Click to listen highlighted text!

ЯНГИ ПЛЕНУМ ҚАРОРИ ҚОНУНЛАРНИ БИР ХИЛДА ТЎҒРИ ҚЎЛЛАШ ВА ЯГОНА СУД АМАЛИЁТИНИ ШАКЛЛАНТИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

photo_2026-01-13_22-44-14

Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг бош мақсадига айланган. Янги таҳрирдаги Конституциямизга кўра, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланади.

Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган еттита устувор йўналишнинг айнан биринчиси – инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этишга бағишланганида ҳам ўзига хос маъно бор. Ушбу қадриятлар миллий қонунчилик ва халқаро ҳужжатларда эътироф этилган.

Судларнинг энг муҳим вазифаларидан бири шахснинг ҳуқуқларини суд орқали самарали ҳимоя қилишни таъминлашдир. Шу билан бирга, ахборот технологиялари, ижтимоий тармоқлар ва аноним алоқа тармоқларининг шиддатли ривожланиши бу соҳада янги муаммоларни келтириб чиқармоқда, оқибатда суд ишлари янада мураккаблашиб, соҳа вакилларининг масъулияти тобора ошиб бормоқда.

Ушбу муаммонинг долзарблиги нафақат ҳуқуқий, балки номоддий неъматларни ҳимоя қилишнинг ижтимоий аҳамияти билан ҳам белгиланади. Бу тенденция содир бўлаётган воқеаларни илмий-амалий жиҳатдан чуқурроқ ўрганиш вазифасини олдимизга қўймоқда.

Статистик маълумотларга қараганда, судлар томонидан шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган ишлар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, 2025 йил 24 ноябрда қабул қилинган Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий неъматларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни қўллаш амалиёти ҳақида”ги қарори инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласига доир қонунчиликни судлар томонидан тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилгани муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу масалага бағишланган амалдаги Олий суд Пленум қарори 34 йил аввал – 1992 йил 19 декабрда қабул қилинган. Кейинги давр ислоҳотлари асносида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қатор қонун нормалари қабул қилинганлиги, айниқса, ижтимоий соҳада кенг кўламли ўзгаришлар рўй берганлиги боис, мазкур қарорни ҳам янги таҳрирда қабул қилиш зарурияти юзага келди.

Янги Пленум қарорида биринчи марта шахсий номулкий ҳуқуқлар объектларининг кенгайтирилган тушунчаси шакллантирилгани алоҳида аҳамиятга эга. Бу тушунча нафақат шахснинг шаъни, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини, балки шахсий ҳаёт дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сир, исмга бўлган ҳуқуқ, тасвирга бўлган ҳуқуқ ҳамда инсонга туғилганидан ёки қонунга кўра, тегишли бўлган бошқа номоддий неъматлар каби замонавий тоифаларни ҳам ўз ичига олган.

Хусусан, фуқаронинг шахсий номулкий ҳуқуқлари бузилиши мулкий оқибатларга олиб келишидан қатъи назар, суд орқали ҳимоя қилиниши лозим. Шу негизда Пленум қарорининг 2-бандида бундай шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий неъматлар тушунчаси ёритилиб, кейинги бандларида ҳар битта асос бўйича алоҳида тушунтиришлар берилмоқда.

Пленум қарорининг 4-бандида суд ҳимоясининг шакли ва усули бўйича тушунтиришлар берилмоқда. Суд ҳимоясининг шакли ва усули – бузилган ҳуқуқни тан олиш; бузилишдан олдинги ҳолатни тиклаш; кейинги ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни, жумладан, шахснинг розилигисиз ахборот, тасвирлар, шахсий маълумотлардан фойдаланишни, уларни тарқатишни тақиқлаш; ҳуқуқни бузувчи ахборотларни ўчириш, йўқ қилиш ёки блоклаш, моддий ва маънавий зарар учун товон ундириш ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа чоралардан иборат.

Қарорнинг 8-бандида судларнинг эътибори:

• ҳаёт ва соғлиққа бўлган ҳуқуқ Конституция, фуқаролик қонунчилиги, жиноий ва маъмурий қонунчилик, шунингдек, халқаро шартномалар билан ҳимояланадиган асосий ва мутлақ шахсий номулкий ҳуқуқлар сирасига кириши;

• бу ҳуқуқнинг бузилиши зўравонлик, ўз жонига қасд қилишга ундаш, тан жароҳати етказиш каби фаол ғайриқонуний ҳаракатлар шаклида ҳам, соғлиққа зарар етказилишига олиб келган ғайриқонуний ҳаракатсизлик, масалан, тиббий ёрдам кўрсатишни рад этиш шаклида ҳам намоён бўлиши мумкинлиги;

• мазкур ҳуқуқни ҳимоя қилиш моддий ва маънавий зарар учун жавобгарлик юклаш, аралашувнинг қонунга хилофлигини тан олиш, шунингдек, бузилган ҳуқуқни тиклашга қаратилган бошқа чораларни қўллаш орқали таъминланиши;

• бунда ҳаракатлар билан етказилган салбий оқибатлар ўртасидаги сабабий боғланиш бор-йўқлиги аниқланиши шартлигига қаратилган.

Шунингдек, хусусий ва оилавий сирга бўлган ҳуқуқ шахсий муносабатлар ҳақидаги махфий маълумотларни, жумладан, никоҳ, фарзандлар, фарзандликка олиш, тиббий ва фуқаро ҳаётининг шахсий соҳасини ташкил этувчи бошқа ҳолатлар тўғрисидаги ахборотларни ҳимоя қилишни ўз ичига олади. Бундай аралашувга фақат қонун асосида ёки шахснинг ихтиёрий равишда берган розилиги билангина йўл қўйилади.

Шу муносабат билан қарорнинг 10-бандида:

биринчидан, шахснинг розилигисиз ёки бундай розилик берилган мақсадлардан ташқари кўрсатилган маълумотларни ноқонуний йиғиш, тарқатиш, эълон қилиш ёки улардан фойдаланиш – ҳуқуқни бузиш деб тан олиниши;

иккинчидан, болалар ва оилавий муносабатлар ҳақидаги маълумотларнинг ошкор этилиши – шаън, қадр-қиммат, обрў ва бошқа шахсий ҳуқуқларга жиддий зарар етказиш деб баҳоланиши;

учинчидан, бундай маълумотлар алоҳида ҳимоя қилиниши лозимлиги ҳақида тушунтиришлар берилмоқда.

Пленум қарорида ахборот-коммуникация маконидаги қоидабузарликлар, хусусан, шахсий номулкий ҳуқуқларнинг ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар, платформалар ва блоглар орқали маълумотларни тарқатиш йўли билан бузилишига оид суд ҳимоясининг энг муҳим жиҳатлари қамраб олинган.

Қарорнинг 12-банди алоҳида эътиборга моликдир. Унда шахс қадр-қиммати ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги билан узвий боғлиқ бўлган энг муҳим шахсий номулкий ҳуқуқ сифатида тасвирга бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилишга замонавий ёндашув акс эттирилган.

Ушбу бандда қонунда тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳоллардан ташқари, инсон тасвиридан – у фотосурат, видео, рақамли модель ёки бошқа визуал кўриниш бўлишидан қатъи назар – фойдаланиш фақат ўша шахснинг розилиги билан амалга оширилиши мумкинлиги таъкидланади.

Айни пайтда суд ҳимояси шакллари изчил тарзда тушунтирилган бўлиб, улар ҳаракатларни қонунга хилоф деб топиш, тасвирларни ўчириш ёки блоклаш, улардан кейинчалик фойдаланишни ман этиш, шунингдек, моддий ва маънавий зарарни қоплашни ўз ичига олади.

Бундан ташқари қарорнинг 23, 24 ва 25-бандларида Фуқаролик кодексининг 163-моддасига асосан, шахсий номулкий ҳуқуқларни ва бошқа номоддий бойликларни ҳимоя қилиш ҳақидаги талабларга даъво муддати татбиқ қилинмаслиги, ушбу ҳуқуқларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги аризалар судларда кўрилиши ва судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар ҳақида тушунтиришлар берилмоқда.

Илгари мавжуд бўлган процессуал ёндашувлар ҳар доим ҳам фуқароларга ўз шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш имконини бермаган ва бу сир эмас. Айниқса, обрўсизлантирувчи маълумотлар аноним тарзда ёки интернет тармоқлари орқали тарқатилганда, аниқ қоидабузарни аниқлаш имконсиз бўлган ҳолларда, шунингдек, маълумот тарқатувчи шахс вафот этган ҳолларда бу масала янада мураккаблашган.

Пленум қарорида ахборотни тарқатган шахсни аниқлаш имкони бўлмаса, яъни ўша ахборот аноним хатлар шаклида тарқатилганда, Интернет тармоғида ёки бошқа ахборот-коммуникация тизимларида жойлаштирилганда, агар тарқатиш манбасини аниқлаш имконсиз бўлса, шунингдек, ахборот тарқатувчи шахс вафот этган ҳолларда ҳуқуқи бузилган шахснинг тарқатилган ахборот ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар эканлиги фактини аниқлаш ҳақидаги аризасига асосан, алоҳида иш юритиш тартибида ҳам кўриб чиқилишига йўл қўйилиши ҳақида тушунтиришлар берилган.

Ушбу тоифадаги ишларни кўришда ҳам Фуқаролик процессуал кодексининг 106-моддасида кўрсатилган даъвони таъминлаш чораларига йўл қўйилади. Шу муносабат билан қарорнинг 34-бандида:

• низоли маълумотларни ҳар қандай шаклда, шу жумладан, Интернет тармоғи ва бошқа ахборот тармоқлари орқали тарқатишни вақтинча тақиқлаш;

• даъвогарнинг ҳуқуқларини бузувчи маълумотларни ўз ичига олган веб-саҳифа, аккаунт ёки бошқа рақамли ресурсга киришни тўсиб қўйиш;

• шахсий маълумотларни қайта ишлаш, сақлаш ёки тарқатишни тўхтатиб туриш ёки бошқача тарзда чеклаш каби ҳолатлар даъвони таъминлаш чораларига кириши мумкинлиги ҳақида тушунтиришлар берилмоқда.

Мухтасар айтганда, бугунги кундаги долзарб масалага бағишланган ушбу Пленум қарорининг қабул қилиниши судлар фаолияти учун ўта муҳим.

Унда берилган тушунтиришлар нафақат судлар, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти самарадорлигини оширишга ва шаффофлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Гулнора Мирзаева,

Олий суд судьяси

#thegov_button_697e54372f48f { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_697e54372f48f:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_697e54372f48f { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_697e54372f48f:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!