Click to listen highlighted text!

КОРРУПЦИЯ ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИДАГИ ХАВФЛИ ИЛЛАТ БЎЛИБ, УНГА ҚАРШИ КУРАШИШ ҲАР БИРИМИЗНИНГ МАСЪУЛИЯТЛИ БУРЧИМИЗДИР

photo_2025-12-02_17-24-51

Бугунги кунда халқимизнинг бутун диққат-эътибори Янги Ўзбекистонни қонун устувор бўлган, коррупциядан холи, адолатли, шаффоф жамиятга айлантиришга қаратилган. Аввало бу борада мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди ва изчил такомиллаштириб келинмоқда.

Биргина ўтган йилнинг ўзида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлашга қаратилган 8 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Жумладан, 2024 йил 5 июнда “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бинобарин, коррупцияга оид ҳар қандай жиноят билан муроса қилиб бўлмайди. Бундай қилмишни содир этган шахслар муқаррар жазога тортилади.

Яқинда суд томонидан Бекзод Элмаматов (исм-шарифлар ўзгартирилди) Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганлиги учун унга оид жиноят иши мазмунан кўриб чиқилди. Суд судланувчини икки йил муддатга давлат иштирокидаги корхона, муассаса ва ташкилотларда моддий жавобгарлик ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиб, икки йил олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм чиқарди.

Судланувчи Б. Элмаматов “Жиззах иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи лавозимига 2024 йил 14 ноябрь куни тайинланган. Бироқ нафс измига юрган Б. Элмаматов мансабдор шахс бўла туриб, ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда ноқонуний йўллар билан моддий бойлик орттириш мақсадида порахўрлик жиноятини содир этган.

Воқеа баёни шуки, Жиззах вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниясининг буюртмасига асосан “Сангзор таъминот инвест” масъулияти чекланган жамияти томонидан Зомин туманининг ”Қайирма” маҳалласи ҳудудида жойлашган Тиббиёт коллежи иситиш қозонхонасида қиймати 163 миллион 761 минг 184,30 сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилган.

“Сангзор таъминот инвест” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шербек Жалилов Давлат унитар корхонаси раҳбари вазифасини бажарувчиси Б. Элмаматовга учрашиб, қозонхонада таъмирлаш ишларини бажарилганини айтган ва ушбу объектда синов ўтказиб, далолатнома расмийлаштириб беришни сўраган. Б. Элмаматов қўл остидаги мутахассисларни жалб этиб, синов ўтказиб, унинг асосида далолатнома расмийлаштириб берганида ҳеч бир муаммога ўрин қолмасди.

Аксинча, у масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ш. Жалиловнинг ўзига иши тушганидан бойиб қолишни ўйлаган ва жиноят кўчасига қадам қўйган.

Гарчи объектда тегишли тартибда синов ишлари амалга оширилмаган бўлса-да, қонунга зид равишда 2025 йил 14 март куни ўтиб кетган муддат – 2024 йил 14 ноябрь санаси билан синов далолатномасини расмийлаштиради ва Ш. Жалиловдан хизмати учун 500 АҚШ доллари талаб қилади.

Шундан сўнг Ш. Жалилов бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат қилади.

Ўша куннинг ўзида Б. Элмаматов синов далолатномаси учун талаб қилган 450 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтида ушланади.

Коррупцияга дахлдор яна бир жиноят иши тафсилоти билан танишсак.

Судланувчи Ўткир Омонбоев Суд-тиббий экспертиза маркази Жиззах вилоят филиали суд-тиббий эксперти лавозимида ишлаб келган. Эгаллаб турган лавозимига кўра, у мансабдор шахс ҳисобланган Ў. Омонбоев ҳам хизмат мавқеидан фойдаланиб, ноқонуний йўллар билан бойлик орттиришни кўзлаган.

Унинг иш юритувида Жиззах шаҳар ИИБ ЙҲХБ инспектори М. Қодировнинг фуқаро С. Саъдуллаев бошқарувидаги “Нексия-2” автомашинаси билан 2025 йил 13 март куни соат 16-30ларда шаҳар шоҳкўчасида пиёдалар ўтиш йўлагини кесиб ўтаётган, 2003 йилда туғилган А. Аҳмедовни уриб юбориб, тан жароҳати етказганлиги ҳолати юзасидан тайинланган суд-тиббий экспертиза иши бор эди.

Ў. Омонбоев ўзганинг бошига тушган ташвишдан фойдаланиб қолишни кўзлайди. Ҳайдовчи С. Саъдуллаевдан йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан тўпланган ҳужжатлар бўйича унинг фойдасига экспертиза хулосасини енгиллаштириб ёзиб бериш эвазига 200 АҚШ доллари ва яшаш уйи учун 100 долларлик мебель ясаб беришни талаб қилади.

Шундан сўнг Ў. Омонбоев пора тариқасида талаб қилган пулларни таниши, пора олиш-беришда воситачилик қилаётган вилоят патологик анатомия бюроси кичик тиббий ходими Ш. Ҳайдарова орқали олишини айтади. Гўёки, Ш. Ҳайдарова билан ўрталарида олди-бердиси борлигини билдираркан, пулларни унга бериб қўйишни тайинлайди.

С. Саъдуллевнинг аризасига асосан Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти Жиззах шаҳар бўлими ва Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилади. Ш. Ҳайдарова Ў. Омонбоевнинг топшириғига асосан Жиззах шаҳрининг Янгиобод кўчасида С. Саъдуллаевдан пора тариқасида талаб қилган 200 долларни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Суд судланувчи Ў. Омонбоевни Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисмида кўзда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор топиб, икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. У икки йил муддатга суд-тиббий экспертиза муассасаларида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилди.

Судланувчи Ш. Ҳайдарова эса, Жиноят кодексининг 25,212-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланиб, икки йил муддатга озодликни чеклаш жазосини ўташга ҳукм қилинди.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, ушбу иллат инсон ҳуқуқларининг бузилиши, мамлакат тараққиёти ва жамият равнақига жиддий таъсир этар экан, коррупцияга қарши курашиш, юртимизни коррупциядан холи ҳудудга айлантириш биргина давлат идораси ёки жамоат ташкилотининг вазифаси эмас, балки шу давлат фуқароси, жамият аъзоларига бирдек тегишли бўлган вазифа, масъулият ҳисобланади.

Ирода МУҲАМЕДОВА,

жиноят ишлари бўйича

Бахмал тумани суди тергов судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

#thegov_button_69304e7daf49c { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69304e7daf49c:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69304e7daf49c { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69304e7daf49c:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!