ЯНГИ ПЛЕНУМ ҚАРОРИ КРЕДИТ МУНОСАБАТЛАРИНИ ТАРТИБГА СОЛИШГА ОИД ҚОНУНЛАРНИ ТЎҒРИ ВА БИР ХИЛДА ҚЎЛЛАНИЛИШИНИ ТАЪМИНЛАШГА ҚАРАТИЛГАН

Мамлакатимизда иқтисодий муносабатлар жадал ривожланаётган ҳозирги даврда фуқаролар ва юридик шахсларнинг тадбиркорлик фаолиятини юритиши учун кредит ташкилотлари, шу жумладан, банклардан қарз, яъни кредит олиш эҳтиёжи ортиб бормоқда. Айни жараёнда фуқаролар, юридик шахслар ва кредит ташкилотлари ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларини ҳам такомиллаштириш зарурати юзага келиши табиий ҳолдир.
Шу билан бирга, кейинги пайтларда кредит ташкилотлари, жумладан, банклар ўз хизматлари жозибадорлигини ошириш – фоизлар ставкасини камайтириш, кредитни қайтариш муддатлари бўйича имтиёзлар бериш каби йўналишлардаги фаолиятини ривожлантирмоқда. Бинобарин, банклар, айниқса, хусусий банклар ўртасида рақобат кучайиб бораётгани бежиз эмас.
Шу маънода сўнгги йилларда Фуқаролик кодекси, “Гаров тўғрисида”ги, “Ипотека тўғрисида”ги каби бир қатор қонун ҳужжатларига муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Бундан кўзланган асосий мақсад — фуқаролар банк кредитларидан фойдаланган ҳолда, ўзларининг моддий эҳтиёжларини қондириши, тадбиркорлик субъектларига эса, бизнесни ривожлантириши учун қулайлик яратишдир.
Ўрни келганда яна шуни айтиш жоизки, кредит муносабатларининг ривожланиши билан бирга, айрим ҳолларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан кредит маблағини ўз вақтида қайтармаслик, кредит шартномаси бажарилишининг таъминоти сифатида мулкни гаровга қўйиш ҳақидаги шартномаларни ҳақиқий эмас, деб топиш, уларни бекор қилиш, банклар томонидан эса, ундирув гаров мулкига қаратилиб, ушбу мулк қонунда белгиланган тартибда реализация қилинмаган тақдирда, уни ўз балансига олиш тўғрисидаги давлат ижрочисининг таклифига ўз вақтида жавоб бермаслик ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
Табиийки, бундай низоларни ўз вақтида ва қонуний ҳал этиш учун амалдаги қонун ҳужжатларини тўғри ва бир хилда қўллаш, суд амалиётини бирхиллаштириш талаб этилади.
Олий суд Пленумининг 2025 йил 24 ноябрдаги йиғилишида Олий суд ва Олий хўжалик суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги “Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласи кўриб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Маълумки, 2025 йил 22 апрелдаги қонун асосида Фуқаролик кодекси янги 746-1-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, кредитни муддатидан олдин суд тартибида ундиришда, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кредитор дастлаб қарзнинг белгиланган муддатда қайтарилмаган қисмини ундириш учун судга мурожаат қилади. Бунда агар қарз олувчи муддати ўтган қарзни тўлиқ тўламаган тақдирда, кредитор кредитнинг қолган барча суммасини муддатидан олдин қайтариш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли.
Фуқаролик кодексига киритилган ушбу ўзгартиш суд амалиётида турлича талқин қилинишининг олдини олиш мақсадида, Пленум қарорининг 4-банди қўшимча тушунтиришлар билан тўлдирилди. Унда, жумладан:
• судлар кредитнинг қолган қисмини муддатидан олдин қайтариш ҳақидаги даъволарни кўришда – шартнома шартларини ўрганишлари ва шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кредитор дастлаб қарзнинг белгиланган муддатда қайтарилмаган қисмини ундириш учун судга мурожаат қилган ёки қилмаганлигига аниқлик киритишлари;
• агар кредитор олдин қарзнинг белгиланган муддатда қайтарилмаган қисмини ундириш учун судга мурожаат қилмаганлиги аниқланса, судлар дастлаб фақатгина кредит қарзининг белгиланган муддатда қайтарилмаган қисмини ундириш масаласини муҳокама қилиши;
• даъвонинг муддати келмаган қарздорликни ундиришга оид қисмини эса, қаноатлантиришни рад этиши;
• қарз олувчи муддати ўтган қарзни тўлиқ тўламаганлиги асоси билан кредитор кредитнинг қолган барча суммасини муддатидан олдин қайтариш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилганда, даъво аризасига Мажбурий ижро бюросининг қарз олувчи томонидан муддати ўтган қарзни ундириш ҳақидаги суд ҳужжати бўйича “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 30-моддаси биринчи қисмида белгиланган икки ойлик муддат ичида тўлов тўлиқ ёки қисман амалга оширилмаганини тасдиқловчи маълумотномаси илова қилиниши лозимлиги ҳақида тушунтиришлар берилди.
Чунки суд амалиётида Фуқаролик кодексининг ушбу нормасини қўллашда, жумладан, кредитор қарз олувчи муддати ўтган қарзни тўлиқ тўламаганлиги асоси билан кредитнинг қолган барча суммасини муддатидан олдин қайтариш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилганда, олдинги – муддати келган қарздорликни ундириш ҳақидаги суд ҳужжатининг ижро этилганлиги ҳолатини аниқлаш масаласида турлича ёндашувлар мавжуд эди. Пленум қарорида берилган ушбу тушунтириш эса, бу борада юзага келаётган муаммоларнинг олдини олади.
Шунингдек, Пленум қарорининг 21-бандида берилган қуйидаги тушунтириш ҳам судлар учун муҳим ҳисобланади. Яъни Фуқаролик кодексининг 285-моддаси тўртинчи қисми ва “Гаров тўғрисида”ги қонуннинг 47-моддаси тўртинчи қисмига кўра, гаров нарсаси бўлган мол-мулк гаровга қўювчидан жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун қонунда белгиланган тартибда олиб қўйилганда, гаровга олувчида ўз талабларини ушбу мол-мулк ҳисобидан устувор тарзда қаноатлантириш ҳуқуқи сақлаб қолинади.
Гаровдаги мулкнинг бундай асосларга кўра, олиб қўйилиши кредитни муддатидан олдин қайтариш ҳақида талаб қўйишга асос бўлади.
“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 54-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ, гаровга қўйилган мол-мулк билан таъминланган мажбуриятларни ижро этишда ундирув ушбу мол-мулкка қаратилган тақдирда, гаровга қўйилган мол-мулк суд томонидан мажбурий тарзда баҳолашдан ўтказилади. Ушбу кимошди савдосидаги бошланғич реализация қилиш нархи суд қарори билан баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда аниқланган миқдорда белгиланади.
Айни норма ҳам 2025 йил 22 апрелдаги қонун билан киритилган бўлиб, суд амалиётида турлича талқинларга сабаб бўлаётган эди. Аниқроғи, айримлар қонуннинг ушбу нормаси ундирувни гаровга қаратиш тўғрисидаги, хусусан, қонун қабул қилинишидан олдин қабул қилинган, қонуний кучда бўлган барча суд ҳужжатларига, шу жумладан, Мажбурий ижро бюросидаги суд ҳужжатларига нисбатан ҳам қўлланилиши, яъни ушбу суд ҳужжатларида кўрсатилган гаров мулклари ҳам суд томонидан мажбурий тарзда баҳоланиши лозим, дея фикр билдирди.
Бошқалар эса, ушбу норма фақатгина қонун кучга кирганидан кейин тақдим қилинадиган даъволар бўйича қўлланилади, деган тўхтамга келди.
Шу билан бирга, агар гаров мулкининг баҳоси бўйича тарафлар ўртасида низо мавжуд бўлмаса, уни баҳолатиш фақатгина ортиқча вақт сарфланиши ва харажатга олиб келиши ҳақида ҳам фикр билдирилди.
Шунинг учун Пленум қарори агар кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгунига қадар чиқарилган суд қарори устидан шикоят қилинмаган ва у белгиланган тартибда қонуний кучга кирган бўлса, мажбурий ижро ҳаракатлари қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши ва гаровдаги мол-мулк тижорат банки ва қарз олувчи ўртасида тузилган гаров (ипотека) тўғрисидаги шартномада кўрсатилган нарх бўйича реализация қилиниши, қарздорликни ундириш ва ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш тўғрисидаги ишларни кўриш пайтида гаровга қўйилган мол-мулкнинг бошланғич баҳоси юзасидан низо бўлганда, у ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра, суд томонидан мажбурий тарзда баҳоланиши ҳақида тушунтириш билан тўлдирилди.
Мухтасар айтганда, Пленум қарорига киритилган шу каби тушунтиришлар судлар, мутасадди ташкилотлар, банклар ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун муҳим ҳисобланади ва кўплаб тушунмовчиликларнинг олдини олади, деб ҳисоблаймиз. Бинобарин, бу билан айни соҳада бир хил суд амалиёти таъминланишига эришилади.
Бахтиёр САЙФУЛЛАЕВ,
Олий суд судьяси

