Click to listen highlighted text!

ЧЕТ ЭЛ СУДИ ҚАРОРЛАРИНИ ТАН ОЛИШ ВА ИЖРОГА ҚАРАТИШ ИНСТИТУТИ ИҚТИСОДИЙ СУДЛАР ТОМОНИДАН САМАРАЛИ ҚЎЛЛАНИЛМОҚДА

photo_2026-04-17_17-32-28

Иқтисодий суд ишларини юритиш вазифалари — соҳада корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, бу борада қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш, қонунга ва судга нисбатан ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантиришдан иборат. Иқтисодий процессуал кодекс талаблари шуларни тақозо этади.

Иқтисодий судларга тааллуқли иш тоифалари турли хилдир. Жумладан, чет давлатлар судлари ва арбитражларининг иқтисодиёт соҳасида юзага келадиган низолар ҳамда бошқа ишлар бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризалар бўйича иш юритиш ўзига хос хусусиятларга эга.

Иқтисодий судларда бундай тоифадаги ишлар нисбатан кам кўрилаётган бўлса-да, улар мураккаб тоифадаги иш ҳисобланади. Чунки ушбу ишларни кўришда нафақат миллий қонунчилик, балки халқаро ҳуқуқ нормаларига ҳам мурожаат қилиш лозим бўлади.

Бу эса, судьялардан юқори билим ва изланишни талаб қилади.

Олий суднинг иқтисодий судлов ҳайъати томонидан 2022-2024 йилларда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) иштирокчи-давлатлар иқтисодий судларининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишларни кўриш амалиёти умумлаштирилди. Бу жараён барча чет давлатлар судларининг ва арбитражларининг иқтисодиёт соҳасида юзага келадиган низолар ҳамда бошқа ишлар бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорларини эмас, балки фақатгина МДҲ иштирокчи-давлатлар судларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишларни кўриш амалиёти бўйича ўтказилди.

Айтиш керакки, республика иқтисодий судларига ушбу даврда 223 та ариза ва илтимосномалар келиб тушган. Шундан 69 таси қайтарилган, 1 тасини иш юритишга қабул қилиш рад этилган ва 153 таси иш юритишга қабул қилинган. Ўз навбатида, 153 та аризадан 124 таси тўлиқ ва 2 таси қисман қаноатлантирилган.

Амалдаги Иқтисодий процессуал кодексининг 255-моддасида чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратишни рад этишнинг асослари кўрсатилган. Иқтисодий судлар бундай аризаларни рад этишда ушбу асосларнинг ҳар бирини иш ҳужжатлари асосида чуқур таҳлил қилиши, агар бу асослар ёки уларнинг бирортаси мавжуд бўлсагина, аризани рад этишлари талаб этилади.

Шу билан бирга, Иқтисодий процессуал кодексининг 255-моддаси иккинчи қисмида чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижро этиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган бошқа асосларга кўра ҳам рад этилиши мумкинлиги қайд этилган. Иш жараёнида айни омилни ҳам эътиборга олиш керак бўлади.

Суд бундай аризани қаноатлантириш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда, ўз хулосасида фақат Иқтисодий процессуал кодекс нормаларигагина таяниб қолмайди. Балки бунда суд хулосаси халқаро шартномаларда белгиланган нормалар билан ҳам асослантирилиши тақозо этилади.

Айрим ҳолларда судда иштирок этаётган жавобгарлар чет давлатлар судлари ва арбитражларининг иқтисодиёт соҳасида юзага келадиган низолар ҳамда бошқа ишлар бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари ноқонуний қабул қилинганлиги ҳақида важ келтириб, аризаларни рад этиш ҳақида ҳам фикр билдиради. Ёки, аксинча, аризачининг ўзи бундай ҳал қилув қарорининг мазмунини ўзгартирган ҳолда ижро варақаси беришни сўрайди.

Ушбу ишларнинг яна бир ўзига хос хусусият шундан иборатки, иқтисодий суд ишни кўришда чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас. Бундай норма Иқтисодий процессуал кодекснинг 254-моддасида белгилаб қўйилган.

Бу норма шуни англатадики, суд ишни кўришда судьянинг фикрига кўра, чет давлат суди ёки арбитражи қайсидир моддий ҳуқуқ нормасини нотўғри қўллаган ҳолда нотўғри қарор қабул қилинган бўлса, ушбу қарорни мазмунан ҳам қайта кўриб чиқиш ёки низо мазмунан тўғри ёки нотўғри эканлигига баҳо бериши мумкин эмас.

Бундай низоларни кўриш жараёни суддан ишдаги муҳим ҳолатларни тўлиқ ўрганишни, тарафлар ўртасида тузилган шартномалар шартларига алоҳида эътибор билан қарашни талаб этади. Айни чоғда бундай тоифадаги ишларда айрим кичик ҳолатларга эътибор бермаслик ҳам нотўғри қарор қабул қилинишига олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.

Хулоса қилиб айтганда, чет давлатлар судлари ва арбитражларининг қарорларини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш институти мамлакатимизнинг халқаро иқтисодий майдондаги нуфузини ошириш ва инвестиция муҳитини яхшилашда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.

Зеро, чет давлат суди ва арбитражлари ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сифатли ва қонуний ижро этилиши давлатимизнинг халқаро шартномавий мажбуриятларига содиқлигини ҳамда суд тизимининг юқори профессионал даражасини намойиш этади.

Бахтиёр Сайфуллаев,

Олий суд судьяси

#thegov_button_69e2e63da53fc { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69e2e63da53fc:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69e2e63da53fc { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69e2e63da53fc:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!