Click to listen highlighted text!

ХУСУСИЙ АЖРИМ ҚИЛМИШНИНГ САБАБИ ВА ОҚИБАТЛАРИНИ БАРТАРАФ ҚИЛИШ, ЖАМИЯТДА ҚОНУН УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ МУҲИМ ВОСИТАСИДИР

photo_2025-11-18_09-59-31

Мамлакатимиз судларининг асосий вазифаси – фуқароларнинг Конституция ва қонунларда, халқаро шартномалар ҳамда инсон ҳуқуқларига оид ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилишдан иборат. Айни пайтда жамиятда қонунга ва судга нисбатан ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш каби муҳим вазифаларни ҳам бажаради.

Ушбу мақсадни амалга оширишда судлар томонидан қўлланиладиган муҳим ҳуқуқий воситалардан бири – хусусий ажримдир. Бу ҳужжат орқали суд муайян ишни кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ёки унга туртки бўлган омиллар, шарт-шароитларга ўз муносабатини билдиради, шу юзасидан тегишли органларга мурожаат қилиб, уларни бартараф этиш ёхуд келгусида содир бўлиши эҳтимол тутилган қилмишларнинг олдини олиш бўйича муайян талабларни илгари суради.

Амалдаги Жиноят-процессуал кодексининг 298-моддасига кўра, суд қилмишнинг сабаблари ва уни содир этишга имкон берган ҳолатларни аниқласа, хусусий ажрим чиқариш орқали давлат органлари ёки мансабдор шахслар олдига шу иш юзасидан тегишли чоралар кўриш талабини қўяди. Айни шу мазмундаги талаб қонунга биноан прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг тақдимномаси орқали ҳам тегишли органлар эътиборига ҳавола этилиши мумкин.

Ажрим ёки тақдимнома масъул идора ва ташкилотлар томонидан бир ой муддат ичида кўрилиб чиқилиши ва уни юборган органга белгиланган тартибда хабар берилиши шарт. Агар бу талаб бажарилмаса ёки виждонан амалга оширилмаса, айбдор шахс қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, суднинг хусусий ажрими ушбу органнинг бошқа ҳужжатлари каби барча давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролар учун бажарилиши мажбурий бўлган ҳужжат ҳисобланади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 181-моддасига кўра, хусусий ажримни кўриб чиқмаган ёки унда белгиланган талабларни бажармаган, шунингдек, ўз вақтида жавоб бермаган масъул ва мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилади.

Айтиш жоизки, хусусий ажрим тарбия, тарғибот-ташвиқот ва содир этилиши эҳтимол тутилган қилмишларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади, ўз вақтида муҳокама этилиб, таъсирчан чора-тадбирлар белгиланган ҳар бир хусусий ажрим замирида жиловланган, бартараф қилинган кўпдан-кўп ножоиз хатти-ҳаракатлар ётади.

Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти шаҳар ва туман судлари жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этишга қаратилган 1 447 та суд иши бўйича хусусий ажрим чиқарди.

Бугунги кунга қадар бу хусусий ажримларнинг 1 191 таси тегишли тартибда кўриб чиқилди.

Айтиш керакки, юртимизда коррупциявий жиноий қилмишлар билан боғлиқ ҳолатларга қарши муросасиз курашиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, кенг жамоатчилик билан бир қаторда судларнинг ҳам асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланган. Йил бошидан буён судлар томонидан жиноятчиликнинг ана шу турини бартараф этиш, профилактик ва тарғибот-ташвиқот тадбирлари асносида унинг олдини олиш мақсадида, тегишли идора ва ташкилотларга 155 та хусусий ажрим юборилди. Бу суд ҳужжатининг 55 таси бевосита масъул суд ходимлари иштирокида муҳокама қилинди. Муҳокамалар чоғи ёшларни бундай жиноий қилмишларга нисбатан муросасиз руҳда тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилди. Бинобарин, бунинг учун асослар ҳам бор. Масалан, урганчлик Аҳад Азизов (исм-шарифлар ўзгартирилди)нинг жиноий қилмиши – бунинг яққол далили бўлади. Эндигина 20 ёшга тўлган А. Азизов ўтган йил охирида гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноий қилмишга қўл урди. Бу оғир қилмиш камлик қилганидек, унга 2007 йил туғилган ва ҳали вояга етмаган С. Бахтиёровни ҳам жалб қилади.

Албатта, А. Азизовнинг бу ножўя қадамлари гиёҳвандлик ва гиёҳфурушликка қарши кураш тизими ходимларининг эътиборидан четда қолмади. Назорат тариқасида ўтказилган тадбир чоғида унинг чўнтагидан 6,89 грамм оғирликдаги 9 бўлак “гашиш” гиёҳвандлик воситаси топилди.

А. Азизовнинг вояга етмаган ўсмирни ақл ва соғлиқни фалажловчи гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишга ўргатиши ва ушбу воситаларни ғаразли мақсадларда сақлаш (Жиноят кодексининг 127-моддаси 2-қисми, 273-моддаси 1-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми)га қаратилган жиноий қилмиши изсиз кетмади. Суд томонидан унга нисбатан 3 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу жиноят кўпчиликнинг назаридан холи равишда ва пинҳона тарзда пишиб етилгани ҳамда шу аснода содир қилингани йўқ.

Айбланувчининг ножўя қадамларини у яшаган Урганч тумани Янги ҳаёт маҳалласида ҳеч ким кўрмай, билмай ва сезмай қолди, десак, муболаға бўлади. Бу қилмиш тафсилотларини кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди айни шу ҳолатни назарда тутди. Фақат судланувчига жазо тайинлаш билан кифояланмай ушбу қилмишни юзага келтирган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф қилиш, келгусида бундай ножўя ҳолат қайта рўй бермаслиги учун тегишли чора-тадбирларни белгилаш мақсадида, ушбу маҳалла фуқаролар йиғинига хусусий ажрим юборди.

Шунингдек, судлар томонидан оилавий зўравонлик, шаҳвоний таҳдид, тазйиқ ва шилқимлик каби жиноий қилмишларга нисбатан ҳам жазонинг муқаррарлиги таъминланиб келинмоқда. Жорий йилда жиноий қилмишнинг бу кўринишига қарши курашни янада кучайтириш мақсадида мутасадди идора ва ташкилотларга юборилган хусусий ажримлар сони бир мунча ошди.

Урганч шаҳридаги Жамбул маҳалласида истиқомат қилган Фаррух Рўзиматовнинг қилмиши хусусида ушбу маҳалла фуқаролар йиғинига юборилган хусусий ажрим ана шу мазмундаги суд талабномаларининг бири бўлди. Унда қайд қилинишича, судланувчи Ф. Рўзиматов ёши аллақачон 50 дан ўтганига қарамай ақли ҳануз қуюлмаган. Нега деганда, у жорий йилнинг 23 февраль куни спиртли ичимлик таъсирида хотини – 3 нафар фарзандининг онаси Ойша Ибодуллаева билан анчадан буён давом этиб келаётган оилавий можарони авжига чиқаради. Аввалига очиқ-ошкор тазйиқ ва таҳдид қилди, сўнг эса, бу билан алами босилмади, чоғи, ошхона пичоғини ишга солди… Хайриятки, шифокорларнинг саъй-ҳаракати билан аёлнинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Зўравон эр эса, Жиноят кодексининг 126-1-моддаси 7-қисми “ж” бандига асосан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Таассуфки, бу жиноий қилмиш ҳам жамоатчилик кўз ўнгида рўй берди.

Хонадон яқинлари, фаоллар, жумладан, маҳалла фуқаролар йиғини, профилактика нозири ушбу оиладаги носоғлом вазиятга панжа орасидан қарашди. Ажабланарлиси, маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва нозир бу оиладаги носоғлом муҳитдан хабардор эмаслигини қандай изоҳлаш жоиз?! Жамиятдаги тинч-осойишталик ва барқарорлик оилалар тинчлиги, иноқлиги, аҳиллиги каби омиллар билан таъминланади. Бу борада маҳалла фуқаролар йиғини, участка нозирлари зиммасига ўта масъулиятли вазифалар юклатилган. Бунда эътиборсизлик ва лоқайдликка берилиш, зиммадаги масъулиятни ҳис этмаслик эса, кутилмаган нохушликларга сабаб бўлади.

…Тавсиф ва тафсилоти ҳукмингизга ҳавола этилган ҳар иккала ҳолат бўйича келиб тушган хусусий ажримлар тегишли фуқаролар йиғинларида атрофлича муҳокама қилинди. Қайд этилгани сингари қилмишлар ортиқ такрорланмаслиги учун амалий чора-тадбирлар белгилангани ва унинг ижросини таъминлашга изчил киришилгани, нотинч ва ноаҳил хонадонлар, жумладан, жиноий ҳодисалар рўй берган оилаларга алоҳида эътибор қаратилаётгани, одамлар билан яккама-якка суҳбатлар ўтказилаётгани мазкур ажримлар бўйича судга йўлланган жавоб хатларида ўз аксини топди. Ушбу тадбирлар келгусида беиз кетмаслиги ва ўз самарасини беришига астойидил ишонамиз. 

Хулоса қилиб айтганда, суднинг хусусий ажрими – ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва суд ҳокимияти обрўсини мустаҳкамлашда муҳим восита.

У фақат ҳуқуқий таъсир чораси эмас, балки тарбиявий аҳамиятга эга бўлган амалий механизмдир. Хусусий ажрим, уқтирилганидек, нафақат судлар, балки қонунга нисбатан ҳам ҳурмат туйғусини мустаҳкамлайди, давлат ва жамоат ташкилотларининг масъулиятини оширади ҳамда номуносиб ҳолатларга сабаб бўлаётган ҳолатларнинг барҳам топиши омилига айланади.

Акбар Аминов,

Хоразм вилояти суди

жиноят ишлари бўйича

судлов ҳайъати судьяси,

Абдулла Собиров,

журналист

#thegov_button_693645d1ae13a { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_693645d1ae13a:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_693645d1ae13a { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_693645d1ae13a:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!