ФИРИБНИНГ ЯНГИ УСУЛИ СУДЛАНУВЧИНИ ТЕМИР ПАНЖАРА ОРТИГА РАВОНА ҚИЛДИ

Қиш фасли тугаб, баҳор ойи бошланган паллада Рамзиддиннинг (исм-шарифлар ўзгартирилди) отаси тўсатдан вафот этди. Бу кутилмаган мусибатдан унинг боши гангиб қолди. Отасининг маъракаларини ўтказишга пул керак.
Қарз кўтариши мумкин бўлган маҳалладошларини кўз ўнгидан ўтказаркан, Бахтишодга келганида тўхтади. Минг бир истиҳола билан унга қўнғироқ қилди ва муддаосини айтди. Бахтишод йўқ демади, маҳалладаги ошхонада учрашиб, келишиб оладиган бўлишди.
Ошхонада эса Элёр деган йигит билан танишиб қолади. У дабдурустдан суҳбатга аралашади:
— Мен банкда ишлайман. Онлайн кредит олиб беришим мумкин.
Янги танишининг таклифи Р. Абдусатторовга маъқул тушади. Элёр эса, вақтни ўтказмайди, ўзининг қўл телефонида уни суратга олади.
Кейин улар Р. Абдусатторовнинг уйига келиб, фуқаролик паспортини ҳам расмга туширади. Элёр бу орада “Сиз опен бюджетга овоз бериб юборинг” дея Бахтишодни ҳам суратга туширади. Бахтишоднинг фуқаролик паспорти ёнида экан, уни ҳам суратга тушириб олади.
Орадан уч-тўрт ойлар ўтгач, Р. Абдусатторов ўзининг номига кредит маблағи ажратилганлигини эшитади. Аммо Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида 1997 йилда туғилган Э. Дониёров ҳеч қандай банк муассасаси ходими эмас экан. Атиги ўрта маълумотли, иш жойининг тайини йўқ, оилали, икки нафар вояга етмаган фарзанднинг отаси бўлган бу кимса енгил йўл билан пул топишни ўзига касб қилиб олган фирибгар бўлиб чиқди.
Айтиш керакки, онлайн кредит олишнинг аниқ тартиблари бор. Жумладан, кредит маблағи доимий иш жойига эга, ойлик иш ҳақи мавжуд фуқароларгагина ажратилади. Р. Абдусатторов эса, доимий иш жойига эга эмас.
Шундай бўлса-да, Э. Дониёров ахборот тизимидан ва ахборот технологияларидан фойдаланиб, уни “Shodiyona Yasina Islombek” масъулияти чекланган жамият ходими сифатида кўрсатган. Унинг номига 2024 йил 15 мартда “AVO BANK” акциядорлик жамиятидан 3 миллион 700 минг сўм, шу куни “Yangi Finance” микромолия ташкилотидан 1 миллион 500 минг сўм, 2024 йил 16 мартда “Агробанк”нинг Поп тумани филиалидан 31 миллион 900 минг сўм, эртасига, яъни 17 мартда “Invest Finance Bank” акциядорлик жамиятидан 21 миллион сўм, 2024 йил 5 апрелда “Агробанк”нинг Поп тумани филиалидан яна 9 миллион 700 сўм, жами 67,8 миллион сўм миқдоридаги маблағни кредит сифатида қўлга киритган.
Кейинчалик бу маблағнинг 20 миллион сўмини Р. Абдусатторовнинг пластик картасига ўтказган, дастлабки ойлик тўловлар учун 5 миллион 200 минг сўм миқдоридаги пулларни ҳам тўлов қилган. Қолган маблағни ўзининг шахсий манфаатларига сарфлаб юборган.
Бу фирибгар кимса Бахтишод Мардиқуловни ҳам худди Р. Абдусатторов сингари ушбу масъулияти чекланган жамият ходими сифатида кўрсатади.
Сўнгра унинг номига “INVEST FINANCE BANK” акциядорлик жамиятидан 2024 йил 17 мартда 21 миллион сўм, “AVO BANK” акциядорлик жамиятидан 2024 йил 15 мартда 3 миллион 700 минг сўм, жами 24,7 миллион сўм миқдоридаги маблағни кредит сифатида олади. 10 миллион сўмини Б. Мардиқуловга етказиш учун унинг таниши Бекзоднинг пластик картасига кўчириб беради, қолганини ўз манфаатига сарфлайди.
Судланувчи такроран содир этган жиноят тафсилотлари бир хил. Гап шундаки, Э. Дониёров Н. Мамажонов ва Р. Аннақулов билан ҳам жиноий тил бириктирган. Уларнинг номига онлайн кредит чиқариб, пулнинг бир қисмини беришга ва қолган асосий қисмини ўзига ишлатишга келишган.
Турли банк муассасаларидан Н. Мамажонов номига тўрт йил давомида 38 фоиз устама ҳақ тўлаш шарти билан 50 миллион сўм, Р. Аннақулов номига 63,3 миллион сўм миқдоридаги маблағни кредит сифатида олган.
Суд амалиётидан маълумки, ҳар қандай жиноят ўз-ўзидан содир этилмайди, бунинг учун шароит, имконият юзага келиши керак. Агар мазкур жиноят иши бўйича бу ҳолатларга аниқлик киритадиган бўлсак, номи тилга олинган фуқаролар, аслида, ҳеч қаерда ишламаса-да, “Shodiyona Yasina Islombek” масъулияти чекланган жамият ходими сифатида кўрсатилишида ушбу жамият ходими “Камола” исмли шахснинг қўли бўлган. “Камола” иш ҳақи тўғрисидаги сохта маълумотларни тайёрлаб берган. Аммо терговда унинг шахсини аниқлаш имкони бўлмаган.
Суд судланувчи Э. Дониёровни такроран, бир гуруҳ шахслар томонидан аввалдан жиноий тил бириктириб, ўзганинг анча миқдордаги мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ахборот тизимидан ва ахборот технологияларидан фойдаланиб талон-торож қилишда ифодаланган жиноий ҳаракатларини Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б”, “г” бандлари билан малакалади. Унга етти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Суд ҳукмида судланувчидан “Даврбанк”нинг Наманган вилояти филиали фойдасига 50 миллион сўм, “Инфинбанк”нинг Наманган вилояти филиали фойдасига 60 миллион сўм, “Агробанк”нинг Наманган вилояти филиали фойдасига 51 миллион 300 минг сўм, “AVO BANK” акциядорлик жамияти фойдасига 7 миллион 400 сўм, “YANGI FINANCE” микромолия ташкилоти фойдасига 1 миллион 500 минг сўм жиноят оқибатидан етказилган зарарлар ундирилиши белгиланди.
Гувоҳи бўлганингиздек, судланувчининг фириби аввало ўзининг оёғига тушов бўлди. Энди у оиласи, фарзандларидан олисда кун санаб, суд томонидан тайинланган жазони ўташга мажбур. Жиноят содир қилишнинг оқибати бундан бошқача тугаши ҳам мумкин эмас.
Шуҳрат ХУДОЁРОВ,
жиноят ишлари бўйича
Наманган шаҳар суди судьяси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист

