“КEЧИККАН” КОМПEНСАЦИЯ СУД ТОМОНИДАН УНДИРИБ БЕРИЛДИ

Маълумки, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш судлар зиммасидаги энг муҳим вазифалардан биридир. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили замирида ҳам айни шундай эзгу мақсадлар мужассам.
Бинобарин, давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 20 август куни тадбиркорлар билан бўлган очиқ мулоқотда “Барча ислоҳотларимиз негизида, энг аввало, инсон қадри, тадбиркорларимизнинг манфаатлари ётибди.
Шу боис суд мустақиллигини таъминлаш бўйича қатъий сиёсат олиб борамиз. Бугунги тадбиркор, бу – кечаги тадбиркор эмас. Уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ошганини судларга мурожаат кўпайганида ҳам кўриш мумкин. Эндиликда тадбиркорлар иқтисодий ва маъмурий судларга экстерриториал тартибда мурожаат қилиши мумкин бўлади” дея таъкидлади.
Шу ўринда фикримизни ҳаётий мисоллар асосида давом эттирсак, яқинда суд томонидан “Тўрақўрғон турон сeрвис” масъулияти чекланган жамиятининг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинди.
Аниқланишича, Тўрақўрғон тумани ҳокимининг 2017 йил 11 мартдаги қарорига кўра, “Тўрақўрғон турон сeрвис” масъулияти чекланган жамиятининг умумий майдони 1 142,63 кв. метр бўлган маъмурий биноси бузилади. Шунингдек, туман ҳокими қарорида туман архитектура ва қурилиш бўлимига бузилишга тушаётган бино-иншоотлар эгаларига бошқа ер майдонлари танлаш ҳамда тегишли ташкилотлар билан келишиш, туман молия бўлимига эса, маҳаллий бюджетдан компенсация маблағи тўлаб бериш вазифаси ҳам белгиланган.
Шундан сўнг “Тўрақўрғон турон сeрвис” масъулияти чекланган жамиятига Янгиобод маҳалласида жойлашган, туман ҳокимлиги балансида бўлган бино қолипли нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти учун фойдаланишга берилган. Орадан бир йил ўтгач, 2018 йил 15 февралда масъулияти чекланган жамиятига доимий фойдаланиш учун 800 квадрат метр ер майдони ажратиб бериш тўғрисида туман ҳокимининг 169-сонли қарори қабул қилинган.
Аммо орадан саккиз йил ўтса-да, тадбиркорга компенсация маблағлари тўлаб бериш пайсалга солиб келинаётганди. Табиийки, тадбиркор ўтган даврда туман ҳокимлигига қатнаб сарсон-саргардон бўлди. Шунингдек, у бир неча марта компенсация маблағи тўлаб бериш ва фойдаланишга олган эски биносини масъулияти чекланган жамияти номига расмийлаштириш тўғрисида ёзма мурожаат қилди. Лекин унинг барча мурожаатлари натижасиз қолди. Охир-оқибат тадбиркор Ж. Жўраев туман адлия бўлимига мурожаат қилиб, амалий ёрдам сўради. Ўз навбатида, адлия бўлими томонидан масъулияти чекланган жамияти манфаатини кўзлаб, Чуст туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритилди.
Айтиш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низом (ушбу Низом 2020 йил 1 январдан ўз кучини йўқотган)нинг 3-1-бандига асосан, ер участкаларини олиб қўйишда объектларни бузишга кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарар тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилади.
Шунингдек, 2022 йил 29 июнда қабул қилинган “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддасида олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларининг ва ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати компенсация қилиниши белгиланган.
Ушбу ишни кўриш жараёнида “EXPERT BAHOLASH” масъулияти чекланган жамиятининг 2014 йил 12 мартдаги 99-сонли баҳолаш ҳисоботига кўра, тадбиркорнинг бузилишга тушган бино-иншоотининг бозор қиймати 1 миллиард 105 миллион сўм, ер майдонидан фойдаланиш ҳуқуқи қиймати эса, 468 миллион 530 минг сўм, кўчмас мулкнинг умумий бозор қиймати 1 миллиард 573 миллион сўмни ташкил этишига эътибор қаратилди.
Суд ана шундай ҳуқуқий асосларга таянган ҳолда тадбиркорга баҳолаш хулосасида белгиланган компенсация маблағини ундириш хусусида ҳал қилув қарори қабул қилди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, тадбиркорнинг ҳуқуқи ҳимоя қилиниб, адолат қарор топгани қувонарли ҳол, албатта. Умуман олганда, соҳа вакилларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ортга қайтмас ислоҳотлар самарасидир.
Акмалжон ШОКИРОВ,
Чуст туманлараро иқтисодий суди раиси

