СУД ҚАРОР ҚИЛАДИ: ДАЪВОГАРНИНГ ДАЪВОСИ ҚАНОАТЛАНТИРИЛСИН!

Яқинда судга “TMS” масъулияти чекланган жамиятининг тугатиш бошқарувчиси Т. Турсунов (корхона номи ва исм-шарифлар ўзгартирилган) даъво аризаси билан мурожаат қилди. Унда иқтисодий суднинг ҳал қилув қарори билан жамият тўловга қобилиятсиз деб топилиб, тугатишга доир иш юритуви белгилангани ва тугатиш бошқарувчиси тайинлангани баён этилган.
Шунингдек, даъво аризасида масъулияти чекланган жамият балансида Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, “Бешёғоч” мавзесида хонадон мавжуд экани, ушбу хонадон жавобгар Б. Салимов ва унинг оила аъзолари томонидан ноқонуний эгаллаб келинаётгани, у билан ижара шартномаси ёки бошқа турдаги шартномалар тузилмагани, уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи берилмагани қайд этилган. Жавобгарга уйни ихтиёрий бўшатиш ҳақида талабнома юборилган, лекин у талабномани қабул қилишдан бош тортиб, суд қарори бўлмаса, уйдан чиқмаслигини маълум қилган.
Бу ҳақда 2025 йил 9 сентябрда маҳалла вакиллари ва гувоҳлар иштирокида далолатнома тузилган. Даъво аризасида суддан жавобгар Б. Салимов ва унинг оила аъзоларини манзили кўрсатилган хонадондан чиқариш сўралган.
Ўз навбатида, Б. Салимов судга қарши даъво аризаси тақдим қилиб, масъулияти чекланган жамиятнинг тугатиш бошқарувчиси томонидан берилган даъво аризасида келтирилган важлар билан келишмаслигини маълум қилди. Бу хонадон жамият таъсисчиларининг розилиги асосида 2023 йилда тилхат асосида тўланмаган кредитни қоплаш шарти билан 40 000 АҚШ долларига сотиб олингани, низоли хонадонга нисбатан мулк ҳуқуқи жамият номига давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса-да, уй кредит маблағлари эвазига харид қилинганини билдирди.
Б. Салимов қарши даъво аризасида қайд этишича, у масъулияти чекланган жамият раҳбари ва банк ходимларининг розилиги билан ушбу хонадон учун жами 26 000 доллар тўловни амалга оширган, 2023 йил июль ойидан буён турмуш ўртоғи ва 3 нафар вояга етмаган фарзанди билан бу хонадонда доимий яшаб, солиқ ва барча коммунал тўловларни тўлаб келмоқда. Жамият раҳбарияти томонидан унга эътироз билдирилмаган, мазкур ҳолатлар жамият таъсисчиларининг тилхатлари, гувоҳ ва қўшниларнинг кўрсатмалари, маҳалла маълумотномаси билан тасдиқланган.
Шунингдек, Б. Салимов уйни сотиб олган пайтда нотариал тартибда олди-сотди шартномасини расмийлаштириш имкони бўлмаганини, лекин тўлов ҳужжатлари ҳақиқатда олди-сотди битими тузилганини тасдиқлашини, фуқаролик-ҳуқуқий муносабат орқали жамият ўз зиммасига хонадонни сотиб олувчи сифатида унга расмийлаштириш мажбуриятини олгани ва уни тўлиқ бажариши лозимлигини билдирди. Қарши даъво талаби дастлабки даъвони инкор қилиши ва рад қилишга асос бўлишини маълум қилди.
Шу муносабат билан Б. Салимов суддан жавобгар “TMS” масъулияти чекланган жамияти тугатиш бошқарувчиси Т. Турсунов ва таъсисчилар зиммасига Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, “Бешёғоч” мавзесидаги хонадонни кредит мажбуриятлари билан бирга ўзининг номига мулк ҳуқуқи асосида расмийлаштириш мажбуриятини юклашни сўради.
Суд иш ҳужжатларини муҳокама қилган ҳолда қуйидаги хулосага келди.
Аниқланишича, баҳсли хонадон, Миробод тумани хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуси томонидан расмийлаштирилган 2022 йилдаги олди-сотди шартномасига асосан, даъвогар “TMS” масъулияти чекланган жамиятига тегишли бўлиб, мулк давлат рўйхатидан ўтказилган. 2022 йил 28 сентябрда банк ва масъулияти чекланган жамият ўртасида кредит шартномаси тузилиб, кредит шартларига кўра, банк қарздорга 8 йил муддатга 60 000 доллар миқдорида кредит ажратган.
Мазкур хонадон 832 500 000 сўмга баҳоланиб, тасарруф этиш ҳуқуқисиз, фақат фойдаланиш ҳуқуқи асосида мулкдорнинг ихтиёрида қолдирилган ҳолда гаровга қўйилган. Шунингдек, ушбу кредитнинг қўшимча таъминоти сифатида 2023 йил 23 июнда банк, қарздор “TMS” масъулияти чекланган жамияти ва кафил Б. Салимов ўртасида 55 600 доллар миқдорида кафиллик шартномаси тузилган.
Шундан сўнг даъвогар “TMS” масъулияти чекланган жамиятнинг собиқ таъсисчилари жавобгар Б. Салимовга жамиятга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ва банкка гаровга қўйилган ушбу хонадонни кейинчалик расмийлаштириб бериш шарти билан 40 000 долларга сотган.
Бу пул олингани, суд жараёнлари тугаб, корхонага қўйилган тақиқ ечилгач, ушбу уйни расмийлаштириб бериш ва улар ўртасида 10 000 доллар қарздорлик қолгани ҳақида тилхат ёзиб берилган. Собиқ таъсисчининг 2023 йил 8 июлда ёзилган тилхатида кредит маблағлари эвазига сотиб олинган уйни ўз розилиги билан Б. Салимовга сотиб, эвазига 40 000 доллар олингани, уйнинг кредитини ўзи тўлаши ва тўлиқ тўлов амалга оширилгач, унинг номига ўтказилиши кўрсатилган.
Жамият фаолият юритмагани ва тўловга қобилиятсиз ҳолатига келиб, солиқ ва мажбурий тўловлардан қарздорлиги бўлгани сабабли, суднинг 2025 йил 20 августдаги ҳал қилув қарорига асосан “TMS” масъулияти чекланган жамият тўловга қобилиятсиз (банкрот) деб топилган ва унга нисбатан тугатишга доир иш юритиш белгиланган. Жамиятни тугатиш бошқарувчиси этиб Т. Турсунов тасдиқланган.
Маълумки, “Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида”ги қонуннинг 43-моддасига асосан, жамият иштирокчилари умумий овозлари сонининг йигирма ва ундан ортиқ фоизига эга бўлган жамият иштирокчисининг манфаатдорлиги бўлган битимлар жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг розилигисиз жамият томонидан тузилиши мумкин эмас.
Мазкур қонуннинг 44-моддасига мувофиқ, жамиятнинг кузатув кенгаши тузилган тақдирда, қиймати жамият мол-мулки қийматининг йигирма бешдан то эллик фоизигачасини ташкил этадиган мол-мулкни олиш, тасарруфдан чиқариш ёки жамият бевосита ёхуд билвосита тасарруфидан чиқариши эҳтимоли билан боғлиқ бўлган йирик битимларни тузиш тўғрисидаги қарорларни қабул қилиш жамиятнинг уставига биноан жамият кузатув кенгашининг ваколатига киритилиши мумкин.
Бунда кузатув кенгашининг айби билан йирик битим тузилиши натижасида етказилган зарар учун жамиятнинг кузатув кенгаши умумий йиғилиш олдида жавобгар бўлади. Ушбу моддада назарда тутилган талаблар бузилган ҳолда тузилган йирик битим жамиятнинг ёки унинг иштирокчисининг даъвосига биноан суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин.
Шунингдек, “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонуннинг 144-моддасига кўра, қарздорнинг мол-мулкини ўз тасарруфига қабул қилиши, уни инвентаризация қилиши ва баҳолашдан ўтказишни ташкил этиши, унинг бут сақланиши чораларини кўриши, қарздорнинг молиявий аҳволини таҳлил этиши, қарздор олдидаги қарзларни ундириш чораларини кўриши, қарздорнинг учинчи шахсларда турган мулкини қидиришга, аниқлашга ва қайтаришга қаратилган чораларни кўриши ва бошқа мажбуриятлар тугатиш бошқарувчисининг зиммасига юклатилган.
Уй-жой кодексининг 70-моддаси иккинчи қисмига асосан, турар жойдан кўчириш суд тартибида амалга оширилади. Қолаверса, Фуқаролик процессуал кодексининг 72-моддаси биринчи қисмига кўра, ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт.
Бироқ жамиятнинг собиқ таъсисчилари қонунчилик талабларига зид равишда, яъни кредит маблағлари ҳисобига сотиб олинган хонадонни гаровга қўйиб, уни кредит таъминоти сифатида нотариал тартибда расмийлаштиришган. Ипотека шартномаси тузилган. Тасарруф этилишига тақиқ қўйилганига қарамасдан, жамиятнинг устави талабларига риоя қилмаган ва жамият кузатув кенгашининг розилиги олинмаган ҳолда, оддий битим шаклида уйни жавобгар Б. Салимовга сотган.
Жавобгар бу хонадон сотувчиларга тегишли эмаслигини билган. Яъни мулкдор бўлмаган шахслар билан олди-сотди битими тузилаётганидан хабардор бўлганлиги ва уй учун пулларни ўз ихтиёри билан бергани ҳолатлари ишни кўриш жараёнида тарафларнинг кўрсатмалари, жавобгарларнинг шахсан тузилган тилхатлари ва тақдим қилинган далил ҳужжатлари билан ўз тасдиғини топди.
Суд даъвогар “TMS” масъулияти чекланган жамият тугатиш бошқарувчиси Т. Турсуновнинг даъво талабини муҳокама қилиш жараёнида жавобгарлар ноқонуний, жамият ваколатли органининг розилигисиз, рўйхатдан ўтмаган ҳолда жамиятга тегишли уйда яшагани ва уйдан чиқишдан бўйин товлаганини аниқлади.
Хонадондан жавобгарларнинг фойдаланишига жамиятнинг собиқ таъсисчиси рухсат берган. Уларнинг турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи мавжуд эмас. Жавобгар турар жойни таъмирлаш ва коммунал тўловларини қоплаганлиги ҳолати мулк ҳуқуқини вужудга келтирмаслигини, бундай ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганидан сўнг тўлиқ вужудга келишини, жавобгар мулк ҳуқуқига эга бўлмаган шахслар билан олди-сотди битимини тузиб, унинг ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармаслигини англаган ҳолда хонадондан фойдаланиб келган.
Суд бу ҳолатлар тарафларнинг суд жараёнида берган тушунтиришлари ва тақдим қилинган ҳужжатлар билан тасдиқланганини ҳисобга олган ҳолда, мулкдорнинг ҳуқуқлари устунлигига ҳуқуқий баҳо бериб, даъво талабини қаноатлантиришни, жавобгарларни Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, “Бешёғоч” мавзесидаги хонадондан мажбурий тартибда кўчиришни лозим топди.
Шунингдек, суд жавобгар Б. Салимовнинг қарши даъво талабини муҳокама қилиб, унда кўрсатилган қонун талаблари тарафлар ўртасида олди-сотди битими тузилганлиги, кредит тўловларини амалга оширганлиги, оила аъзолари билан ушбу хонадонда доимий яшаб, фойдаланаётгани ва коммунал тўловларни қоплагани, жамият томонидан эътирозлар бўлмагани ҳолатлари жамиятда низоли хонадонни мулк ҳуқуқи асосида расмийлаштириб бериш мажбуриятини вужудга келтириши ҳақидаги важлари билан келишмади.
Ўз навбатида, суд ишни кўриш жараёнида низоли хонадон жамиятнинг таъсисчилари томонидан жавобгарга оддий битим асосида олди-сотди қилингани, хонадонни капитал таъмирлашга ихтиёрий рухсат берилгани ҳолатлари суд жараёнида ўз тасдиғини топганлигига ҳуқуқий баҳо бериб, жавобгар Б. Салимовга оддий битим асосида тўланган 40 000 доллар, кредит учун тўланган пул маблағлари ва хонадонни капитал таъмирлашга сарфланган харажатларни ундириш масаласида тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда судга даъво аризаси билан умумий тартибда мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтиришни лозим топди.
Суд қарорига кўра, даъвогар “TMS” масъулияти чекланган жамиятининг тугатиш бошқарувчисининг жавобгар Б. Салимов ва оила аъзоларига нисбатан уй-жойдан мажбурий тартибда кўчириш ҳақидаги даъво аризаси қаноатлантирилди.
Хулоса қилиб айтганда, қонун доирасидан четга чиқиш ёки қонун талабларига амал қилмаслик ҳеч кимга манфаат келтирмайди. Демак, ҳар қандай ҳуқуқий муносабатларда, хусусан, ўзаро олди-берди жараёнларида бу ҳақиқатни эсда тутиш ва қонунийликка амал қилиш лозим.
Дилноза ШОМАТОВА,
фуқаролик ишлари бўйича
Шайхонтоҳур туманлараро
суди судьяси

