ҚОНУН ТАЛАБИГА РИОЯ ЭТМАСЛИК ТЕГИШЛИ ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛДИ

Аввало шуни қайд этиш керакки, ҳар бир фуқаро, ўз ҳуқуқларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт. Бу қоида янги таҳрирдаги Конституциямиз ва Фуқаролик кодексида белгилаб қўйилган. Ўз навбатида, бу фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг асосий мазмун-моҳиятини ўзида акс эттирадиган қоидалардан бири саналади.
Бугунги кунда фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар ривожлангани ва кенгайиб боргани сари унда ўзга шахсларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ҳамда субъектив мажбуриятларни ўз вақтида тўлиқ бажариш билан бир қаторда шартномавий муносабатларни тўғри, ўз вақтида расмийлаштиришда ҳуқуқ ва қонун талаби бузилиши ҳолатлари ҳам учраб туради.
Хўш, бунга нималар сабаб бўлмоқда?
Бу саволга жавобан шуни айтиш керакки, Конституциямизнинг 15-моддасида Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устуворлиги сўзсиз тан олиниши, давлат ва унинг органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш юритиши белгиланган.
Бироқ суд амалиётида кўрилган айрим ишлар таҳлилидан давлат органлари ва муассасаларида қонунчиликнинг ушбу талабларига етарлича эътибор қаратилмаётгани оқибатида фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилаётганини кўриш мумкин.
Мисол учун Савдо-саноат палатасининг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси «O. E.» масъулияти чекланган жамияти манфаатини кўзлаб, судга даъво аризаси билан мурожаат қилган ва Навоий давлат университетидан 464 588 186 сўм бажарилган ишлар қийматини ундириб беришни сўраган.
Ишдаги ҳужжатлар ва суд муҳокамасида аниқланган ҳолатларга кўра, жавобгарга қарашли биноларда даъвогар томонидан қурилиш-монтаж ишлари бажарилгани юзасидан жами 464 588 186 сўмлик далолатномалар расмийлаштирилиб, ушбу сумма доирасида қарздорлик мавжудлиги ҳақида икки томонлама тасдиқланган солиштирма далолатнома тузилган.
Қизиқ томони шундаки, судга тақдим этилган даъво аризасига даъвогар томонидан 2024 йил 23 сентябрдаги 74 970 000 сўмлик В1043885-сонли шартнома илова қилинган бўлса-да, ушбу шартнома тарафларнинг ваколатли вакиллари томонидан имзоланмаган, шунингдек, 464 588 186 сўмлик қурилиш-монтаж ишларини бажариш юзасидан шартнома ҳам тузилмаган.
Ҳолбуки, Фуқаролик кодексининг 108-моддасида юридик шахсларнинг ўзаро ва фуқаролар билан битимлари оддий ёзма шаклда тузилиши зарурлиги белгиланган.
Шунингдек, жавобгар бюджетдан маблағ олувчи ташкилот бўлганлиги боис тарафлар ўртасида қурилиш-монтаж ишларининг бажарилиши юзасидан тегишли тартибда шартнома тузилиши ва у Ғазначиликда рўйхатга олиниши лозим эди.
Аммо Навоий вилояти Ғазначилик хизмати бошқармаси томонидан тарафлар ўртасида 2024 йил 23 сентябрдаги В1043885-сонли шартнома Ғазначилик бошқармасида рўйхатдан ўтказилмагани маълум қилинди.
Ваҳоланки, Бюджет кодексининг 122-моддаси учинчи қисмига кўра, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бюджетдан ажратиладиган маблағлар бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчилар билан тузган шартномалари, шунингдек, уларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар улар ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилганидан кейин кучга киради.
Юқорида баён этилган ҳолатлардан шундай хулосага келиш мумкинки, тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг Ғазначиликда рўйхатдан ўтказилмагани, бунинг оқибатида ушбу битим кучга кирмагани ва тузилмагани сабабли ушбу шартнома доирасида жавобгарнинг тўловларни амалга ошириш мажбурияти ҳам юзага келмаган.
Натижада Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан даъво аризасини қаноатлантириш рад қилинди.
Айтиш керакки, Иқтисодий процессуал кодексининг 200-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, ишни кўриш вақтида давлат органи ёки бошқа органнинг, юридик шахснинг, мансабдор шахснинг ёки фуқаронинг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъи назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақлидир.
Шунга кўра, суд ушбу иш доирасида юқоридаги каби ҳолатларнинг келиб чиқиш сабабларини батафсил ўрганиш мақсадида, Навоий давлат университети масъул ходимлари ва бошқа шахсларга нисбатан хусусий ажрим чиқарди ва Навоий вилояти прокуратурасига юборди.
Хусусий ажрим ижроси юзасидан тақдим этилган маълумотда Навоий давлат университети масъулларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-8-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судига юборилганлиги маълум қилинди.
Ўрни келганда шуни айтиш жоизки, суднинг хусусий ажрим чиқаришдан кўзлаган мақсади — кимнидир жазолаш эмас, балки қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш ва унга келгусида йўл қўймасликни таъминлашдир.
Ҳолбуки, суднинг вазифаси нафақат корхона, муассаса, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, балки қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашишдан ҳам иборатдир.
Хўш, судда кўрилган ва юқорида келтириб ўтилган низонинг келиб чиқишига аслида ким айбдор?
Бу саволга жавобан шуни айтиш керакки, масъул мансабдор шахсларнинг қонун талабига эътиборсиз қараши, зиммаларидаги масъулиятни ҳис этмаслиги ушбу низонинг келиб чиқишига сабаб бўлган.
Ушбу мақолада иш ҳолатларини кенгроқ ёритишдан асосий мақсадимиз — даъвогар ёки жавобгарнинг ишчанлик обрўсига путур етказиш эмас, балки кўтарилган ушбу ҳолат бошқаларга ҳам сабоқ бўлади, деган умиддамиз.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш ўринлики, ҳуқуқимиз бузилишининг олдини олиш учун, энг аввало, ҳар биримиз амалдаги қонунларга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш ва унинг талабларига мувофиқ иш юритишимиз лозим. Шунда ортиқча низога ўрин қолмайди.
Тимур Абдраманов,
Навоий вилояти
суди раиси ўринбосари,
Шерзод Ғофуров,
Зарафшон туманлараро
иқтисодий суди раиси

