Click to listen highlighted text!

ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ МАЖЛИСИ

photo_2025-11-24_12-30-43

Бугун Олий суд Пленуми мажлиси бўлиб ўтди. 

Олий суд раиси Б. Исломов раислик қилган йиғилишда Олий суд ва қуйи судларнинг судьялари, Бош прокурор, Конституциявий суд, Судьялар ассоциацияси ва Адвокатлар палатаси раислари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакиллари, Судьялар олий кенгаши, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар иштирок этди.

Йиғилишда Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий неъматларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни қўллаш амалиёти ҳақида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ва айримларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.

Олий суд Пленумининг бугун қабул қилинган “Судлар томонидан шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий неъматларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни қўллаш амалиёти ҳақида”ги Қарори инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласига доир қонунчиликни судлар томонидан тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди. Ушбу масалага бағишланган амалдаги Олий суд Пленумининг қарори 33 йил аввал, яъни 1992 йил 19 декабрда қабул қилинган бўлиб, охирги ислоҳотлар давридаинсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қатор қонун нормалари қабул қилинганлиги, айниқса, ижтимоий соҳада кенг кўламли ўзгаришлар рўй берганлиги боис, мазкур Пленум қарорини ҳам қайтадан кўриб чиққан ҳолда унинг янги таҳририни қабул қилиш заруриятини юзага келтирди.

Янги Пленум қарорида шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳуқуқлари, шахснинг номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий неъматларини ҳам ҳимоя қилиш юзасидан тушунтиришлар берилган.

Хусусан, фуқаронинг шахсий номулкий ҳуқуқларининг бузилиши мулкий оқибатларга олиб келишидан қатъи назар, суд орқали ҳимоя қилиниши лозимлигидан келиб чиқиб, Пленум қарорида бундай шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий неъматлар тушунчаси ёритилиб, ҳар битта асос бўйича кейинги бандларида алоҳида тушунтиришлар берилди.

Суд ҳимоясининг шакли ва усули – бузилган ҳуқуқни тан олиш; бузилишдан олдинги ҳолатни тиклаш; кейинги ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни, жумладан шахснинг розилигисиз ахборот, тасвирлар, шахсий маълумотлардан фойдаланиш, уларни тарқатишни тақиқлаш; ҳуқуқни бузувчи ахборотларни ўчириш, йўқ қилиш ёки блоклаш, моддий ва маънавий зарар учун товон ундириш ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа чоралардан иборат эканлиги ҳақида тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, хаёт ва соғлиққа бўлган ҳуқуқ Конституция, фуқаролик, жиноий ва маъмурий қонунчилиги, шунингдек, халқаро шартномалар билан ҳимояланадиган асосий ва мутлақ шахсий номулкий ҳуқуқлар сирасига кириши, бу ҳуқуқнинг бузилиши фаол ғайриқонуний ҳаракатлар (зўравонлик, ўз жонига қасд қилишга ундаш, тан жароҳати етказиш) шаклида ҳам, соғлиққа зарар етказилишига олиб келган ғайриқонуний ҳаракатсизлик (масалан, тиббий ёрдам кўрсатишни рад этиш) шаклида ҳам намоён бўлиши мумкинлиги, мазкур ҳуқуқни ҳимоя қилиш моддий ва маънавий зарар учун жавобгарлик юклаш, аралашувнинг қонунга хилофлигини тан олиш, шунингдек бузилган ҳуқуқни тиклашга қаратилган бошқа чораларни қўллаш орқали таъминланиши мумкинлиги, бунда ҳаракатлар билан етказилган салбий оқибатлар ўртасидаги сабабий боғланиш бор-йўқлиги аниқланиши шартлигига судларнинг эътибори қаратилди.

Айтиш жоизки, хусусий ва оилавий сирга бўлган ҳуқуқ шахсий муносабатлар ҳақидаги махфий маълумотларни, жумладан никоҳ, фарзандлар, фарзандликка олиш, тиббий ва фуқаро ҳаётининг шахсий соҳасини ташкил этувчи бошқа ҳолатлар тўғрисидаги ахборотларни ҳимоя қилишни ўз ичига олиши, бундай аралашувга фақат қонун асосида ёки шахснинг ихтиёрий равишда берган розилиги билангина йўл қўйилади.

Шу муносабат билан қарорда шахснинг розилигисиз ёки бундай розилик берилган мақсадлардан ташқари кўрсатилган маълумотларни ноқонуний йиғиш, тарқатиш, эълон қилиш ёки улардан фойдаланиш ҳуқуқбузарлик ҳисобланиши, болалар ва оилавий муносабатлар ҳақидаги маълумотларни ошкор этилиши шаън, қадр-қиммат, обрў ва бошқа шахсий ҳуқуқларга жиддий зарар етказиш деб баҳоланиши ва бундай маълумотлар алоҳида ҳимоя қилиниши лозимлиги ҳақида тушунтиришлар берилди.

Бундан ташқари, шахсий номулкий ҳуқуқларни ва бошқа номоддий бойликларни ҳимоя қилиш ҳақидаги талабларга даъво муддати татбиқ қилинмаслиги, ушбу ҳуқуқларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги аризалар судларда кўрилиши ва судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар ҳақида тушунтиришлар берилди.

Низоли маълумотларни ҳар қандай шаклда (шу жумладан Интернет тармоғи ва бошқа ахборот каналлари орқали) тарқатишни вақтинча тақиқлаш; даъвогарнинг ҳуқуқларини бузувчи маълумотларни ўз ичига олган веб-саҳифа, аккаунт ёки бошқа рақамли ресурсга киришни тўсиб қўйиш; шахсий маълумотларни қайта ишлаш, сақлаш ёки тарқатишни тўхтатиб туриш ёки бошқача тарзда чеклаш каби ҳолатлар даъвони таъминлаш чораларига кириши мумкинлиги ҳақида тушунтиришлар берилди.

Судлар томонидан жиноят учун қонуний ва адолатли жазо тайинланиши одил судловни амалга оширишнинг муҳим кафолати ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида назарда тутилган шахсга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги ҳақидаги конституциявий норма судлар томонидан жазо тайинланишида асосий мезон бўлмоғи лозим.

Дарҳақиқат, адолатли жазо тайинланиши жиноят содир қилган шахсларни ахлоқан тузатиш, маҳкум ва бошқа шахслар томонидан янги жиноятлар содир этилишининг олдини олишга эришиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Ҳозирда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилиши суд амалиётида қонун нормалари тўғри қўлланилишини қайта таҳлил қилиш ва судларга керакли тушунтиришлар беришни тақозо қилади.

“Ўзбекистон 2030” стратегиясида озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш амалиётини 30 фоиздан 20 фоизга тушириш вазифаси қўйилган. Бу нафақат миқдорий кўрсаткич, балки жиноят учун жазо тайинлаш сиёсатидаги туб ўзгаришларни англатади.

Судлар томонидан жазо тайинлаш амалиётида юзага келаётган масалалар муносабати билан, шунингдек қонун нормаларини тўғри ва бир хилда қўлланишини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарор қабул қилинди.

Ушбу қарор суд амалиётини бирхиллаштиришга, жиноий жазо тизимининг замонавийлашишига, инсон ҳуқуқлари ҳамда жамият хавфсизлиги ўртасидаги мувозанатни самарали таъминлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон Ресубликаси Президенти томонидан қабул қилинган бир қатор фармон ва қарорлар асосида қонунчиликка жиддий ўзгартиришлар киритилди. Фуқаролик кодекси, Ер кодекси, суд ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига янги нормалар қўшилди. Бу эса, мавжуд Пленум қарорларини янги қонунчиликка мослаштиришни тақозо этади.

Олий суд Пленумининг “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ва айримларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қароридаги ўзгартиришлар уч асосий йўналишни қамраб олади: кредит муносабатлари ва гаров масалалари, суд ҳужжатларини ижро этиш тартиби ҳамда ерга оид ҳуқуқий муносабатлар. Ушбу соҳаларнинг ҳар бири иқтисодий ҳаёт ва фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Ушбу Пленум қарори мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган бўлиб, у судларга аниқ йўл-йўриқлар беради, қонунчиликка киритилган қўшимча ва ўзгартишларни инобатга олган ҳолда амалдаги Пленум қарорлари тушунтиришлари бойитилиши самараси ўлароқ қонунларни тўғри ва бир хилда қўллаш, ягона суд амалиётини шакллантиришга хизмат қилади.

Қабул қилинган қарорлардаги тушунтиришлар келгусида қонунчилик нормаларини тўғри ва бир хилда қўллашга хизмат қилиб, одил судловни амалга ошириш, қонуний ва адолатли қарорлар қабул қилиниши билан бир қаторда судлар томонидан қонун нормалари бир хилда талқин қилиниши ва ягона суд амалиётини яратишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Пленум қарорлари матнлари Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, “Ўзбекистон Республикаси Олий суди ахборотномаси” ва “Куч -адолатда” газетасида эълон қилинади.

 

#thegov_button_693a4ce11bfc4 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_693a4ce11bfc4:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_693a4ce11bfc4 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_693a4ce11bfc4:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!