга хизмат қилишни фаолиятимизнинг асосий мезонига айлантириб, дахлдорлик ҳисси билан меҳнат қилсак, албатта, ўз олдимизга қўйган улкан марраларни забт этамиз. Зотан, Президентимиз таъбири билан айтганда, миллий бирлик жуда муҳим. Бирдамлик кучдир!

Шаҳзод Бахтиёров,

жиноят ишлари бўйича

Деҳқонобод тумани

суди раиси

#thegov_button_697e53df25334 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_697e53df25334:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_697e53df25334 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_697e53df25334:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!