ИНСОНПАРВАРЛИК ТАМОЙИЛИ СУД ҲУКМЛАРИНИНГ АСОСИНИ ТАШКИЛ ЭТАДИ

Бугунги кунда ҳар бир иш бўйича адолатни юзага чиқариш ва қонун устуворлигини таъминлаш судлар олдига қўйилган энг муҳим вазифадир. Зеро, Янги Ўзбекистон инсон қадри устувор бўлган давлатдир.
Судлар томонидан кейинги уч йилда 3 000 нафардан зиёд фуқарога оқлов ҳукми чиқарилгани ҳам инсон қадрини улуғлаш, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
Буни пойтахтимизнинг Юнусобод туманида яшовчи Сардор Роминов суд томонидан оқланиб, ҳуқуқлари ҳимоя қилингани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Шу ўринда бу ҳақида батафсил тўхталадиган бўлсак, тергов органи томонидан эълон қилинган айбловга кўра, 2022 йил декабрь ойи бошида Достон Тўлқинов С. Роминовдан 130 000 АҚШ доллари қарз бериб тура оладиган одам топиб беришини илтимос қилади. Бинобарин, С. Роминов уни анчагина бадавлат Олег Ни билан таништириб қўяди. Шундан сўнг 2022 йил 9 декабрь куни Олег Ни ва Д. Тўлқиновнинг қариндоши У. Каримов ўртасида 1 миллиард 841 миллион сўмлик қарз ва гаров шартномалари имзоланади. Аммо С. Роминов билан таниши Бахтиёр Юлдошев ушбу пулнинг 6 200 АҚШ долларини олиб қолишади. Оқибатда Д. Тўлқинов 69 миллион сўм зарар кўради.
Бундан ташқари С. Роминов 2023 йил 5 январь куни Владимир Лимдан Ю. Ибрагимовга қарзга 70 000 АҚШ доллари олиб беради. Бунинг учун эса В. Лим ва Ю. Ибрагимовнинг отаси Д. Ибрагимов ўртасида 1 миллиард 145 миллион сўмлик қарз ва гаров шартномалари нотариал тартибда тасдиқланади. Бироқ С. Роминов ушбу қарзнинг 10 000 АҚШ долларини ўзбошимчалик билан олиб қолади. Бу ҳаракати билан у қарздорга 112 миллион сўм зарар етказилишига сабабчи бўлади.
Орадан 4 ой ўтиб, Б. Жўраев ҳам унга бирор танишидан 130 000 АҚШ доллари миқдорида қарз олиб беришини илтимос қилади.
Ўз навбатида, С. Роминов Б. Жўраевни ҳам Олег Ни билан учраштиради.
Фақат бу гал Олег Ни қарз ва гаров эвазига эмас, балки мулк олди-сотди шартномаси асосида қарз беришини айтади. Албатта, чорасиз қолган Б. Жўраев бунга рози бўлади. Натижада 2023 йил 29 апрель куни ҳақдор ва бўлажак қарздорнинг таниши Б. Бузруков ўртасида 1 миллиард 700 миллион сўмлик олди-сотди шартномаси имзоланади. С. Роминов ва Бахтиёр Юлдошев эса, бу пулнинг 6 900 АҚШ долларини олиб қолишади.
Бунинг оқибатида Б. Жўраев 78 миллион 127 минг сўм зарар кўради.
Буни қарангки, 2023 йил май ойида Достон Тўлқинов яна С. Роминовнинг олдига илтимос билан келади. Бу сафар у 120 000 АҚШ доллари қарз бера оладиган шахсни топиб беришини сўрайди. Бинобарин, С. Роминов уни Юрий Ан билан таништириб қўяди. Бу танишувдан сўнг Юрий Ан билан Д. Тўлқиновнинг отаси Д. Каримов ўртасида 1 миллиард 632 миллион сўм миқдорида қарз ва гаров шартномалари нотариал тартибда расмийлаштирилади. Кейин эса, одатдагидек, С. Роминов ва Б. Юлдошев Юрий Ан берган пулдан 6 000 АҚШ долларини олиб қолишади. Тергов органи томонидан бу Д. Тўлқиновга етказилган 68 миллион 102 минг сўм зарар сифатида баҳоланган.
Айтиш керакки, тергов органи томонидан эълон қилинган айбловда фуқаро Гўзал Султонова билан боғлиқ ҳолат ҳам ўрин олган. Аниқроқ айтганда, бу аёл 2023 йил ноябрь ойида С. Роминовдан кимдандир 120 000 АҚШ доллари қарз олиб беришни илтимос қилади. Шундан сўнг С. Роминов уни Владимир Лим билан таништириб қўяди. Бироқ В. Лим худди Ю. Ибрагимов билан бўлгани сингари қарзни нотариал тартибда расмийлаштириб беришини айтади. Бинобарин, Владимир Лим ҳамда Г. Султонованинг қизи Ф. Абдулҳамидова ўртасида 1 миллиард 420 миллион сўмлик қарз ва гаров шартномалари тузилади. 2024 йил 27 январь куни эса, ушбу шартномаларга тузатиш киритилиб, қарз миқдорини 2 миллиард сўм деб тан олиш ҳақидаги келишув имзоланади. Албатта, С. Роминов бу маблағ ҳисобидан 5 400 АҚШ доллари олиб қолади. Оқибатда Г. Султоновага 65 миллион 327 минг сўм зарар етади.
Кейинчалик қарздорлар С. Роминовнинг ҳаракатларидан норози бўлиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилишади. Бинобарин, унга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари билан 3 та, 168-модда 4-қисми “а”, “в” бандлари билан 3 та, 168-модда 4-қисми “а”, “в” бандлари билан эса, 3 та жиноят иши қўзғатилади.
Аммо тергов органи С. Роминовга Жиноят кодексининг ушбу моддалари билан айб эълон қилиб, барвақт хулосага келган. Чунки суд мажлисида гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган Ю. Ан, В. Лим ва О. Ни С.Роминов билан жиноий тил бириктиришмагани ва у томонидан олиб қолинган пуллардан манфаатдор бўлишмаганини маълум қилишди.
Қолаверса, иш ҳужжатларида С. Роминовнинг бошқалар билан жиноий тил бириктирганини тасдиқловчи бирон-бир объектив далил мавжуд эмас.
Шунингдек, суд мажлисига қадар жабрланувчи Ю. Ибрагимов ва Б. Жўраев томонидан қарз, гаров ва олди-сотди шартномаси мажбуриятлари бажарилгани сабабли мол-мулклар гаровдан ечилган.
Олий суд Пленумининг “Иқтисодиёт соҳасидаги жиноий ишлар бўйича суд амалиётида юзага келган айрим масалалар тўғрисида”ги қарори 12-бандига мувофиқ, қонунга биноан товламачилик ўзганинг мулкини ёки мулкий ҳуқуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни тақозо қилишини судлар эътиборга олишлари керак. Шу билан бирга, қарздордан қарзни талаб қилиш Жиноят кодексининг 165-моддаси билан тавсифланиши мумкин эмас. Лекин айрим ҳолларда ўзбошимчалик тариқасида баҳоланиши лозим. Борди-ю, қарздор ва қарз берувчи ўртасида фоизлар тўлаш бўйича олдиндан келишув бўлмаса, берилган қарз учун фоиз талаб қилиш товламачилик жинояти таркибини ташкил қилади.
Аммо юқорида баён этилган ҳолатларда жабрланувчилардан қарз, гаров ва олди-сотди шартномаларида белгиланганидан ортиқ пул талаб қилинмаган.
Бундан ташқари Сардор Роминов ва Бахтиёр Юлдошев ҳақдорлар томонидан қарздорларга берилган пуллардан ўзбошимчалик билан 69 146 038 сўм, 112 034 100 сўм, 78 127 656 сўм, 68 102 880 сўм ҳамда 65 327 852 сўмни келгусидаги тўланмай қолиши мумкин бўлган фоизлар учун гаров тариқасида олиб қолишган.
Жиноят кодексининг 229-моддасида ўзбошимчалик, яъни ҳақиқий ёки фараз қилинган ҳуқуқларни ўзбошимчалик билан амалга ошириш фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилишига сабаб бўлгани учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Суд ҳукми чиқарилган кунда базавий ҳисоблаш миқдори 375 000 сўмни, кўп миқдор эса 112 миллион 500 минг сўмни ташкил этган. Бу ҳолат С. Роминов ва Б. Юлдошев томонидан жиноят содир этилганини инкор этади. Яъни уларнинг ҳаракатлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 200-моддаси билан малакаланиши лозим.
Қисқаси, суд юқорида баён этилган асосларга таяниб, Сардор Роминовни айбсиз деб топиб, оқлади. Бинобарин, унга нисбатан қўлланилган қамоқда сақлаш эҳтиёт чораси бекор қилиниб, суд залидан озод қилинди.
Қолаверса, оқланувчига ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиён оқибатларини бартараф этиш учун Жиноят процессуал кодексининг 304-312-моддалари тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.
Шунингдек, С. Роминовнинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 200-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлгани боис иш материаллари Тошкент шаҳар прокурорига юборилди.
Албатта, судлар фаолиятидан бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Шуни эътироф этиш лозимки, айбсизлиги исботланиб, оқланган фуқаролар ҳамда уларнинг яқинлари ҳақиқат эгилиши ёки букилиши, лекин синмаслигига, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг инсонпарварлигига ишонч ҳосил қилишяпти. Аслида, тизимдаги ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад ҳам шу.
Дилноза ҲОЛИҚНАЗАРОВА,
жиноят ишлари бўйича
Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси

