Click to listen highlighted text!

ҚАРЗДОР ФАОЛИЯТИ ТИКЛАНДИ

photo_2026-01-13_23-07-06

Сўнгги йилларда юртимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, рақобатни оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётгани самараси ўлароқ иқтисодиётимиз янада мустаҳкамланиб, аҳоли даромади ортиб бормоқда.

Албатта, замонавий дунёда мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва барқарорлигини таъминлашда тадбиркорлик фаолияти ривожи ўта муҳим ўрин тутади.

Тадбиркорлик фаолияти эса, моҳиятан, таваккалчиликка асосланганлиги боис бизнес режа ва мақсадларни кўзланган муддат ва миқдорда амалга ошириш шартнома тарафларининг ўз мажбуриятларини ўз вақтида тўлиқ бажаришига, турли хил кўринишдаги форс-мажор ҳолатлар ва бошқа шу каби омилларга бевосита боғлиқдир.

Ҳатто тадбиркорлик субъекти фаолияти давомида турли хил қийинчиликларга дуч келиши, баъзан тўловга қобилиятсизлик ҳолатига ҳам тушиб қолиши мумкин.

Албатта, бундай вазиятда амалдаги қонунларимизда тадбиркорлик субъектини қўллаб-қувватлаш, унинг тўлов қобилиятини тиклашга қаратилган бир қатор қоидалар белгиланган. Жумладан, амалдаги “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонун айнан шундай ҳолатга тушиб қолган корхоналарга ўз фаолиятини қайта ташкил этиш ва тўлов қобилиятини тиклашга имкон бериш орқали иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, кредитор — Навоий вилоят солиқ бошқармаси иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, қарздор «Qizilqum agro klaster» хусусий корхонасини соддалаштирилган таомил бўйича тўловга қобилиятсиз деб топишни сўради.

Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг 2024 йил 22 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан қарздор корхона тўловга қобилиятсиз деб топилган ва тугатишга доир иш юритиш бошланган.

Айтиш керакки, тугатиш ишлари жараёнида қарздор корхонанинг молия-хўжалик фаолияти суд томонидан доимий равишда таҳлил қилиб борилиб, ўз фаолиятини қайта тиклаш учун зарур чора-тадбирлар амалга оширилди.

Бунинг натижасида қарздор бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалардан 42 716 829 сўм, давлат божидан 1 125 000 сўм, почта харажатидан 37 500 сўм кредиторлик қарзини тўлаб, тадбиркорлик фаолиятини давом эттириш истагини билдирди. Яъни қарздорнинг тўлов қобилияти тикланганлиги сабабли суд томонидан тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги иш юритишни тамомлаш ва қарздор фаолиятини тиклаш лозим деб топилган.

Бу, ўз навбатида, “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонун талабига қатъий риоя этилганининг амалдаги самарасидир.

Зеро, ушбу қонуннинг қабул қилиниши иқтисодий жиҳатдан танг аҳволга тушиб қолган тадбиркорлик субъектларини тугатиб юбориш эмас, балки уларни молиявий соғломлаштириш, шу билан бирга, соҳада вужудга келаётган янги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишда муҳим ўрин тутмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, ушбу қонун тўловга қобилиятсизлик ҳолатидаги корхоналарга нисбатан соғломлаштириш таомилларини қўллаш орқали уларнинг фаолиятини тиклаш ва мамлакатимизнинг халқаро рейтингларда тўловга қобилиятсизлик индикаторидаги ўрнини ошириш имконини бермоқда.

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро

иқтисодий суди раиси

#thegov_button_697eee4cec527 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_697eee4cec527:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_697eee4cec527 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_697eee4cec527:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!