Click to listen highlighted text!

ЁПИҚ СУД МАЖЛИСИ ТАФСИЛОТЛАРИНИ ОШКОР ЭТГАНЛИК УЧУН ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИК БЕЛГИЛАНДИ

photo_2025-11-26_15-53-37

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги, шахсий ҳамда оилавий сири, шаъни ва қадр-қимматини кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган қонунчилик базаси изчиллик билан такомиллаштирилиб борилмоқда.

Маълумки, Конституциямизнинг 137-моддасига кўра, юртимизда барча судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқишга фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади.

Аниқроқ айтганда, амалдаги Фуқаролик процессуал кодексининг 12-моддасига мувофиқ, давлат сири, фарзандликка олиш сирига тааллуқли маълумотлар мавжуд бўлган ишлар, шунингдек, қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда, ишлар ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилиши мумкин.

Ўз навбатида, ёпиқ суд мажлисида иштирок этган судья, суд мажлиси котиби, прокурор, даъвогар, жавобгар, учинчи шахслар, умуман олганда, барча суд мажлиси иштирокчилари ўзларига маълум бўлган иш тафсилоти ва маълумотларни бошқа шахсларга ошкор қилиши мумкин эмас.

Шу боис амалдаги қонунларда ёпиқ суд мажлисларида иштирок этган шахслар маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантирилиши белгиланган. Аммо қонунчиликда бундай маълумотларни ошкор қилганлик учун аниқ жавобгарлик чоралари назарда тутилмаган. Бу эса, ўз навбатида, муайян ҳуқуқбузарлик учун жазо чоралари қўлланилмасдан қолинишига олиб келаётганди.

Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 26 сентябрь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Фуқаролик-процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Мазкур янги қонун билан ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумоти ва тафсилотларини ошкор қилишга йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантирилган шахслар томонидан маълумот ва тафсилотлар суднинг рухсатисиз ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Жумладан, Фуқаролик процессуал кодексининг 60, 62, 64, 98, 208-моддаларига киритилган ўзгартиришларга кўра, эксперт, мутахассис ва таржимон ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумоти ҳамда тафсилотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Хулоса ўрнида айтганда, амалдаги қонунларга киритилган ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар ёпиқ суд мажлиси тафсилотлари анонимлигини таъминлаш орқали шахснинг шаъни, қадр-қиммати дахлсизлигини кафолатли ҳимоялашга хизмат қилиши билан муҳим аҳамиятга эгадир.

Дилноза Абдуқодирова,

фуқаролик ишлари бўйича

Учтепа туманлараро

суди судьяси

#thegov_button_6936464acfbe8 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6936464acfbe8:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6936464acfbe8 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6936464acfbe8:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!