Click to listen highlighted text!

НОҚОНУНИЙ БУЙРУҚ СУД ТАРТИБИДА БЕКОР ҚИЛИНДИ, ХОДИМНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ТИКЛАНДИ

photo_2025-11-26_15-47-08

Инсонпарвар, кучли демократик давлат барпо этиш йўлида дадил одимлаётган, жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари билан бўйлашаётган она диёримизда эришилаётган юксак марралар, қўлга киритилаётган ютуқлар ҳеч шубҳасиз, юртимизда Конституция ва қонун устуворлиги таъминланаётгани билан чамбарчас боғлиқ. Инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимояси мустаҳкам кафолатлаб қўйилгани фуқароларда адолат ва ҳақиқатнинг ҳамиша бардавомлигига бўлган ишончни тобора ошириб, юксак мақсадлар сари янада самарали меҳнат қилишга даъват этмоқда.

Гап қонун устуворлиги ҳақида кетар экан, мамлакатимизда ходимлар ва иш берувчилар ўртасидаги меҳнат муносабатлари Конституция ҳамда қонунлар асосида тартибга солинганлигини алоҳида таъкидлаш керак.

Жумладан Конституциямизнинг 42-моддасига кўра, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Ҳаётда баъзан ходим билан тузилган меҳнат шартномаси қонунга хилоф равишда бекор қилинган ҳолатлар ҳам учраб туради. Бундай вазиятда ходим иш берувчига мурожаат қилиши ёки меҳнат шартномасининг бекор қилиниши устидан белгиланган тартибда, шу жумладан, суд тартибида шикоят қилиши мумкин. Бу қоида Меҳнат кодексининг 174-моддасида белгилаб қўйилган.

Масалан, яқинда судда даъвогар Нажмиддин Пўлатов (исм-шарифлар ўзгартирилди)нинг жавобгар “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти Шимолий кон бошқармасига нисбатан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқни ноқонуний деб топиш, ишга тиклаш, мажбурий бекор юрган кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги аризаси кўриб чиқилиб, даъвони қисман қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинди.

Шу ўринда бу ҳақида батафсилроқ тўхталадиган бўлсак, акциядорлик жамиятининг Шимолий кон бошқармаси “Даугизтау” очиқ усулда қазиб олиш кони участка механиги Н. Пўлатов шу йил 31 январь куни участка бошлиғи Ф. Ҳайдаровнинг топшириғи билан омборхонадан 209 литр мотор мойини олиб, участка ҳудудига келтиради.

Участка ҳудудида кузатув камераси ўрнатилгани боис Н. Пўлатов ҳеч ким тегинмайди, деган фикрда мотор мойи солинган бочкани қаровсиз қолдириб, бошқа ишларга чалғиб кетади. Қайтиб келса,бочка жойида йўқ, талон-торож қилинган.

Шундан сўнг корхона мулки талон-торож қилинганлик ҳолати юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилади ва жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судига юборилади. Суд қарори билан Н. Пўлатов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 61-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилади.

Ўз навбатида, акциядорлик жамияти Шимолий кон бошқармаси директорининг ўринбосари суд қарорига асосланиб, Н. Пўлатов билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқни қабул қилади.

Аммо орадан кўп ўтмай туман судининг ушбу қарори Навоий вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида муҳокама этилиб, бекор қилинади ва иш қўшимча суриштирувга қайтарилади. Охир-оқибат эса, жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг шу йил 27 июндаги қарорига асосан Н. Пўлатовга нисбатан юритилган маъмурий иш ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлмаганлиги сабабли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси 1-бандига асосан ҳаракатдан тугатилади.

Энди тасаввур қилиш мумкин: агар иш берувчи Н. Пўлатовнинг ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд эмаслиги ҳақида суд қарори чиқарилган заҳотиёқ хатони тузатганида, бирон-бир муаммога ўрин қолмаган.

Даъвогар даъво аризасида қайд этишича, у 2012 йилдан то меҳнат шартномаси бекор қилинган 2025 йилга қадар корхонада турли лавозимларда фаолият юритиб, жамоада обрў-эътибор қозонган. Ишдан асоссиз бўшатилгани сабабли руҳан эзилган, тушкунликка тушган. Бир неча ой ишсиз қолиб, моддий томондан қийналган. Бунинг устига у билан корхона ўртасида моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома имзоланмаган.

Н. Пўлатов суд қарори билан айбдорлиги исботини топмаганлиги сабабли акциядорлик жамияти Шимолий кон бошқармасининг 2025 йил 31 январдаги меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруғини ноқонуний деб топиб бекор қилишни, участка механиги вазифасига ишга қайта тиклашни, жавобгардан мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ва 50 миллион сўм маънавий зарар ундириб беришни сўради.

Судда аниқланган ҳолатлардан кўринишича, Н. Пўлатовнинг айбдор эмаслигини унга нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги иш суд қарорига асосан иш юритувдан тугатилгани тўлиқ тасдиқлайди.

Суд амалдаги қонунлар ва Олий суд Пленуми қарорининг раҳбарий кўрсатмалари талабларидан келиб чиқиб, жавобгар “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти Шимолий кон бошқармасининг даъвогар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги 2025 йил 31 январдаги буйруғини ноқонуний деб топди. Даъвогар Н. Пўлатовни 2025 йил 31 январдан бошлаб, ўз ишига қайта ишга тиклади.

Даъвогарнинг фойдасига мажбурий прогулда юрган кунлари учун 101 миллион 2 минг 907 сўм иш ҳақи (мажбурий чегирмалар ушлаб қолинган ҳолда) ундириладиган бўлди.

Шунингдек, суд маънавий зарар етказилганлигини акс эттирувчи ҳақиқий ҳолатларни эътиборга олиб, оқилоналик ва адолатлилик тамойилларидан келиб чиқиб, қопланиши лозим бўлган маънавий зарар миқдорини баҳолади ва унга кўра, 19 миллион сўм товон пули ундириладиган бўлди.

Шу каби Фуқаролик-процессуал кодексининг 141-моддаси 1-қисмига кўра, ишни кўриш билан боғлиқ бўлган ва даъвогар тўлашдан озод қилинган суд чиқимлари ҳамда давлат божи жавобгардан арз қилинган талабларнинг қаноатлантирилган қисмига мутаносиб равишда давлат даромадига ундирилди.

Ҳал қилув қарорининг буйруқни ғайриқонуний деб топиб, ишга тиклаш ҳақидаги қисми дарҳол ижрога қаратилди.

Гувоҳи бўлганингиздек, меҳнат муносабатларида йўл қўйилган хато иш берувчи томонидан ўз вақтида, тўғри изга солинмагани, шошқалоқлик билан ноқонуний буйруқ чиқарилгани қимматга тушди. Демак, меҳнат қонунчилиги талабларига ҳар доим қатъий риоя этиш асло панд бермайди.

Баҳодир БОБОҚУЛОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Хатирчи тумани суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,журналист

 

#thegov_button_69304e829c16c { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69304e829c16c:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69304e829c16c { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69304e829c16c:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!