Click to listen highlighted text!

ФОЖИАГА УНДАГАН РАШК

photo_2025-12-02_16-39-44

Бундан уч йил муқаддам – 2022 йилнинг март ойида пойтахтимизда яшовчи Зарифа Эралиева (исм-шарифлар ўзгартирилган) “Нексия-3” русумли автомашинасида енгил йўл транспорт ҳодисасига учрайди. Оқибатда воқеа жойига етиб келган ИИБ йўл патрул хизмати ходимлари томонидан ҳужжатлар расмийлаштирилади.

Шундан сўнг автомашина устахонага олиб бориш учун эвакуаторга юкланади. Йўлда кетаётиб, З. Эралиева эвакуатор ҳайдовчиси Ихтиёр Исомов билан танишиб қолади ва ўзаро телефон рақамларини алмашишади.

Орадан бир неча кун ўтгач, З. Эралиева автомашинасини устахонадан олиб кетади. Аммо транспорт воситаси одатдагидан бошқачароқ ҳаракатланаётгани боис усталарнинг ишидан кўнгли тўлмайди.

Бинобарин, у И. Исомовга қўнғироқ қилади.

— Бу усталарнинг иши менга ёқмади. Яна бир талай эҳтиёт қисмлари сўрашяпти, — дейди норози овозда.

— Бошқа таниш усталарим бор, ўша ерга олиб борамиз, — дейди эвакуатор ҳайдовчиси.

И. Исомов ўша куннинг ўзида З. Эралиеванинг автомашинасини Мирзо Улуғбек туманида жойлашган автомобилларни таъмирлаш устахонасига олиб боради. Бу устахонада усталар автомашинани кўнгилдагидек таъмирлаб беришади. Бунинг учун З. Эралиева И. Исомовга ҳам миннатдорчилик билдиради.

Шундан сўнг З. Эралиева билан И. Исомов телефон орқали тез-тез гаплашиб туришади. Охир-оқибат эса уларнинг ўртасида яқин муносабат пайдо бўлади. З. Эралиева ёлғиз аёл эди.

Орадан беш-олти ой ўтгач, уларнинг ўзаро муносабатидан И. Исомовнинг рафиқаси К. Исомова хабар топади. Аниқроғи, у эрининг қадам олиши ўзгариб, уйга тун ярмида қайтадиган одат чиқаргани, баъзан турли хил баҳоналар билан умуман келмай қолишидан шубҳаланади. Бинобарин, К. Исомова яширинча эрининг уяли телефон аппаратини текшириб кўради.

Оқибатда ижтимоий тармоқнинг “Telegram” иловасида И. Исомовнинг З. Эралиева билан қаҳвахона ва ресторанларда бирга ўтиргани, шунингдек, уларнинг бир-бирига севги изҳор қилиб, кўнгилхушлик қилиб юришгани акс этган видеолар ва аёлнинг ахлоқсиз суратларига кўзи тушади. Табиийки, бундан К. Исомованинг фиғони фалакка чиқади ва қўллари титраб, З. Эралиевага қўнғироқ қилади.

— Эрим билан қачондан буён танишсиз, — дейди у дағдаға билан.

— Эринг менга керак эмас, — дейди З. Эралиева ўзини оқлаб. — Керак бўлса йиғиштириб ол.

— Сиз билан кўришиб, гап­лашиб олсак, бўладими? — сўрайди К. Исомова.

— Мен ҳозир йўлдаман, Самарқандга кетаяпман, — дея З. Эралиева учрашишни рад этади.

Аммо К. Исомова барибир ўзини босолмайди, у ўша заҳотиёқ эрини сўроққа тутади.

— Бўлмаган гап, — дея эри айбини тан олмайди. Ўз навбатида, у хотинига дўқ-пўписа қилади: – Сен нега рухсатсиз телефонимни титкиладинг? Ҳали шошмай тур, қўлингни синдираман…

Гап шундаки, ўша пайтда К. Исомова оғироёқ эди. Шунинг учун эрининг хиёнати, оиладаги машмашалардан асаби қаттиқ бузилиб, касалхонага тушиб қолади. Аммо И. Исомов Зарифа билан учрашишдан ўзини тиймайди. Бундан баттар эзилган К. Исомова яна З. Эралиевага қўнғироқ қилади.

— Аёл сифатида менинг аҳволимни, касал эканимни тушунинг, илтимос. Сиз эримни чақирмасангиз, қўлидан ҳеч нарса келмайди, — дейди йиғлаган кўйи.

Аммо ўзининг ҳою-ҳавасидан бошқа нарсани ўйламайдиган З. Эралиева унинг гапларига парво қилмади. Охир-оқибат К. Исомова аламдан ўзини қаерга қўйишни билмай З. Эралиевадан ўч олишни ўйлайди. Яъни у эрининг телефон рақами орқали “Instagram” ижтимоий тармоғида З. Эралиева номига янги профил очади. Сўнгра ушбу профил орқали аёлнинг ахлоқсиз суратларини тарқатиб юборади. Қарабсизки, кўп ўтмай З. Эралиеванинг суратлари “Instagram” фойдаланувчилари ўртасида жиддий муҳокамага айланади.

Аммо З. Эралиева негадир аввалига бу ҳақда ҳеч кимга ҳеч нарса демайди. Фақат кейинчалик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилади. Бинобарин, ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилади.

Суд-лингвистика экспертизаси хулосасига кўра, К. Исомованинг ҳаракатлари инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳолат эканлиги тасдиқланади. Шу боис жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди К. Исомовани Жиноят кодексининг 141-3-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топди.

Таъкидлаш керакки, бу қилмиш ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят ҳисобланади. Жиноят кодексининг 64-моддасига кўра, бу тоифадаги жиноят содир этилган кундан бошлаб, икки йил ўтган бўлса, шахс жавобгарликдан озод этилади. К. Исомова З. Эралиеванинг суратларини 2023 йил 30 сентябрь куни ижтимоий тармоқда тарқатган. Шундан келиб чиққан ҳолда суд К. Исомовани айбдор деб топиш баробарида кодекснинг юқоридаги моддаси асосида жазодан озод қилди.

Албатта, жазодан озод қилингани судланувчига қилмишидан тегишли хулоса чиқариб олиши учун берилган бир имкониятдир.

Аммо И. Исомов ва З. Эралиеванинг хатти-ҳаракатини мутлақо оқлаб бўлмайди. Айниқса, И. Исомовнинг хиёнат кўчасига қадам босгани оиласига нисбатан масъулиятни ҳис этмаслиги, ахлоқий мезонларни кўр-кўрона топташини кўрсатади.

Ҳолбуки, оила — муқаддас даргоҳ. Оиланинг устуни — эр ва хотин аввало намунали одоб-ахлоқи, масъулият ва жавобгарликни чуқур ҳис этиши билан фарзандларга ибрат бўлиши лозим.

Баҳромжон БЕРДИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек тумани

суди судьяси

 

#thegov_button_693645d9ef3ed { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_693645d9ef3ed:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_693645d9ef3ed { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_693645d9ef3ed:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!