Click to listen highlighted text!

ТАДБИРКОРЛАР ҲУҚУҚЛАРИ СУД ҲИМОЯСИДА

photo_2025-08-28_16-26-30

Мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этиш борасида бошланган ислоҳотларнинг дастлабки кунлариданоқ юксак маррага эришишда илғор технологиялар асосида замонавий корхоналар очаётган, юз минглаб янги иш ўринларини яратаётган ва дунё бозорларига жадал кириб бораётган тадбиркорларни қўллабқувватлаш стратегик вазифа этиб белгиланди. Кейинги йилларда мана шу мақсадлар сари кенг кўламли ислоҳотлар босқичмабосқич кечмоқда.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 27 февраль куни суд фаолиятини янада яхшилаш, очиқлик ва рақамлаштириш даражасини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган йиғилишда “Сўнгги саккиз йилда судларга доир 70 га яқин қонун, фармон ва қарор қабул қилинди. Уларнинг моддий-техник базаси яхшиланди. Булар аҳоли ва тадбиркорларнинг масалаларини ҳал этиб, адолатни қарор топтиришга хизмат қиляпти. Ўтган йили судларда 3 миллиондан ортиқ масала кўриб чиқилди. Бу — аҳолининг ҳуқуқий онги ошиб бораётганидан далолат”, деди. Ушбу эътироф инсон манфаатларига хизмат қиладиган, қонун устуворлигини таъминлайдиган одил судлов соҳасини такомиллаштириш давлатимизнинг доимий эътиборида эканининг исботи.

Президентимиз томонидан судлар олдига тадбиркорлик, инвестиция, инфратузилма, ер, солиқ, кредит, меҳнат муносабатлари, шунингдек, тадбиркорлар фаолиятида учраётган муаммоли масалаларни таҳлил қилиб, ҳукуматга ва парламент муҳокамасига киритиб бориш вазифаси қўйилди. Шунга мувофиқ, Олий суд томонидан қайд этилган масалалар бўйича судларда кўрилган ишларни чуқур таҳлил қилиш асосида аниқланган муаммоли масалалар ҳукумат ва парламент муҳокамасига мунтазам равишда киритиб борилмоқда.

Бугунги кунда тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш имконияти тобора кенгайтирилмоқда. Бу борада судлар фаолиятида очиқлик, шаффофликни таъминлаш ва қўшимча қулайликлар яратиш, тадбиркорларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, уларнинг судга ишончини мустаҳкамлашга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Давлат органлари қарорлари ва мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари ё ҳаракатсизлиги устидан шахснинг судга шикоят қилиш ҳуқуқининг конституциявий кафолатларини амалга ошириш масаласи жуда муҳим. Ушбу масъулиятли вазифани таъминлашга хизмат қиладиган маъмурий судлар ташкил этилиши, шунингдек, иқтисодий судларда иш юритиш соддалаштирилиши тадбиркорларнинг суд ҳимоясига эришиш даражасини янада оширди.

Хусусан, 2022-2024 йилларда маъмурий судлар томонидан тадбиркорлик субъектлари аризалари асосида 13 мингдан ортиқ иш кўриб чиқилиб, уларнинг 6 мингга яқини қаноатлантирилган. Бунда тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари тиклангани, шунингдек, иқтисодий судлар томонидан 2024 йилда тадбиркорларнинг даъволари асосида кўриб чиқилган 56 мингдан ортиқ ишнинг 85 фоизи қаноатлантирилгани тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг роли ошиб бораётганидан далолат беради.

Охирги йилларда суд иш юритуви соҳасига оид қатор тартиб-таомиллар жорий этилди. Натижада судлар орқали тадбиркорларнинг ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва тиклаш билан боғлиқ бюрократик тўсиқ, оворагарчилик ва сарф-харажатлар кескин қисқартирилишига эришилмоқда.

Иқтисодий процессуал кодексида тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, банклар ўртасидаги низолар бўйича ишларни кўриб чиқишда қонунчиликда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддият ва ноаниқликлар тадбиркорлик субъекти фойдасига талқин этилиши белгиланди.

Бундан ташқари “Давлат божи тўғрисида”ги қонун билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига палата аъзолари манфаатида олдиндан давлат божи тўламасдан суднинг барча инстанцияларига мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди. Қолаверса, кичик тадбиркорлик субъектлари фаолияти доирасида судларга мурожаат қилиш чоғида белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўлашига оид имтиёз белгиланди.

Бу ҳақда батафсил тўхталаётганимиз бежиз эмас. Чунки бу тизимли имкониятларнинг барчаси бугунги кунда тадбиркорларни суд орқали ҳуқуқий ҳимоялашни янада кучайтириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Энг муҳими, иқтисодий ва фуқаролик суд ишларини юритиш соҳасига соддалаштирилган тартиблар жорий этилди. Эндиликда даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса, беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида, суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан йигирма кундан ошмаган муддатда кўриб чиқилмоқда. Шу асосда 2022-2024 йилларда иқтисодий судлар томонидан 42 мингдан ортиқ иш соддалаштирилган тартибда кўрилиб, ҳал этилган.

Суднинг ахборот тизими орқали мурожаат қилишда суд ҳужжатларини мурожаатга илова тарзида тақдим этишга оид мажбурият бекор қилинди.

Бу билан судга мурожаат қилишдаги бюрократик тўсиқларга барҳам берилди.

Тадбиркорларнинг бузилган ва низолашилаётган ҳуқуқларини иқтисодий судларда тезкор ва сифатли кўриб чиқиш таъминланмоқда. Айниқса, ишларни кўришдаги асоссиз кечиктиришларнинг олдини олиш мақсадида, суд ишларини кўриш, қолдириш ва танаффус қилишнинг қатъий муддати ва ҳолатлари белгилаб қўйилди.

Муҳим жиҳатлардан бири, “Медиация тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши натижасида суд низосини ҳал этишда яраштириш тартиб-таомилларини қўллаш имконияти кенгайди. Биринчи инстанция судида суд маслаҳатхонага қарор қабул қилиш учун чиққунига қадар тарафларга медиатив келишув тузиш имконияти берилди.

Судда тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилганлиги боис, ариза кўрмасдан қолдирилган ҳолларда давлат божи суммаси қайтарилишига оид норма белгилаб қўйилди. Хусусан, медиация тартиб-таомили қўлланган иқтисодий ишлар статистикасига кўра, 2020-2024 йилларда иқтисодий судлар томонидан кўрилган 20 мингдан ортиқ ишда медиация таомили қўлланилган ва шундан 18 мингга яқин ҳолатда медиатив келишув тузилгани сабабли давлат божлари тадбиркорлик субъектларига қайтарилган.

Иқтисодиёт ривожида инвестициянинг ўрни муҳим аҳамиятга эга. Бу, ўз навбатида, инвесторлар ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг самарали тизими яратилишини тақозо этади. Шу муносабат билан инвесторлар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низо ва рақобатга оид ишларнинг судловга тааллуқлилигига оид янги тартиб белгиланди.

Жумладан, йирик инвесторларга тааллуқли низолар ва рақобатга оид ишлар, тарафларнинг хоҳишига кўра, Олий суднинг биринчи инстанция судида тўғридан-тўғри кўрилиши мумкин. Айни чоғда бошқа инвесторлар иштирокидаги инвестициявий низолар, уларнинг хоҳишларини инобатга олган ҳолда, вилоят даражасидаги судлар томонидан биринчи инстанция судида кўрилмоқда.

Кейинги йилларда инвестициявий ҳуқуқларни ҳимоя қилишда судлар фаол иштирок этмоқда. 2022-2024 йилларда иқтисодий судларнинг биринчи инстанциясида 660 дан ортиқ инвестициявий низо ҳал этилгани бунинг яққол тасдиғидир.

Судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш орқали тадбиркорларга одил судлов имкониятидан фойдаланишда ҳам қатор қулайликлар яратилди. Жумладан, судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологиялари кенг татбиқ этилиб, судларга масофадан туриб, электрон тарзда мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизими, шу жумладан, мобил воситалар орқали иштирок этиш, холисликни таъминлаш мақсадида, судьялар ўртасида ишларни ахборот тизими орқали автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилди.

Одил судлов соҳасини рақамлаштиришни янада кенгайтириш мақсадида, Олий суднинг интерактив хизматлар портали ишга туширилди.

Натижада аҳоли ва тадбиркорлар учун одил судлов имкониятидан фойдаланишдаги барча имкониятлар электрон ва интерактив шаклга келтирилиб, бюрократик ноқулайликлар бартараф этилди.

Судларнинг ахборот тизими билан давлат органлари ва ташкилотлари ахборот тизимлари ўртасида муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумот ва ҳужжатларни тадбиркор ва фуқароларни овора қилмаган ҳолда бевосита судларнинг ўзи томонидан электрон шаклда олиш тартиби амалиётга жорий этилди. Бунда маълумотлар алмашинувининг рақамли шаклга ўтказилгани катта аҳамият касб этди.

Олий суднинг интерактив хизматлар порталида судларга электрон шаклда мурожаат қилиш, суд харажатларини электрон тарзда тўлаш, қонуний кучга кирган суд қарорлари билан танишиш, ишлар ҳолатини онлайн кузатиб бориш, суд чақирув қоғозини электрон олиш, суд мажлиси жадвали билан онлайн танишиб бориш, дунёнинг исталган нуқтасидан туриб суд мажлисларида мобил видеоконференцалоқа тизими орқали иштирок этиш каби интерактив хизматлар жорий этилди.

Ҳозирга қадар судларнинг 6,4 миллиондан ортиқ қарори Олий суднинг интерактив хизматлар порталида эълон қилинди.

Олий судда Жамоатчилик билан ҳамкорлик маркази (PR марказ) ҳамда вилоят ва унга тенглаштирилган судларда матбуот хизматлари ташкил этилган. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш ва суд ҳокимияти очиқлигини ошириш йўлида муҳим чоралар кўрилмоқда.

Бундай замонавий ёндашувлар эвазига одил судлов самарадорлигига эришилмоқда. Соҳадаги чора-тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман, одил судловга эришишни амалга ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини бериб, судлар мустақиллигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Келгусида тадбиркорларнинг суд орқали ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва уларнинг одил судловдан қулай фойдаланиши борасида бир қатор тизимли ишларни амалга ошириш режалаштирилган.

Жумладан, “Raqamli sud” концепцияси асосида босқичма-босқич барча судларнинг ахборот тизимлари негизида сунъий интеллект технологияларини яратиш, судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини кенгроқ жорий қилиш ва суд соҳасида рақамлаштириш ишларини янада самарали ташкил этиш суд жараёнларида бюрократик тўсиқ ва коррупциявий омиллар бартараф этилишига замин яратади.

Эндиги навбатда тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш ҳамда суд ишларини кўришни соддалаштириш мақсадида:

— судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижасини ҳамда сарфланадиган харажатларни шакллантириш;

— мурожаатларни судга фақат электрон шаклда юбориш;

— ишда иштирокчилар суд биносига ташриф буюрмасдан суд муҳокамаларида масофадан туриб қатнашишини таъминлаш;

— тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд жараёнларида ишга доир барча материаллар билан электрон шаклда танишиш имкониятини яратиш;

— суд харажатларини электрон шаклда ҳисоблаш ва тўлаш, шунингдек, ижро варақаларини автоматик равишда ижрога юбориш;

— суд ишларини замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тўлиқ электрон тарзда юритиш;

— сунъий интеллект ёрдамида суд мажлиси баённомаларини реал вақт режимида матн шаклида тайёрлаш;

— суд ҳужжатлари лойиҳаларини автоматик шакллантириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, суд соҳасини рақамлаштириш ва одил судлов жараёнларига замонавий ахборот технологияларини жорий этишнинг 2025-2027 йилларга мўлжалланган дастури ишлаб чиқилмоқда. Дастурда қуйидаги вазифалар назарда тутилмоқда:

— 2025 йил 1 декабрдан бошлаб, фуқаролар, адвокатлар, юристлар, судьялар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформасини ишга тушириш;

— 2025 йил якунига қадар суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш махсус ахборот дастурини яратиш;

— 2026 йил 1 январдан бошлаб, “my.sud.uz” интерактив хизматлар порталида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш модулини жорий этиш, бунда сунъий интеллект асосида ишлайдиган виртуал маслаҳатчини яратиш, ҳуқуқий мурожаатларга жавоб бериш ҳамда суд маълумотларини автоматик етказиш;

— 2026 йил 1 мартдан бошлаб, фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича дастлабки суд маълумотларини фуқароларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имкониятини яратиш;

— 2026 йил якунига қадар фуқароларга одил судловга эришишда қулай имкониятлар яратиш мақсадида, 5 та янги интерактив хизматни йўлга қўйиш, шунингдек, суднинг ахборот тизимидаги “Шахсий кабинет” платформасининг фойдаланувчилар учун янада қулай янги версиясини ишлаб чиқиш каби қатор амалий чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Шу билан бирга, “Рақамли ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси судларнинг ахборот тизимлари билан тўлиқ интеграция қилинади. Натижада судда иштирок этувчи тадбиркорлардан ортиқча маълумотлар талаб этилишига чек қўйилади ҳамда уларнинг вақт ва маблағ билан боғлиқ харажатлари тежалиши, ортиқча сансалорликнинг олди олинишига эришилади.

Судларнинг моддий-техник базасини яхшилаш орқали тадбиркорларга янада кенг қулайликлар яратиш мақсадида, 2025-2030 йилларда замонавий суд биноларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

Бунда янги суд биноларини қуриш ва мавжудларини мукаммал таъмирлашда “Рақамли суд” концепцияси асосида суд мажлиси залларини ташкил этиш ҳамда тадбиркорлар ва судьялар учун қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилади.

Суд ҳужжатлари ижросини ташкил этишда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш орқали тадбиркорлик субъектларига қўшимча қулайлик ва имкониятлар яратилади.

Иқтисодий судларда даъво аризаси бўйича ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш учун даъвонинг максимал баҳосини ошириш орқали тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тезкор ва сифатли ҳимоя қилиш имкониятлари янада кенгайтирилади.

Мухтасар айтганда, тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга. Бунда маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш, маъмурий суд иш юритувига даъво институтини киритиб, даъво турларини аниқ белгилаш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда суднинг фаол иштироки принципини қўллаш механизмларини кенгайтириш, ҳуқуқи бузилган шахснинг хоҳишига кўра, экстерриториал судловга тегишлилик механизмини жорий этиш — буларнинг барчаси, шубҳасиз, маъмурий судлар тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айланишида муҳим қадамлар бўлиб хизмат қилади.

Бахтиёр ИСЛОМОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси

 (“Янги Ўзбекистон” газетаси,

2025 йил 19 август)

#thegov_button_68bf1198a8560 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_68bf1198a8560:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_68bf1198a8560 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_68bf1198a8560:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!