МЕДИАЦИЯНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛДИ

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири — бу низоларни судгача ҳал этиш механизмларини ривожлантириш, жумладан, медиация институтини кенг жорий этишдир.
Медиация институтининг замонавий тенденциялари, яъни унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш; институционал жиҳатларини мустаҳкамлаш; процессуал нормалар таъсирини кучайтириш; иқтисодий ва инвестициявий аҳамиятини ошириш; қўллаш соҳасини рақамлаштириш; халқаро ҳамкорликни тизимли йўлга қўйиш орқали низоларни судгача самарали ҳал этиш имкониятларини кенгайтиришда намоён бўлмоқда.
Шу сабабли медиаторлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, медиатив келишувларнинг ҳуқуқий аҳамиятини кучайтириш ва уларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифага айланди.
Шу мақсадда 2025 йил 20 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига низоларни муқобил ҳал этишда медиация институтини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун медиация амалиётини ҳуқуқий, институционал ва процессуал жиҳатдан сезиларли даражада такомиллаштирувчи муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Ушбу қонун билан амалдаги «Медиация тўғрисида», «Нотариат тўғрисида», «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида», «Давлат божи тўғрисида»ги қонунлар, шунингдек, Оила, Солиқ, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал кодексларига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Хусусан, “Медиация тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар:
биринчидан, қонуннинг амал қилиш доирасини кенгайтирди ва у фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, шу жумладан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан, мижоз ва банк (кредит ташкилотлари) ўртасидаги муносабатлардан, суғурта шартномасидан юзага келадиган муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга, меҳнат ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланди;
иккинчидан, медиация соҳасини давлат сиёсати даражасида тартибга солиш мақсадида, қонунга «11-боб. Медиация соҳасини тартибга солиш” банди киритилди, унга кўра, Адлия вазирлиги медиация соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланди.
учинчидан, медиаторга доир талаблар кучайтирилди, унга мувофиқ, олий маълумотга эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, малака имтиҳонини топширган ва Медиаторлар реестрига киритилган жисмоний шахс Ўзбекистон Республикасида медиаторлик фаолиятини амалга ошириши мумкин.
Ўзбекистон Республикасида адвокат ёки нотариус мақомига эга бўлган шахсларнинг малака имтиҳонини топшириши талаб этилмайди.
Шунингдек, қуйидагилар медиатор бўлиши мумкин эмаслиги аниқ белгиланди: а) давлат хизматида турган шахс, бундан педагогик, илмий, ижодий, нотариал фаолият билан шуғулланувчи шахс мустасно; б) муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлган шахс; в) судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс. Бундан, айбсизлик презиумциясини эътиборган олган ҳолда, “ўзига нисбатан жиноий таъқиб амалга оширилаётган шахс” чиқариб ташланди; тўртинчидан, қонун Медиаторлар реестрига киритиш бўйича малака имтиҳонини ўтказиш, Медиаторлар реестридан чиқариш тартиби ва шартлари ҳамда медиаторнинг жавобгарлиги тўғрисида янги нормалар билан тўлдирилди;
бешинчидан, медиация низони кўриб чиқишга ваколатли органда, ҳакамлик судида ва арбитражда низони кўриш жараёнида ҳам уларнинг қарорлари қабул қилингунига қадар қўлланилиши мумкинлиги, шунингдек, қонунда назарда тутилган ҳолларда, тарафлар томонидан медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув низони кўриб чиқишга ваколатли органга тақдим этилганда мазкур орган ишнинг муҳокамасини қолдириб, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш учун муддат тайинлаши лозимлиги қатъий белгиланди;
олтинчидан, медиатив келишув мазмуни ва уни тузишга йўл қўйилмайдиган ҳолатлар белгиланди. Унга кўра, медиатив келишувда қуйидагилар кўрсатилиши шарт: а) медиатив келишув тарафларининг фамилияси, исми, отасининг исми (номи), яшаш жойи ёки турган жойи (почта манзили), шунингдек, агар медиатив келишув вакил томонидан тузилаётган бўлса, вакилнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш жойи; б) медиатив келишув тарафларининг келишувни бажариш билан боғлиқ ҳуқуқ ва мажбуриятлари; в) медиатив келишув тарафлари томонидан келишилган мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари. Медиатив келишув келишувнинг тарафлари томонидан имзоланган ва медиатор томонидан тасдиқланган бўлиши шарт.
Қуйидагиларни назарда тутувчи медиатив келишувни тузишга йўл қўйилмайди: 1) агар унинг шартлари қонунчиликка зид бўлса; 2) агар унинг шартлари медиацияда иштирок этмаётган учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат манфаатларига дахл қилса ёки дахл қилиши мумкин бўлса.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида ижро этиладиган медиатив келишувлар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлиши керак;
еттинчидан, қонунга киритилган қўшимчага мувофиқ, медиатив келишув ихтиёрий равишда бажарилмаган тақдирда, тарафлар медиатив келишувни мажбурий ижрога қаратишни сўраб, судга мурожаат этишга ҳақли эканлиги белгиланди.
Шу сабабли Иқтисодий процессуал кодексига иқтисодий судга тааллуқли ишлар жумласига медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ишлар ҳам киритилиб, кодекс 29-2-боб билан тўлдирилди.
Худди шундай нормалар Фуқаролик процессуал кодексига (40-1-боб) ҳам киритилди.
Суднинг медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ажримининг дарҳол ижро этилиши медиация жараёнини тезкор, самарали ва амалий механизмга айлантиради. Бу меъёрлар бизнес ва фуқаролар учун медиатив келишувнинг ишончли ҳуқуқий кафолатини яратади, шу билан бирга, судларнинг юкламасини камайтириб, низоларни судгача ҳал этиш имкониятларини кенгайтиради.
Мазкур қонун билан киритилган ўзгартиришларга кўра, медиатор солиқ назоратини амалга ошириш жараёнида гувоҳ сифатида жалб этилиши мумкин эмаслиги; нотариус нафақат фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар, шу жумладан, мулкий ва мерос масалалари бўйича ўзаро мақбул қарор қабул қилиш учун тарафларнинг ихтиёрий розилиги асосида низода медиатор сифатида иш юритиши, балки «Медиация тўғрисида»ги қонунда белгиланган тартибда медиатор вазифасини бошқа медиаторлар каби бажаришга ҳақли эканлиги; ота-она боладан алоҳида яшайдиган отанинг (онанинг) ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш тартиби тўғрисида ёзма равишда келишув тузишга ҳақлилиги, бу борадаги низо ота-онанинг (ёки улардан бирининг) талабига биноан, судга мурожаат қилингунига қадар медиация тартиб-таомилини амалга ошириш орқали ҳал қилиниши мумкинлиги; медиатив келишувни мажбурий ижро этиш юзасидан судлар берадиган ижро варақалари ижро ҳужжатлари ҳисобланиши ва олти ой мобайнида ижрога топширлиши мумкинлиги; медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризалардан БҲМнинг 2 баравари миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланди.
Хулоса қилиб айтганда, медиациянинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги низоларни самарали ва тезкор равишда ҳал этишга, медиация тартиб-таомилларининг ҳамма жойда қўлланилишини рағбатлантириш орқали судлардаги юкламани мақбуллаштиришга хизмат қилади.
Фозилжон Отахонов,
Ўзбекистон Республикаси
Одил судлов академияси
Иқтисодий-ҳуқуқий фанлар
кафедраси профессори,
юридик фанлар доктори

