Click to listen highlighted text!

СУД МУСТАҚИЛЛИГИ КАФОЛАТИНИ ЯНАДА КУЧАЙТИРИШ ВА СУДЛАР ФАОЛИЯТИ ОЧИҚЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ — ЯНГИ БОСҚИЧДА

photo_2025-12-02_17-53-49

Суд — одил судловнинг олий нуқтаси ва унинг ролини ошириш ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги қонуний жараёндир.

Зеро, айнан шундай ёндашув туфайли соҳадаги ишлар кўлами, миқёси ва самарадорлиги кейинги даврда ниҳоятда кенгайиб, янги босқичга кўтарилмоқда. Хусусан, суд тизимини либераллаштириш ва унинг мустақиллигини таъминлаш бўйича муҳим чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Маълумки, судья мустақил бўлса, қонунга сўзсиз бўйсунса, масъулиятни чуқур ҳис қилса, беғараз ва холис бўлса, жамиятда адолат ўрнатилади.

Кейинги йилларда суд тизимида етарли билим ва ҳаётий тажрибага эга бўлган муносиб кадрларни танлаш ва лавозимга тайинлашда ҳамда судьялар фаолиятини холис баҳолаш жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада оширишга эришилгани сир эмас.

Мамлакатимизда судьялар ҳамжамияти органларининг ролини тубдан ошириш, очиқ ва шаффоф тартиб-таомиллар асосида суд органларини малакали кадрлар билан тўлдириш, аҳолининг суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқини самарали таъминлаш, суд мустақиллиги кафолатларини кучайтириш мақсадида, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, Президентимиз томонидан 2025 йил 24 ноябрда имзоланган “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон, шубҳасиз, бу борада олиб борилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқади.

Жумладан, Фармон билан:

– судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятида судья­ларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини ва суд мустақиллигига оид илғор халқаро стандартлар кенг жорий этилишини таъминлаш;

– судьялар корпусини шакллантириш тартибини такомиллаштириш, ушбу жараёнда судьялар ҳамжамияти органлари ролини ошириш ва уларнинг масъулият доирасини аниқ белгилаш;

– судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш, судьяликка номзодларни танлашнинг шаффоф тартибини жорий этиш;

– суд тизимида аёл судьялар улушини камида 30 фоизга етказиш орқали тизимда гендер тенгликни таъминлаш – суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлигини оширишнинг устувор мақсадлари этиб белгиланди.

Фармонга кўра, қонунчиликка судьянинг алмаштирилмаслигига оид тамойил киритилиб, судьяларни навбатдаги ўн йиллик муддатга тайинлаш (сайлаш) тартиби бекор қилинади ва судьялик лавозимларига номзодларни дастлаб беш йил муддатга, кейинчалик муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш) тартиби белгиланади, туманлараро, туман, шаҳар судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари лавозимларига номзодларни аниқ мезонларга кўра, судьялар орасида очиқ танлов асосида танлаш тартиби ўрнатилади, судьянинг касбий фаолиятини баҳолашда “ҳалоллик”, “касбий лаёқатлилик” ва “одоб қоидаларига риоя этиш” талабларининг аниқ мезонлари қонун даражасида белгиланади.

Бундан ташқари Судьялар олий кенгашининг доимий асосда фаолият юритувчи судьялари лавозимига номзодлар тегишли суд судьялари малака ҳайъатлари томонидан тавсия этилиши, бунда Кенгашнинг доимий асосда фаолият юритувчи судьялари лавозимига, қоида тариқасида, судья сифатида камида 7 йил ишлаган судьялар номзоди кўрсатилиши ҳам судьянинг мустақиллиги учун жуда муҳимдир.

Шунингдек, Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятида очиқлик даражасини ошириш ва суд бошқарувини такомиллаштириш мақсадида, Судьялар олий кенгашининг расмий веб-сайтида суд тизимида мавжуд бўш раҳбарлик ва юқори турувчи судьялик лавозимларига оид маълумотлар ҳамда уларни эгаллаш учун танловда иштирок этиш тартиби, суд тизимида судьялик лавозимлари, шу жумладан, раҳбарлик ва юқори турувчи судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ҳамда тайинлаш бўйича барча босқичларга оид маълумотларни очиқ эълон қилиб бориш амалиёти жорий этилади.

Фармон билан Судьялар олий кенгаши фаолиятига замонавий рақамли технологиялар жорий этилади, судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва ўрганиш жараёни рақамлаштирилади, бунда судьялик лавозимларига номзодлардан ортиқча маълумотлар талаб этилишига чек қўйиш мақсадида, “Рақамли ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси Кенгашнинг ахборот тизими билан тўлиқ интеграция қилинади. Шунингдек, судьялар фаолияти самарадорлигини баҳолашда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш йўлга қўйилади, судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича судьянинг касбига муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастур такомиллаштирилади.

Суд мустақиллиги кафолатларини кучайтириш мақсадида, адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарганлик учун жавобгарликни белгиловчи қонунчилик нормалари суд мустақиллигига оид халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқилади, Кенгаш аъзоларининг суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш борасидаги фаолиятига аралашганлик учун жиноий жавобгарлик чоралари ҳамда судьялар ва суд ходимлари куни белгиланади.

Судьяга нисбатан интизомий ишни кўриб чиқишда унинг ҳимояга бўлган ҳуқуқини тақдим этиш, қуйи судьялик лавозимига ўтказиш интизомий жазо чорасини жорий этиш, интизомий жазо амалда бўлган вақтда юқори судьялик лавозимига тавсия этилмаслик, судьяни интизомий жавобгарликка тортиш асосларининг мезонлари белгиланиши эса, судья мустақиллиги ва жавобгарлиги ўртасидаги мувозанатни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади ва бу тизимнинг шаффоф ва адолатли бўлишига эришилади.

Зеро, судья нафақат муайян суд ишини ҳал қилиш ваколатига эга бўлган мутлақ ҳуқуқли процессуал шахс, балки у, аввало, жамиятдаги энг обрўли инсондир. Айнан судьянинг маданияти, илм-маърифати орқали одил судловга ҳурмат, Конституция ва қонунлар устуворлиги ҳамда адолатга ишонч шаклланади.

Чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ва адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқалигина халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, суддан, пировардида эса, давлатдан рози бўлишига эришиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш, қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш мумкинлиги сир эмас.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Фармонда белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши моҳият-эътибори билан судлар мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, одил судлов самарадорлигини янада ошириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини амалда тўлиқ ҳимоя қилишга, бир сўз билан айтганда, мамлакатда ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Шаҳзод Бахтиёров,

жиноят ишлари бўйича

Деҳқонобод тумани суди раиси

 

#thegov_button_693ce41aea267 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_693ce41aea267:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_693ce41aea267 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_693ce41aea267:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!