Click to listen highlighted text!

АЁЛ ҚАДРИ АДОЛАТЛИ ҚОНУН БИЛАН МУҲОФАЗА ҚИЛИНАДИ

photo_2026-03-31_16-10-40

Мамлакатимизда аёлларнинг қадрини улуғлаш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар қатъият билан амалга оширилаётганига ҳар биримиз гувоҳмиз. Аёллар ва болалар ҳуқуқлари, оила манфаатларини муҳофаза қилиш юртимизда амалга оширилаётган инсонпарварлик сиёсатининг негизи, десак, янглишмаймиз.

Айтиш керакки, рўёбини топаётган чора-тадбирлар самарали натижаларга етаклаётгани, маънавий-маиший ва ахлоқий муҳит яхшиланаётгани, хотин-қизларнинг иззат-ҳурмати кафоланаётгани, қонун билан қўриқланаётгани – жамиятда кечаётган ижобий ҳолатларнинг яна бир ибратли намунаси. Бу жараёнда оилавий (маиший) зўравонликка оид қонунлар, ҳуқуқий ва меъёрий ҳужжатлар муттасил такомиллаштирилиб борилаётгани янада эътиборлидир.

Шу ўринда оилавий зўравонлик, шаҳвоний шилқимлик хавфли ижтимоий иллат эканини алоҳида таъкидлаш лозим. Маълумки, оилавий зўравонликка доир ножўя қилмишлар боис оилавий муносабатлар издан чиқади, ижтимоий барқарорликка путур етади. Оила тинч бўлса, маҳалла ҳам тинч бўлади, маҳаллалар тинчлиги эса — бутун юртнинг тинчлиги, осойишталиги, баҳамжиҳатлиги гарови.

“Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар ана шу эзгу мақсадни амалда таъминлашнинг муҳим ҳуқуқий асоси саналади.

2023 йил 11 апрелда “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан миллий қонунчилигимизга оилавий (маиший) зўравонлик ва шаҳвоний шилқимлик тушунчалари киритилди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2, Жиноят кодексининг 126-1-моддаларидан оилавий (маиший) зўравонлик, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддасида эса, шаҳвоний шилқимлик оид жавобгарлик нормалари ўз ифодасини топди.

Ҳаётда ўз-ўзини идора эта олмасликнинг оқибати ҳеч қачон яхшиликка етакламаслиги аллақачон исботини топган. Бу ҳолатни 1981 йил Урганчда туғилган Ҳамро Зокировга (исм-шарифлар ўзгартирилган) нисбатан чиқарилган ҳукм мисолида ҳам кўриш мумкин. Аниқланишича, Ҳ. Зокиров 45 йиллик умрининг каттагина қисмини машъум қилмишлар домида ўтказган. Буёғини сўрасангиз, ҳали вояга етмай туриб, ҳийла ва макр, нафс ва фириб йўлига кирган. Шу аснода 2003 йилдаёқ дастлабки жиноий қилмишни содир этган ва навқирон 22 ёшида Жиноят кодексининг фирибгарликка оид 168-моддаси 2-қисми бўйича 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Таассуфки, бу жазодан сўнг ҳам унинг сўқир кўзлари очилмади. 2005 йили гарданида судланганлик ҳолати мавжуд бўла туриб, янада оғир ва асоратли қилмиш – қотилликка қўл урди. Шу боис Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисмига асосан, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Бироқ қонуннинг карами кенг, муруввати бисёр. Айни шу важдан унинг гарданига юклатилган озодликдан мосуво этиш жазоси 2010 йил октябрь ойида ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилди. Қанийди, у ўз қилмишларининг оқибатини ҳеч бўлмагандан кўра, кеч бўлса-да, англаб етса, қонун мурувватидан тегишли хулоса чиқарса. Йўқ, у бу гал ҳам тўғри йўлдан оғди. Натижада унга нисбатан атиги бир ярим йил муқаддам қўлланилган ахлоқ тузатиш ишлари чораси яна озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди. Аммо навбатдаги жиноий қилмиш ҳам ўзини кўп куттирмади. 2016 йили Жиноят кодексининг бир йўла иккита: 112-моддаси 1-қисми, 277-моддаси 3-қисмига кўра, 3 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

…2025 йил. Январь ойи. Урганч шаҳар ички ишлар бўлимида тағин машъум жиноий ҳодиса қайд қилинди. Шаҳарнинг Алишер Навоий кўчасида яшовчи Наргиза Раҳимова аёвсиз калтаклангани, тан жароҳати олгани, бу ачинарли қилмишнинг бошида эса Ҳамро Зокиров тургани маълум бўлди.

Кейинчалик ўтказилган тергов жараёнида аёл зўравонлик оқибатида тан жароҳати олгани аниқланди.

Аслида Ҳ. Зокиров ва Н. Раҳимова бир-бирига бегона шахслар эмас. Улар 2024 йил январь ойида шаръий никоҳ асосида оила қуришган. Афсуски, уларнинг аҳиллиги узоққа чўзилмаган. Орадан бир ой ўтмаёқ ўзаро муносабатларига путур етган. Бунга Ҳ. Зокировнинг қалбига чўккан оғир шубҳа-гумонлар сабаб бўлган. У Н. Раҳимовани бир неча марта асоссиз хиёнатда айблаган, ҳатто жаҳлини жиловлай олмай унга қўл ҳам кўтарган.

Ўша машъум воқеа рўй берган қиш куни ҳам можаро билан бошланган ва Н. Раҳимованинг беаёв калтакланиши ҳамда шифохонага ётқизилиши билан якун топган.

Ҳ. Зокиров суд мажлисида айбига қисман иқрорлик билдирди. Хотини уйда бегона эркак билан телефонда сўзлашаётганини кўриб, рашки қўзигани ва ўзини босолмай қўл кўтарганини тан олди. Жабрланувчи Н. Раҳимованинг айтишича, Ҳ. Зокиров билан бирга яшай бошлагач, у кўп ўтмаёқ таҳдид ва тазйиқ йўлига ўтган, пул талаб қилиб, номига кредит маблағини ҳам расмийлаштирган, арзимаган баҳоналар билан жанжал чиқарган, ҳатто уйидан ҳам ҳайдаб солган. Юзага келган низо, уқтирилганидек, Н. Раҳимованинг қаттиқ дўппосланиши ҳамда 6 кундан ортиқ, аммо 21 кундан кўп бўлмаган муддатга соғлиги бузилиши билан якун топган. Бошқача айтганда, Жиноят кодексининг оилавий (маиший) зўравонликка оид 126-1-моддаси 3-қисмида ифодасини топган ножўя қилмиш содир бўлган.

Хотинига (эрига), собиқ хотини (собиқ эри), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашуви ёхуд умумий меҳнат қобилияти вақтинча йўқолишига сабаб бўлган бу сингари қасддан баданга енгил шикаст ҳоллари учун қонуний жавобгарлик чораси назарда тутилган. Айни пайтда суд жазони қилмишнинг оғир ёки енгиллиги, енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга қараб белгилаш қоидасига эътибор қаратди.

Айбланувчи шахс бир нечта сурункали хасталикка чалингани, оилавий аҳволини — жазони енгиллаштирувчи, шунингдек, оғир жиноий қилмишларга муқаддам ҳам қўл ургани, сўнгги жиноий қилмишни ҳам қасддан амалга оширганини оғирлаштирувчи ҳолат деб топди. Шунингдек, судланувчи Ҳ. Зокировни жабрланувчи кечирмагани, аввалги қилмишларидан хулоса чиқармагани, яшаш жойидан салбий тавсифланганини инобатга олди. Биласиз, бундай ҳолатда айбланувчини жамиятдан ажратмай туриб, қайта тарбиялашнинг имкони йўқ. Суд ана шуларни назарда тутган ҳолда Ҳ. Зокировни Жиноят кодексининг 126-1-моддаси 3-қисмига биноан, 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилди.

Жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

…Юртимизда аёлнинг қадри баланд, шаъни дахлсиз ва адолатли қонун билан қўриқланади, бундай ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий ва моддий ҳимояни давлатнинг ўзи кафолатлайди. Аёли, оиласини ардоқлаб, бошига кўтарган, шу аснода хонадони бахт-тахтини яратган хонадон соҳиблари юртимизда кўп.

Зотан, аёлни асраб-авайлаш, унинг ҳурматини жойига қўйиш, шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлигини таъминлаш оилага, фарзандлар келажагига юксак масъулият ва жавобгарлик билан қараш эканини ҳеч қачон унутмаслик керак.

Муродбек ҲАСАНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Урганч шаҳар суди раиси,

Абдулла СОБИРОВ,

журналист

#thegov_button_69cd91c79be73 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cd91c79be73:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cd91c79be73 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69cd91c79be73:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!