Click to listen highlighted text!

ОЧИҚ ВА МУСТАҚИЛ СУД ТИЗИМИ САРИ: СУДЬЯЛАР ҲАМЖАМИЯТИ ОРГАНЛАРИДА ЯНГИ ИСЛОҲОТЛАР

photo_2025-12-16_10-07-20

Сўнгги йилларда давлат бошқаруви тизимида суд ҳокимиятининг нуфузини ошириш, унинг мустақиллигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини кучайтириш долзарб вазифалардан бирига айланди. Судьялар ҳамжамияти органларининг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш ушбу жараённинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

Бу борада Президентимиз томонидан 2025 йил 24 ноябрда имзоланган “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон алоҳида аҳамият касб этади. Фармонда айнан суд ҳокимияти тизимида туб ўзгаришларни амалга ошириш, судьялар ҳамжамияти органларининг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш, энг муҳими, суд мустақиллигининг чинакам кафолатларини яратишга қаратилган муҳим босқич доирасидаги ислоҳотлар белгилаб берилган.

Мазкур Фармон “Ўзбекистон – 2030” стратегиясидаги суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг устувор йўналишлари билан уйғун ҳолда ишлаб чиқилган. Бу ўринда судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятида судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини ва суд мустақиллигига оид илғор халқаро стандартлар кенг жорий этилишини таъминлаш, судьялар корпусини шакллантириш тартибини такомиллаштириш, ушбу жараёнда судьялар ҳамжамияти органлари ролини ошириш ва уларнинг масъулият доирасини аниқ белгилаш, судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш, судьяликка номзодларни танлашнинг шаффоф тартибини жорий этиш ҳамда суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш имкониятларини кенгайтириш каби аниқ мақсадлар ҳақида сўз бормоқда.

Фармонда белгиланган асосий мақсадлар суд ҳокимиятининг тўлақонли мустақиллигини таъминлаш, судьялар ҳамжамияти органларининг ролини кучайтириш ва суд тизимининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини замонавий талабларга мослаштиришга қаратилган. Шундан келиб чиқиб, судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятида судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойили устувор ўрин эгаллаши, судьяликка номзодларни танлаш ва тайинлашда очиқликнинг кучайтирилиши, судьялар корпусида сифат ўсишини таъминловчи механизмларнинг жорий қилиниши устувор вазифалар сифатида белгиланмоқда.

Хусусан, суд тизимида гендер тенглик тамойилларини мустаҳкамлаш орқали аёл судьялар улушини камида 30 фоизга етказиш бўйича аниқ мақсад қўйилган. Шунинг ўзи ҳам юртимизда суд ҳокимиятининг замонавий демократик талаблар асосида ривожланаётганидан далолат беради.

Шунингдек, Фармонда суд мустақиллигига оид илғор халқаро стандартларни жорий этиш борасида бир қатор муҳим янгиликлар бор.

Жумладан, судьяларни навбатдаги ўн йиллик муддатга қайта тайинлаш амалиётидан воз кечилиб, дастлабки тайинлашни — беш йил муддатга, кейинги фаолиятни эса, муддатсиз давом эттириш тартибини жорий этиш судьялар мустақиллиги тамойилининг асосий элементларидан биридир.

Бу ёндашув судьяларни ҳар бир муддатда қайта баҳолаш босимидан холи этиб, улар фаолиятини ташқи омиллар таъсиридан ҳимоялашга хизмат қилади. Шунингдек, судья сифатида камида етти йил ишлаган мутахассисларнинг кенгаш судьялигига номзод сифатида тавсия қилиниши тизимга профессионал кадрлар кириб келишига замин яратади.

Бундан ташқари, Президент Фармони билан Судьялар олий кенгаши таркибини шакллантириш тартибининг янгиланиши ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Унга кўра, Олий суд, вилоят судлари ва туманлараро, туман, шаҳар судлари вакиллари аниқ квоталар асосида доимий фаолият юритувчи судьялар сифатида кенгашга киритилади.

Бу, ўз навбатида, судлар иерархиясининг барча бўғинларидан вакиллик бўлишини таъминлайди ва Кенгашнинг қарорларида адолатли, мувозанатли, тажрибага таянган ёндашувни кучайтиради. Кенгашнинг жамоатчилик асосида фаолият юритувчи аъзоларини фуқаролик жамияти институтлари ва академик доиралар томонидан тавсия қилиниши эса, давлат ва жамият ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шу билан бирга, Фармонда суд бошқарувида очиқликни оширишни замонавий технологиялар асосида амалга ошириш белгиланган. Хусусан, 2025 йил 15 декабрдан бошлаб, Кенгашнинг расмий веб-сайтида суд тизимида мавжуд бўш раҳбарлик ва юқори турувчи судьялик лавозимларига оид маълумотлар ҳамда уларни эгаллаш учун танловда иштирок этиш тартиби, суд тизимида судьялик лавозимлари, шу жумладан, раҳбарлик ва юқори турувчи судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ҳамда тайинлаш бўйича барча босқичларга оид маълумотлар эълон қилиб борилади.

Айни ёндашув суд тизимида “очиқ маълумотлар” тамойилини жорий этишга йўл очади. Бу нафақат жамоатчилик назоратини кучайтиради, балки номзодлар учун тенг шароит яратади.

Шунингдек, Кенгаш ахборот тизимини “рақамли ҳукумат” тизими билан тўлиқ интеграция қилиш, номзодларни ортиқча ҳужжатлар билан овора қилмаслик, сунъий интеллект асосида судьялар фаолияти самарадорлигини баҳолаш каби механизмлар жорий қилинмоқда.

Буларнинг барчаси суд бошқарувини тизимли трансформация қилишни англатади.

Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати – суд мустақиллигини кафолатлаш билан боғлиқ. Хусусан, адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарганлик учун жавобгарликни белгиловчи қонунчилик нормаларини суд мустақиллигига оид халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқиш, Кенгаш аъзоларининг суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш борасидаги фаолиятига аралашганлик учун жиноий жавобгарлик чораларини белгилаш юзасидан таҳлилий ишлар олиб борилиши суд ҳокимиятининг дахлсизлигини мустаҳкамлашга қаратилгандир.

Ўз навбатида, судья интизомий жавобгарлигини белгиловчи мезонларнинг аниқ белгиланиши, интизомий ишда ҳимоя ҳуқуқининг таъминланиши, интизомий жазо амал қилаётган даврда юқори лавозимга тавсия қилинмаслик каби ўзгаришлар суд тизимида ҳалоллик ва касбий этикани мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мухтасар айтганда, ушбу Фармон судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятини ривожлантиришга қаратилган тизимли, комплекс ва изчил ислоҳотларни ўз ичига олади. Ушбу ислоҳотлар суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш билан бирга, бутун суд тизимининг самарадорлиги ва очиқлигини, судьяларнинг касбий маҳоратини ошириш, замонавий рақамли бошқарув тизимини жорий этиш каби кўплаб устувор йўналишларни қамраб олади.

Суд ислоҳотларининг янги босқичини белгилаб берган ушбу ҳужжат жамиятда адолат тамойилларининг мустаҳкам ўрнатилишига, суд тизимига бўлган ишончнинг янада ортишига ва демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш жараёнларининг тезлашишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Бинобарин, Фармоннинг концептуал моҳияти – суд тизимини нафақат ташкилий-институционал жиҳатдан такомиллаштириш, балки уни жамиятга очиқ, профессионал, мустақил ва адолатли институт сифатида мустаҳкамлашдир.

Қаҳрамон МИРСАФОЕВ,

Тошкент шаҳар суди судьяси

 

#thegov_button_697e7104c348c { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_697e7104c348c:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_697e7104c348c { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_697e7104c348c:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!