ОДИЛ СУДЛОВГА ЭРИШИШ КАФОЛАТЛАРИ КУЧАЙТИРИЛМОҚДА

Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, юртдошларимиз ва тадбиркорларга янада қулай шароит яратиш мақсадида судлар фаолияти билан боғлиқ янги ҳуқуқий ҳужжатларни ҳаётга татбиқ этишга киришилди. Бу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қабул қилинган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ҳамда «Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари ҳақида сўз бормоқда.
Бу ҳақда сўз юртишдан олдин мамлакатимиз суд тизимида сўнгги 8 йилда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилганлигини таъкидлаш лозим.
Жумладан:
– судлар жазоловчи органдан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи тизимга айлантирилди;
– фуқаролар ва тадбиркорларнинг давлат органлари ва мансабдор шахслари томонидан бузилган ҳуқуқларини тиклашга қаратилган маъмурий судлар ташкил этилди;
– маиший зўравонликнинг олдини олишга қаратилган самарали механизмлар жорий этилди;
– оилавий масалаларга ихтисослаштирилган судьялар корпуси яратилди;
– инвестициявий низолар бўйича алоҳида судлов таркиби ташкил этилди, йирик инвестициявий низолар тўғридан-тўғри Олий судда кўрилиши имконияти яратилди.
Бундай салмоқли натижаларни яна кўплаб санаш мумкин. Муҳими, тизимдаги шиддатли ислоҳотларнинг бу каби ёрқин самараларини нафақат юртимиз фуқаролари ва миллий мутахассислар юқори баҳоламоқда, балки хорижий экспертлар ҳам эътироф этиб турибди.
Айни чоғда, бугунги кунда судларга ҳар доимгидан ҳам юксак талаблар қўйилмоқда. Булар қаторида одил судловнинг очиқлиги ва шаффофлиги, халқчиллигини таъминлаш, суд мажлисларининг тарбиявий-профилактик аҳамиятини таъминлаш каби муҳим талабларни алоҳида таъкидлаш мақсадга мувофиқдир.
Давлатимиз раҳбари ҳузурида бўлиб ўтган тақдимотда суд тизимини ислоҳ этишга қаратилган 6 та асосий йўналишдаги ислоҳотлар ва уларни амалга ошириш механизмлари таништирилгани бежиз эмас.
Хусусан, биринчи масала – Судлар фаолиятига “Рақамли суд” концепцияси ва сунъий интеллектни жорий этиш лойиҳасини олайлик.
Маълумки, коррупциянинг олдини олиш, фуқаролар ва тадбиркорларга “контактсиз суд” тамойили асосида одил судловга ҳеч бир тўсиқ ва сарсонгарчиликсиз эришишнинг бирдан-бир йўли – суд соҳасини рақамлаштиришдир. Шу маънода, Ўзбекистон Президентининг топшириқларига асосан судлар фаолиятини рақамлаштириш борасида Хитой, Жанубий Корея, Япония ва Қатар каби давлатлар тажрибаси ўрганилиб, шунингдек, миллий ўзига хос жиҳатларимиздан келиб чиқиб, “Рақамли суд” концепцияси ишлаб чиқилди.
Иккинчи масала – фуқаролик ва иқтисодий судларнинг иш юритувидаги низосиз ишларни тегишли органлар ваколатига ўтказиш йўли билан судларнинг иш юкламасини камайтириш.
Бугун Ўзбекистонда беш йўналишдаги судлар: жиноят, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ва ҳарбий судлар фаолият юритиб, 2024 йилда ушбу судларда кўрилган жами 3 миллиондан ортиқ ишнинг ярми, яъни қарийб 1,5 миллионтаси фуқаролик судлари, 450 мингга яқин иш эса, иқтисодий судлар томонидан кўрилган.
Бу – бир нафар судьяга бир ойда ўртача 400 та, айрим ҳудудларда эса, 700 тагача иш тўғри келади, деганидир. Иш ҳажмининг ўта кўплиги ишларнинг шошма-шошарлик билан ўрганилишига, барвақт хулосага келинишига, суд қарорларини ўз вақтида ёзишнинг имконсизлигига, оқибатда иш самарадорлигининг пасайишига сабаб бўлмоқда.
Таҳлил натижаларига қараганда, судларда кўрилаётган ишларнинг катта бир қисми низосиз ишлар ҳисобланади. Яъни маиший техникалар учун майда кредитларни, коммунал қарздорликларни ундириш сингари ишлар бўйича 99 фоиз ҳолатда қарздорлар қарзини тан олганлиги сабабли судга келмайди ва суд қарорига нисбатан шикоят ҳам келтирмайди.
Шунга кўра, айни масалаларни нотариуслар ваколатига ўтказиш таклиф этилмоқда. Келгусида, башарти низо келиб чиққан тақдирда, бундай ишлар судда кўриб чиқилади.
Энг муҳими, бу билан суднинг ресурсларидан унумли ва рационал фойдаланишга йўл очилади. Судларнинг вақти ва эътиборини фақат мураккаб низоли ишларни сифатли ва адолатли ҳал этилишига қаратишга имкон яратилади.
Учинчи масала – Маъмурий ва иқтисодий ишларда экстерриториал судловга тегишлилик механизмини яратиш.
Гап шундаки, умумий тартибга кўра, ишлар жавобгар жойлашган ҳудуддаги судда кўрилиши белгиланган. Бироқ айрим ҳолатларда фуқаролар ва тадбиркорлар даъволари бошқа ҳудуд судида кўрилишини илтимос қилишади. Биргина 2024 йилда 11 мингга яқин иш тарафларнинг аризаларига асосан бир суддан бошқа ҳудуддаги судга ўтказилган.
Бугунги рақамлаштириш ва видеоконференцалоқа имкониятлари асрида иқтисодий ва маъмурий ишнинг муайян ҳудуд судида кўрилиши ўз аҳамиятини деярли йўқотмоқда. Нега деганда, қонунлар бутун республика миқёсида бир хилда амал қилади ва қўлланилади.
Шунга кўра, аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини янада ошириш мақсадида даъвогарларга айнан муайян ҳудуд судига мурожаат қилиши шартлигига оид бюрократик тўсиқни бартараф этиш ва фуқароларга танлаш имконини бериш мавриди келгани табиийдир.
Тўртинчи масала – Судьялар олий кенгаши фаолияти бўйича қонунчиликни янада такомиллаштириш.
Судьяларни чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада кенгайтириш ва давом эттириш, бунда нуфузли халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг, шунингдек, олимларимиз ва соҳа мутахассисларининг тавсияларини ўрганиш, халқаро стандартларга интилишда ўринли ва асосли таклифларга қулоқ тутишимиз, аҳолининг судларга ишончини оширишга, мамлакатимиз имижини янада яхшилашга хисса қўшадиган ислоҳотларда собитқадам бўлишимиз керак.
Хусусан, бугун:
• судьялик лавозимининг барқарорлиги тамойили асосида судьяликка тайинлаш муддатларини ислоҳ этиш, унга кўра, илк бор тайинланган судьяларнинг 5 йиллик муддати тугагач, монелик қилувчи салбий ҳолатлар аниқланмаган тақдирда, судьялик лавозимининг муддатсиз даврига тайинлаш тартибини жорий этиш;
• судьяларни янги ваколат муддатига тайинлаш шартлари сифатида аниқ мезонларни белгилаш;
• Судьялар олий кенгаши таркибига номзодларни таклиф этишда, судлар раисларини сайлашда судьялар ҳамжамияти иштироки орқали ушбу жараёнларга демократик элементларни жорий этиш каби масалаларни кўриб чиқишни давр тақозо этмоқда.
Бешинчи масала – вилоят судларидаги тафтиш инстанциясида – холислик ва беғаразлик тамойилларини янада кенг жорий қилиш, фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг судга бўлган ишончини ошириш мақсадида уларни такомиллаштириш зарурати мавжуд.
Давлатимиз раҳбари ҳузуридаги тақдимот доирасида барча йўналишлар судлари бўйича минтақавий тафтиш судларини ташкил этиш, шу муносабат билан вилоят ва унга тенглаштирилган судлардаги тафтиш инстанцияларини тугатиш таклиф этилди. Бунда вилоят ва унга тенглаштирилган судларда фақатгина апелляция ва кассация инстанцияси фаолият юритиши, тафтиш инстанцияси эса, 5 та ҳудуддаги минтақавий судларда ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Президентининг қабул қилинган “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ушбу тизимли ислоҳотларнинг мантиқий давоми ва муҳим босқичи бўлди.
Мазкур Фармон суд тизими учун юқори малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш тизимини халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштириш, таълим, илм-фан ва амалиёт узвийлигини таъминлаш орқали профессионал судьялар корпусини шакллантиришга қаратилган.
Фармонда суд-ҳуқуқ соҳасида малакали кадрлар тайёрлашнинг янги тизимини жорий этишдаги қатор устувор мақсадлар белгилаб берилган.
Суд тизими учун ҳар томонлама етук, замонавий билим ва зарур касбий кўникмаларга эга, юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини ташкил этиш; судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш, судья ва суд аппарати ходимларининг малакасини ошириш, раҳбарлик лавозимини эгаллаш учун захирадаги судьяларни қайта тайёрлаш, таълим олувчиларда судьялик касбий маданиятини шакллантиришга қаратилган дастурларни жорий этиш шулар жумласидандир.
Фармонда, шунингдек, бўлажак судьяларда мустақил, холис, беғараз, фақат қонунга таянган ҳолда ва адолат билан иш юритишнинг касбий кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган интерфаол ўқитиш услубларини таълим жараёнига татбиқ этиш сингари бошқа муҳим вазифалар ҳам назарда тутилган.
Фармонга кўра, Судьялар олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ташкил этилмоқда. Албатта, бу шунчаки ном ўзгариши эмас, балки суд тизими ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини бутунлай янги, сифатли босқичга олиб чиқишга қаратилган стратегик ислоҳотдир.
Академияда таълим жараёни “устоз-шогирд” анъанаси асосида, “бўлажак судьяни судья ўқитади” тамойилига мувофиқ ташкил этилади. Бу, ўз навбатида, назарий билимларни амалиёт билан узвий боғлаш, ёш кадрларнинг судьялик фаолиятидаги нозик жиҳатларни тажрибали устозлардан ўрганишини таъминлайди.
Энди судьялик лавозимига номзодлар мазкур академиянинг олти ойлик касбий қайта тайёрлаш курсларида давлат гранти асосида тайёрланади.
Бу жараёнда касбий қайта тайёрлаш курсларига киришдан олдин номзодларнинг бенуқсон обрў-эътибори, ҳалоллиги ва лаёқати Судьялар олий кенгаши томонидан ўрганилади. Натижада судьялик лавозимига фақат юксак ахлоқий фазилатларга эга, виждонли ва ҳалол номзодлар танлаб олиниши таъминланади.
Яна бир муҳим жиҳат: судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш дуал таълим шаклида, “назария — амалиёт — имитация” тамойили асосида ташкил этилади. Дуал таълим услуби тингловчиларнинг орттирган билимини амалиётда қўллаш кўникмасини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, қатор хорижий давлатларда кенг қўлланилади.
Масалан, Германияда судьяларни тайёрлашда “икки босқичли тайёргарлик” моделига таянилади. Бунда асосий эътибор назария ва амалиётнинг узвийлигини таъминлашга қаратилади.
Одил судлов академиясида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб суд фаолияти мутахассислиги бўйича амалий магистратура дастури асосида ўқитиш жорий этилади. Бу олий юридик таълим тизимида янги босқич бўлиб, назарияни амалиёт билан уйғунлаштирган ҳолда суд ишларини юритиш бўйича чуқур билим ва амалий кўникмага эга, юқори малакали мутахассисларни тайёрлайди.
Шундай қилиб, Президентимизнинг мазкур Фармони тизимда изчил татбиқ этилаётган одил судловни таъминлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Айни ҳужжат юртимизда юқори малакали, ҳалол ва адолатли судьялар корпусини шакллантиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб, Янги Ўзбекистонда суд ҳокимиятининг мустақиллиги, адолатлилиги ва холислигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Дилшод ТАДЖИБАЕВ,
Тошкент вилояти
суди раиси