МАККОР АЁЛНИНГ ҲИЙЛАСИ

Халқимизнинг шарқона табиатида ҳаётда қийналган одамга ёрдам қўлини чўзиш, беминнат мурувват кўрсатиб, оёққа туриб олишига кўмаклашишдек эзгу ва хайрли амаллар азалдан мавжуд.
Бироқ ўзини меҳр-оқибатли, саховатли, савобталаб қилиб кўрсатиб, содда одамларнинг ишончига кирадиган, сўнгра ана шу ишончни суиистеъмол қилиб, унинг ортидан пул ишлаб олишга уринадиган кимсалар ҳам йўқ эмас.
Сорахон (исм-шарифлар ўзгартирилди) қўлида тайин ҳунари йўқ, шу сабабли муқим бир ишда ишламайди, кекса ота-онаси билан яшаса-да, уларга оғири тушмаслиги учун одамларнинг майда-чуйда ишларини қилиб, оз-моз пул топади. Ўтган йил 16 май куни тасодифан Мавжуда Тешаева исмли аёл билан танишиб қолади. Бунга М. Тешаеванинг худди эски қадрдонлардек меҳрибонларча сўрашгани, оилавий шароити билан қизиққани сабаб бўлганди.
Ҳаётда бироз бўлса-да, қийналган содда қиз меҳрибон аёлни тақдир кутилмаганда ўзига рўбарў қилганидан қувониб кетади. Чунки М. Тешаева Самарқанд шаҳар, Қорасув масканидаги кўп қаватли уйлардан бирида хонадони борлиги, ўзи билан бирга яшаб, ҳар куни ишга чиқиб келиши мумкинлигини айтганди.
Шу куни Сорахон М. Тешаеванинг уйида тунайди. Кечқурун иккаласи бирга овқатланишади. М. Тешаеванинг уйқу олдидан худди ўз уйидек эмин-эркин, тортинмай яшаши мумкинлиги ҳақидаги гапларини Сорахон такрор эсларкан, хонадон эгасига нисбатан меҳри тобора ошиб бораётганди.
Эртаси куни эрталаб нонуштадан сўнг Сорахон М. Тешаевадан уйидан кийим-кечакларини олиб келиш учун такси чақириб беришини сўрайди.
Кўп ўтмай М. Тешаева такси келганлигини айтгач, улар бирга кўп қаватли уйнинг ҳовлисига тушишади. “Матиз” русумли автомашина экан.
Автомашина эгаси М. Тешаеванинг таниши бўлса керак, улар “Матиз”нинг салонида ўтириб, нималарнидир узоқ гаплашишади.
Кейин М. Тешаева автомашинадан тушади ва “таксига ўтиринг, сизни уйингизга олиб бориб, олиб келади” дейди. Аммо автомашина ҳали ҳаракатланмасидан кутилмаган воқеа рўй беради, М. Тешаевани ички ишлар ходимлари ушлайди. Тинтув чоғида унинг ёнидан 2 миллион сўм чиқади. Сорахон кейинчалик билса, М. Тешаева уни 2 миллион сўм эвазига “Темур” исмли кимсага саунада ишлатиш ва жирканч иш билан шуғулланиши учун сотган экан…
Шу ўринда ушбу жиноий ҳодиса тафсилотлари баёнини кейинга қолдириб, одам савдоси жинояти ва унга қарши курашиш борасидаги халқаро ҳамда мамлакатимизда амалда бўлган ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, бу борада олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар хусусида бироз фикр юритсак.
Маълумки, одам савдоси жинояти дунё миқёсида глобал муаммо сифатида кенг жамоатчиликни ташвишлантирмоқда. Жиноятчиликнинг ушбу мудҳиш турига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қатор тавсиявий ҳамда бажарилиши мажбурий ҳужжатлари қабул қилинган.
Мисол учун БМТнинг 1949 йилги ”Одам савдосига ва учинчи шахслар томонидан танфурушликдан фойдаланишга қарши кураш тўғрисида”, 1956 йилда қабул қилинган ”Қуллик ва қул савдосини, қулликка ўхшаш институтлар ва одатларни бекор қилиш тўғрисида”ги қўшимча Конвенциялари, шунингдек, 2000 йилда расмийлаштирилган “Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш ҳақида”ги Конвенцияни тўлдирувчи “Одамлар, айниқса, аёллар ва болалар савдосини тўхтатиш, олдини олиш ва унинг учун жазо тўғрисида”ги баённомани кўрсатиш мумкин.
Мамлакатимиз миллий қонунчилигида одам савдоси, шу каби мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Энг асосийси, бу борада мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди. Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Буни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларига киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалардан ҳам билиб олиш мумкин.
Айниқса, 2020 йил 17 августда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилинганлиги муҳим воқеа сифатида эътироф этилди. Янги таҳрирдаги қонунда одам савдосига қарши курашиш бўйича муҳим тамойиллар билан биргаликда, асосий тушунчаларга аниқ таъриф берилганки, бу одам савдоси билан шуғулланувчиларни жиноий таъқиб этиш, шу каби жабрланувчиларнинг манфаатларини мустаҳкам ҳимоялашда ҳуқуқий асос вазифасини ўтамоқда.
Энди юқоридаги воқеа тафсилотларига қайтадиган бўлсак, судланувчи М. Тешаева кўчадан уйига бошлаб келган С. Мамаражабовани одам савдоси, яъни одамни ундан фойдаланиш мақсадида топшириш орқали сотиб, бойлик орттиришни мақсад қилган. Хўш, ўзини сахий, ҳожатбарор, савобталаб қилиб кўрсатган бу аёл аслида ким ўзи?
Очиғини айтганда, “қаҳрамонимиз”нинг турмуши биров ҳавас қиладиган эмас. Оиласидан ажрашган, 2 нафар вояга етмаган фарзанди бор, якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланган, муқаддам судланмаган.
Самарқанд вилоят ИИБ эксперт криминалистика бўлимининг 2025 йил 26 майдаги судга оид кимёвий экспертиза хулосаси М. Тешаевани айбдор эканлигини очиқлаганки, бу ҳақда ўқувчининг қимматли вақтини олишга ҳожат йўқ кўринади.
Судда сўроқ қилинган судланувчи айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. С. Мамаражабова билан танишгач, унга раҳми келиб, ўзи яшаб турган Самарқанд шаҳридаги хонадонга олиб келган. Шу куни унга олдиндан таниш бўлган саунада ишловчи “Темур” қўнғироқ қилиб, қиз кераклигини айтган. Шунда Сорахондан “СПА” салонида ишлашга розилигини сўраб, сўнг “Темур”га қўнғироқ қилган ва 2 миллион сўм эвазига уни топширишини билдирган.
Суд тергов органи томонидан судланувчи М. Тешаевага Жиноят кодексининг 135-моддаси 1-қисми билан қўйилган айбловни муҳокама қилди. Иш ҳужжатларидан ва суд муҳокамасида судланувчининг жиноий қилмиши тўлиқ исботини топди.
Бир қарашда, М. Тешаеванинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми “к” бандида назарда тутилган фоҳишалик билан шуғулланишга жалб этиш мақсадида одам савдоси жиноятини содир этишда ифодаланган жиноят аломатлари бордек кўринади. Аммо ушбу банд, яъни Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисмига 2025 йил 19 майдаги 1065-сонли қонун билан ўзгартиш киритилган. Бу жиноий қилмиш эса, ушбу қонун қабул қилинишидан илгари, яъни 2025 йил 17 май куни содир этилган. Ана шу сабабга кўра, суд тергов органи томонидан унинг ҳаракатлари жиноят содир этилган вақтда амалда бўлган қонун, яъни Жиноят кодексининг 135-моддаси 1-қисми билан тўғри квалификация қилинган деб ҳисоблади.
Суд судланувчига нисбатан жазо тури ва меъёрини белгилашда Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарори раҳбарий тушунтиришларига асосланди. Суд М. Тешаевага нисбатан жазонинг муқаррарлигини таъминлади, унга уч йил олти ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
Гувоҳи бўлганингиздек, кутилмаган мурувват, аслида, маккор аёлнинг ҳийласи бўлиб чиқди.
Донишманд халқимиз “Одамнинг оласи ичида” деб бежизга айтмаган.
Бундан шундай хулоса келиб чиқади: танимаган, билмаган, оғзидан бол томиб гапирган, ўзини меҳрибон қилиб кўрсатган одамга ишонавермаслик керак. Соддалик ва ўта ишонувчанлик одам савдоси қурбонига айланиб қолишга сабаб бўлиши мумкин.
Жаҳонгир Арсланов,
жиноят ишлари бўйича
Самарқанд шаҳар суди
раисининг ўринбосари,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист

