СУД ТИЗИМИ – ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ҲИМОЯСИНИ ТАЪМИНЛОВЧИ МУҲИМ ИНСТИТУТГА АЙЛАНДИ

Суд ҳокимиятининг чинакам мус тақиллигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришдаги муҳим шартлардан биридир.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Одил судлов соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш департаменти бошлиғи Отабек ИСМОИЛОВ билан суд тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳақида суҳбатлашдик.
– Фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш учун мустақил суд тизимини яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишлари этиб белгиланди. Шу мақсадда мустақиллик йилларида суд-ҳуқуқ тизими тубдан такомиллаштирилди.
2017-2025 йилларда Олий суд томонидан 280 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиб, суд тизимига оид 65 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Бу ҳужжатлар билан “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизими шакллантирилди. Халқимиз, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд ҳимоясига бўлган эҳтиёжи таъминлаб келинмоқда.
– Давлат органлари қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан фуқароларнинг судга шикоятлари қандай кўриб чиқилмоқда?
– Бу ҳуқуқ конституциявий даражада кафолатланган. Уни амалда таъминлашга хизмат қиладиган маъмурий судлар ташкил этилди. Бу фуқаролар ва тадбиркорларнинг суд ҳимоясига эришиш даражасини янада оширди.
Мисол учун 2017-2024 йилларда маъмурий судлар томонидан 102 мингдан ортиқ иш кўрилган бўлса, шундан 61 мингга яқин ёки 60 фоиз талаблар қаноатлантирилган. Ўтган йилнинг ўзида ушбу кўрсаткич 41 фоизни ташкил этди.
Туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилди. 2017 йилга қадар хўжалик судлари фақат вилоят даражасида фаолият кўрсатган. Айрим туманлар суд биносидан узоқ масофада жойлашгани сабабли тадбиркорлар даъво аризасини берган пайтдан низо судда кўриб чиқилгунига қадар вилоят марказига бир неча маротаба қатнашга мажбур бўлган. Бу эса, уларнинг моддий харажат ва ортиқча вақт сарфлашларига сабаб бўлган.
Ташкил этилган иқтисодий судлар жойлашуви узоқ ҳудудларда истиқомат қиладиган фуқароларнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд ҳимоясига эришиш даражасини оширди.
– Хусусий мулк ҳимояси ва дахлсизлигини таъминлаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Хусусий мулк ҳимояси ва дахлсизлигини суд орқали ҳимоялаш кучайтирилди. Хусусий мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини бевосита ёки билвосита чеклашни назарда тутувчи, мулкий муносабатларда бозор иқтисодиёти тамойилларини тўлиқ жорий этишга тўсқинлик қилувчи тартиблар, талаблар ва чекловлар бекор қилинди.
Жумладан, ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши учун асос бўлган ҳужжатларни, шу жумладан, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларини уларнинг ўзи ёки юқори турувчи орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан, прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ер участкасига бўлган ҳуқуқни тугатиш амалиётига чек қўйилди.
Ушбу ҳужжатлар фақат суд томонидан бекор қилинади ёки ҳақиқий эмас, деб топилади.
– Суд қарорларини қайта кўриш босқичлари қандай самара бермоқда?
– Суд қарорларининг узил-кесил адолатли бўлиши учун уларни қайта кўриш босқичлари мавжуд. Бу кейинги йилларда такомиллаштирилиб, вилоят даражасида ишларни қайта кўришнинг янги босқичлари (кассация, тафтиш инстанциялари), Олий судда эса, тафтиш инстанцияси жорий этилди. Ушбу ислоҳот 2024 йил 1 январдан эътиборан амалиётга татбиқ этилди. Бу билан фуқароларга вилоят даражасида ишларни апелляция ёки кассацияда ва тафтиш тартибида, Олий судда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш имконияти яратилди.
Бунда юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартиби бекор қилинди ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулияти юкланди.
Ислоҳот натижасида суд ишларини кўришнинг ўта марказлаштирилишига барҳам берилди. Ҳар бир суд инстанциясининг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш мажбурияти юклатилгани аҳолининг ортиқча вақт ва харажатлари тежалишига олиб келди.
– Судларни рақамлаштириш ишлари қай даражада?
– Судларда ишларни кўриб чиқишда адолатни, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш учун “Электрон одил судлов” тизими яратилди.
Судьялар ўртасида ишларни инсон омилисиз, автоматик равишда тақсимлаш, судларга электрон мурожаат ва суд ҳужжатларини тарафларга электрон шаклда юбориш, суд мажлисларини аудиоёзувда қайд этиб бориш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятини кенгайтириш каби замонавий ёндашувлар натижасида одил судлов самарадорлигига эришилмоқда.
Судларнинг ахборот тизими билан вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ўртасида маълумотларни электрон шаклда олиш тартиби амалиётга жорий этилиб, улар билан маълумотлар алмашинуви 100 фоиз рақамли шаклга ўтказилди.
Шунингдек, Олий суднинг Интерактив хизматлар портали ишга туширилиб, у орқали фуқароларга 49 турдаги интерактив хизматлар кўрсатилмоқда.
Унда судларга электрон шаклда мурожаат қилиш, суд харажатларини электрон тарзда тўлаш, қонуний кучга кирган суд қарорлари билан танишиш, ишлар ҳолатини онлайн кузатиб бориш, суд чақирув қоғозини электрон олиш, суд мажлиси жадвали билан онлайн танишиб бориш, дунёнинг исталган нуқтасидан туриб, суд мажлисларида мобил видеоконференцалоқа тизими орқали иштирок этиш каби интерактив хизматлар йўлга қўйилди.
Айни пайтда судлар фаолиятига фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, суд ҳужжатлари лойиҳаларини автоматик тайёрлаш ва суд амалиётини таҳлил қилиш йўналишида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича чоралар кўрилмоқда.
– Судлар фаолияти очиқлигини таъминлаш борасида қандай чора-тадбирлар амалга оширилди?
– Судлар фаолияти ҳақида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида, ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.
Қабул қилинган суд ҳужжати ўқиб эшиттирилганидан сўнг унинг мазмун-моҳияти суд процесси иштирокчиларига тушунтирилмоқда. Судлар чиқарган қарорлар Олий суд веб-сайтида мунтазам равишда эълон қилиниб борилади.
Олий судда Жамоатчилик билан ҳамкорлик маркази ҳамда вилоят ва унга тенглаштирилган судларда матбуот хизматларининг ташкил этилгани аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш ва суд ҳокимиятининг очиқлигини ошириш йўлида кўрилган муҳим чора бўлди.
Жамоатчиликни ҳар чоракда судлар фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб бориш тартиби жорий этилди.
Конституцияда белгиланган суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида, судлар раисларининг халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоида бекор қилинди.
Ушбу ислоҳот натижасида одил судловнинг давлат ҳокимиятининг бошқа тармоқларидан мустақил ҳолда иш юритишига оид демократик принцип амалда рўёбга чиқди.
– Суд ишларини юритишда амалиётга янги институтлар киритилди. Бу қандай натижа бермоқда?
– Жиноят процессида ярашув институти кенгайтирилди, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари лавозимлари киритилди. Жиноят иши бўйича – дастлабки эшитув, фуқаролик ва иқтисодий судларда – судгача мажлис, соддалаштирилган тартибда иш юритиш, медиация институтлари жорий қилинди.
Инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, жиноят иш юритувида инсонпарварлик тамойиллари асосида “Хабеас корпус” институтини янада кенг татбиқ этиш мақсадида, 2025 йил 1 январдан тергов судьялари фаолияти йўлга қўйилди.
Судга қадар иш юритиш даврида процессуал қарорларга санкция бериш ҳамда жиноят ишини кўриб чиқиш вазифаси жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларнинг ваколатига берилди.
Тергов судьяси институтининг амалиётга жорий этилиши тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга имконият яратди.
Оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давоми сифатида фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларда оилавий низоларни кўришга ихтисослашган судьялар корпусини шакллантириш мақсадида, 2024 йил 1 февралдан тажриба тариқасида “Оила судьялари” ташкил этилди.
Айтиб ўтиш керакки, қонун ҳужжатларини амалиётда бир хилда қўллаш, ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида, Олий суд Пленуми қарорлари қабул қилинади. Кейинги икки йилда бу борада 20 дан ортиқ қарор қабул қилинди ва муҳим тушунтиришлар берилди.
Хулоса қилиб айтганда, суд соҳасидаги ислоҳотлар инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
ЎзА мухбири
Норгул АБДУРАИМОВА
суҳбатлашди