АФВ – АДОЛАТ ВА ИНСОНПАРВАРЛИК ИФОДАСИ

Афв этиш — бу инсонпарварлик, бағрикенглик, кечиримлилик орқали қонунийлик ва адолатни таъминлашдир. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2025 йил 7 декабрда имзоланган “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармон билан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган 615 нафар шахс афв этилгани улкан маънавий аҳамиятга эга воқеликдир.
Бу ҳақда сўз борганда, давлатимиз раҳбарининг судлар томонидан ҳукм қилинган маҳкумларни афв этиш тўғрисидаги фармонлари халқимизнинг инсонпарварлик, бағрикенглик, кечиримлилик каби ўзига хос қадриятларининг чин маънодаги юксак намунаси бўлаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Жойларда мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳиятига бағишлаб ўтказилаётган тадбирлар, аҳоли билан бевосита мулоқотларда оддий одамлар билдираётган миннатдорлик сўзлари бунинг яққол ифодасидир.
Маълумки, илгари ҳар йили юртимизда жиноят содир этган шахсларни кечиришнинг муҳим механизми ҳисобланган амнистия актлари қабул қилиб келинган.
Бироқ амнистияда аввал жиноятлар тоифаси белгиланиб, кейин эса, ана шу жиноятлар тоифасига тушадиган шахслар доираси аниқланган.
Бу эса, қилмишига пушаймон бўлмаган, етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахслар ҳам амнистия таъсирига тушишларига имкон берган ва жиноят содир этган шахсларда жазони ҳис этмаслик каби нотўғри фикрнинг шаклланишига, жабрланган шахсларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу жараёндаги ноҳақликларга барҳам бериш мақсадида мутлақо янгича ислоҳотга қўл урди. Яъни афв этиш ҳақидаги ҳужжатларни тайёрлаш ва тақдим қилиш бўйича махсус комиссия ҳамда ишчи гуруҳлар тузилди.
Кейинчалик афв этишни амалга ошириш бўйича конституциявий ваколатини рўёбга чиқариш механизмлари янада такомиллаштирилди.
Хусусан, 2018 йил 8 майда Президентимизнинг Фармони билан Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Унда афв этиш тўғрисидаги илтимосномани тақдим этиш, расмийлаштириш ва кўриб чиқиш, шунингдек, бу масалалар бўйича комиссия фаолиятини ташкил этиш тартиб-таомиллари белгилаб қўйилди.
Низомга мувофиқ, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар комиссия билан ўзаро ҳамкорликда бевосита жойларга чиқиб, ҳар бир маҳкум билан алоҳида суҳбатлашиб, уларнинг шахсини ўрганади. Шунингдек, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, етказилган зарарнинг қопланганлиги, маҳкумнинг ўз қилмишидан пушаймонлиги, унинг шахсини тавсифловчи ҳолатлар, ёши, соғлиғи, оилавий аҳволи, жабрланганлар, кенг жамоатчилик, маҳкумни яшаш жойи вакилларининг фикри ҳам эътиборга олинади.
Бу, ўз навбатида, ушбу механизмнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминламоқда. Ҳар бир шахснинг озодликдан маҳрум этилиши билан боғлиқ ҳолатларга алоҳида эътибор қаратилиб, унинг келгусида оила, маҳалла ва ҳудуддаги яшаш шароити ҳисобга олинмоқда.
Статистика маълумотларига кўра, 2017 йилдан буён 8 мингга яқин маҳкум афв этилган. Куни кеча эълон қилинган Фармон билан бу рўйхат янада ошди.
Янги Фармон асосида афв этилган шахсларнинг 220 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилган бўлса, 123 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди. Шунингдек, 97 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди, 175 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Афв этилганларнинг 9 нафарини чет эл фуқаролари, 29 нафарини аёллар, 23 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 264 нафарини ёшлар (шундан 2 нафари вояга етмаганлар) ҳамда 9 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этди.
Бу билан қанчадан-қанча адашган ва тузалиш йўлига ўтган шахслар оиласи бағрига қайтарилди. Уларга жамиятда ўз ўрни борлигини ҳис қилиш имконияти яратилмоқда.
Мухтасар айтганда, бугун юртимизда амалга оширилаётган қамровдор ислоҳотларнинг марказида инсон омили турибди. Бу ҳаётий ҳақиқатни Президентимизнинг “Инсон манфаатлари ва яна бир бор инсон манфаати ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди”, деган сўзлари ҳам тасдиқлайди.
Модомики, шиддатли ислоҳотларимиздан кўзланган асосий мақсад ҳам шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш ҳамда улар учун муносиб турмуш шароитларини яратишдан иборат экан, адашиб жиноят кўчасига кирган, айни пайтда қилмишига пушаймон бўлган ҳамюртларимизнинг тузалиш йўлига кириши, эркин ҳаётга қайтиши ва келгуси тақдирига барчамиз бирдек масъул эканлигимизни унутмаслигимиз даркор.
Шаҳзод Бахтиёров,
жиноят ишлари бўйича
Деҳқонобод тумани суди раиси
