ЎҒРИЛИКНИ “КАСБ”ГА АЙЛАНТИРГАН ҚАЛЛОБ

Инсон боласи яхши тарбия олиб, ҳалол ризқ-рўз билан яшаса, ҳурмат-эътиборга сазовор бўлади. Элу халқнинг дуосини олса, асло кам бўлмайди. Ана шундай ҳалол, виждонли инсонлар юртимизда жуда-жуда кўп. Аммо минг афсуски, бу ҳаётда кам бўлса ҳам умрини эгрилик йўлига совурадиган кимсалар ҳам учраб туради.
Шу улуғ ва саодатли кунларда кўнгилни хира қиладиган мавзу ҳақида, нопок кимсалар ҳақида тўхталгинг келмайди. Лекин начора, буни ҳаёт дейдилар. Ҳаёт давом этар эканки, оқ ва қора ранглар бўлгани каби, жиноят қилишдан тап тортмайдиган қаллоб кимсалардан эҳтиёт бўлишимиз лозимлиги учун ҳам қуйидаги воқеа тўғрисида сўз юритдик.
Албатта, ҳалол меҳнат билан топилган мол-мулкка тажовуз қилиш азалдан энг қораланган иллатлардан бири ҳисобланади. Халқимиз бундай кимсаларни “ғирт ўғри” деб атаб, уларни аёвсиз қоралаган. Афсуски, бундай иллатга мубтало бўлганлар орасида тегишли жазодан сабоқ чиқармасдан, яна жиноят йўлини танлайдиганлар ҳам учрайди.
Қуйидаги воқеа ана шундай шахс — тиббиёт муассасаларида меҳнат қилаётган шифокорларнинг пулини ўмарган қўли эгри кимса ҳақида. У ўз жиноятлари билан бир неча тиббиёт муассасаларида ишлаётган ходимларга катта моддий зарар етказган.
1983 йилда Сирдарё вилоятида туғилган Умар Бобоев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ёшлигиданоқ қинғирлик йўлини танлади. Халқимизда “Қон билан кирган жон билан чиқади”, деган гап бор. Унинг ҳаёти ҳам шу нақлнинг тасдиғидек гўё.
Умар илк бор 24 ёшида қамалди. Пойтахтда содир этган ўғрилиги учун жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди ҳукмига кўра 3 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бироқ жазо унга сабоқ бўлмади. Озодликка чиққанидан сўнг яна ўғриликка қўл урди. Оқибатда у турли жиноятлари учун олти марта озодликдан маҳрум этилди ва “хавфли рецидивист” тамғасини олди.
Жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани судида Умар Бобоевга нисбатан яна бир жиноят иши кўриб чиқилди. Бу гал унинг жиноятларидан жабр кўрганлар тиббиёт ходимлари эди.
Жабрланувчилардан бири Ш. В. судда қуйидагича кўрсатма берди:
— Тошкент давлат тиббиёт университетида ишлайман. Ўғрилик юз берган куни эрталаб соат саккизларда ишга келдим. Кийимларимни алмаштириб, кун давомида ўз ишларим билан банд бўлдим. Ҳамкасбим билан тушлик қилиб қайтганимиздан сўнг, у хонасида пуллари йўқолганини пайқаб қолди. Мен ҳам хонамга кириб, кийимларим ва сумкамни текширганимда, 8,5 миллион сўм пулим йўқолгани маълум бўлди.
Шундан сўнг бу ҳақда ички ишлар органларига мурожаат қилдик…
Қизиғи, пойтахтдаги тиббиёт муассасаларида содир бўлаётган бу каби ўғриликлар орадан уч кун ўтиб яна такрорланди. Бу сафар манзил — Яшнобод туманида жойлашган Травматология ва ортопедия илмий-тадқиқот институти эди. Бу ерда ҳам икки нафар шифокор пулларидан айрилди.
Ушбу муассасада ишловчи шифокор Р. М.нинг айтишича, шими чўнтагидаги 600 минг сўм, кўк рангли сумкасида бўлган 10 миллион сўм ва 750 АҚШ доллари йўқолган. У бу маблағни қизининг контракт пулини тўлаш учун ўзи билан олиб келган эди. Яна бир шифокор А. Б.нинг ҳам 650 АҚШ доллари ва 1,5 миллион сўм пули ўғирланган. Кузатув камераларига тушиб қолган кадрлардан маълум бўлишича, ўғрилик шифокорлар кийимларини алмаштириб, беморларни кўрикдан ўтказиш учун палаталарга кириб кетган вақтда содир этилган.
Умар Бобоев ўғриликларни асосан тиббиёт муассасаларида амалга оширган. Гоҳ у, гоҳ бу шифохона “ов” манзили сифатида танланган.
Навбатдаги жиноят туманида жойлашган 1-сонли шаҳар болалар клиник шифохонасида содир этилди. Бу гал икки нафар шифокор — А. А. ва Ж. М. нишонга олинганди.
Ўшанда кийим жавонидан шифокор А. А.га тегишли 800 минг сўм пул билан бирга Ж. М.нинг автомашинаси пульти ҳам ўғирланганди.
Шифокорлар автотураргоҳга чиққанларида, ҳар қалай, машина жойида турар, пульт эса скамейка устига ташлаб кетилган эди. Улар дарҳол автомобиль салонини кўздан кечиришди: бардачокдаги нарсалар сочилиб ётар, ичидан Ж. М.нинг 850 АҚШ доллари ва 3,5 миллион сўм пули йўқолган эди.
Халқимиз “Бузоқнинг югургани сомонхонагача” дейди. Изқуварларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида тиббиёт муассасаларида ўғрилик содир этиб юрган шахс қўлга олинди.
Суд мажлисида судланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, ўғрилик содир этганини тан олди, аммо жиноятларни аниқ қачон содир этгани ва қанча маблағни ўғирлаганини эслай олмаслигини айтди.
Судланувчининг қилмиши Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди, шунингдек, 25-модда билан, яъни хавфли рецидивист томонидан такроран ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш ҳамда ўғрилик жиноятига суиқасд қилиш сифатида малакаланди.
Жабрланувчилардан икки кишига етказилган моддий зарар қайтарилган бўлса-да, тўрт нафар жабрланувчига етказилган зарар қопланмади.
Суд ишнинг барча ҳолатларини инобатга олиб, Умар Бобоевни узил-кесил 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди. У жазони махсус тартибли колонияда ўтайди.
Қилмиш-қидирмиш. Букрини гўр тўғрилайди, деганларидек, наҳотки ўғриликдек қора иллат, жиноят йўлидан қайтмаган бу кимса бу қилиғини ташлай олмаса? Ўғрилик билан қачонгача ҳаёт кечиради? Барибир, бу оғир гуноҳ жавобсиз, жазосиз қолмайди. Шунинг учун ҳам олтинчи бор панжара ортига равона бўлди. Энг ёмони, бу дунёдаги жазоларни-ку ўтар, аммо кун келиб умри поёнига етгач, бу одам боласи чин дунёда, охиратда қилмишига қандай жавоб бераркин?
Аброр САИДОВ,
Жиноят ишлари бўйича
Олмазор тумани суди раиси

