Click to listen highlighted text!

ЗАРАР МИҚДОРИНИНГ ҚОНУНИЙ ҲИСОБЛАНИШИ ШАХСНИНГ ОҚЛАНИШИГА АСОС БЎЛДИ

photo_2025-08-26_09-27-17

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Ўтган вақт мобайнида мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида тарихий ислоҳотлар амалга оширилганига ҳар биримиз гувоҳмиз.

Миллий Истиқлол эпкини туфайлигина инсон қадри улуғворлик касб этди.

Билиб-билмай хато қилган, иши судга тушган шахслар ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суднинг барча босқичларида эмин-эркин ҳимоя қилмоқдалар.

Бир пайтлар кўпни кўрган қарияларнинг “Хатга тушдинг — ўтга тушдинг” деган тагдор гапи бўларди. Бу собиқ шўролар даврида терговда тасдиқланган айблов хулосаси билан судга чиқарилган жиноят иши айбдорларининг устидан албатта, ҳукм ўқилиб, оғир жазо тайинланганини ёдга солади.

Бугун эса, вазият тубдан ўзгарди: судланувчининг айби енгил бўлса, ўзи ва яқинлари ҳадик ҳамда хавотирга тушмайди, чунки бошига “иш” тушган киши ўз хатосини тузатиб, жамиятда ўрнини йўқотмай яшаш ва ишлашда давом этиши мумкин.

Бунга каттақўрғонлик Зоир Ўроқовнинг иши судга тушганию бошидан кечирганлари яққол мисол бўла олади.

Ўшанда 2019 йил декабрь ойи бошлари эди, З. Ўроқовнинг иши судга тушди. Бунга “Гранд транс” ММТП ҳисобида бўлган дала шийпони атрофидаги жами тўққиз туп чинор дарахтини Давлат экология қўмитаси органларининг хулосаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг рухсатномасини олмасдан кесгани сабаб бўлди.

Оқибатда мансабдор шахс З. Ўроқовнинг табиатга умумий қиймати 274 миллион 290 минг сўмлик — кўп миқдорда зарар етказганлиги ҳолати Самарқанд вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси томонидан аниқланди.

Шу ўринда З. Ўроқов ва ҳимоячисининг суднинг юқори инстанциясига йўллаган шикоятидаги важларга тўхталадиган бўлсак, унда биринчи босқич суди иш ҳолатларини синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширмасдан, шубҳа ва гумонлар асосида айбдор деб топгани, иш бўйича кесилган чинор дарахтлари нархи бўйича нотўғри хулосага келингани, айбига иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги ва бошқа жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олмасдан, бир қадар оғир жазо тайинлагани қайд этилган.

Ўз навбатида, Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати такрорий кассация инстанциясининг 2023 йил 3 октябрдаги ажримида, иш бўйича қандай асосларга кўра, зарарларни ҳисоблашда қимматли (ёғочбоп) дарахтлар учун белгиланган миқдорлар инобатга олингани кўрсатиб берилмагани, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги 43-сон қарори билан тасдиқланган Низом асосида тўлов миқдорлари (коэффициентлар) ҳисобланиши кўрсатилган бўлса-да, унда кам қимматли дарахтлар ва қимматли (ёғочбоп) дарахтлар ҳақида фикр юритилгани, Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори қабул қилинган вақтда уларни фарқлаб олиш учун дарахт навларининг рўйхати мавжуд бўлган-бўлмаганлиги ўрганилмаганлиги, шунингдек, юқорида қайд этилган Низомнинг 2-бандида, ушбу Низом талаблари юридик ва жисмоний шахсларнинг мулки бўлган ва улар томонидан қурилиш материали ҳамда ҳосил олиш мақсадида экилган дарахт ва буталарга нисбатан татбиқ этилмаслиги талаби аниқланган ҳолатга мувофиқ келиш-келмаслиги юзасидан тегишли процессуал ҳаракатлар амалга оширилмаганлиги кўрсатиб ўтилган.

Самарқанд вилоят суди апелляция судлов ҳайъати ушбу  кўрсатмаларни бажариш мақсадида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Самарқанд вилоят бошқармасига сўров хати юборди.

Бошқарманинг 2024 йил 17 январдаги 01-172-сонли маълумотномасига кўра, Фанлар академияси Ботаника институти томонидан 2019 йил 5 ноябрда  “Ўзбекистон табиий флорасининг икки уруғпаллали ўсимлик­ларининг систематикаси” ҳамда “Ўзбекистон флораси эндемларининг замонавий конспектларини тузиш” номли фундаментал лойиҳалар доирасида амалга оширилган тадқиқотлар натижасида Ўзбекистон флорасида табиий ҳолда тарқалган ва юртимизга интродукция, яъни чет элдан олиб келинган “кам қимматли ва қимматли ёғочбоп дарахтларнинг” умумий рўйхати шакллантирилганлиги юзасидан жавоб олинди.

Шунингдек, суднинг сўровига берилган жавобда мазкур жиноят иши учун аҳамиятли даврда амалда бўлган Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги 43-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 49-бандида, етказилган зарарни ундириш ушбу Низомга 4-иловада келтирилган битта дарахт ва бутани кесиш учун берилган рухсатнома қиймати миқдорининг базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан коэффициентлари кўрсатилган.

Унда қайд этилишича, кам қимматли дарахтлар тури учун — 5 бараварга, қимматли ёғочбоп дарахтлар учун — 10 бараварга, 100 ёшдан ошган дарахтлар учун  эса, 20 бараварга кўпайтириш билан ҳисобланади.

Бироқ дастлабки тергов органи ва биринчи босқич суди томонидан З. Ўроқовни айбдор деб топишда қатор моддий ва процессуал қонунчилик талаблари ҳамда Олий суд Пленуми қарори тушунтиришларига риоя қилинмаган. Хусусан, Жиноят кодексининг 9-моддасидаги шахс қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмиши учунгина жавобгар бўлиши ёки Жиноят-процессуал кодексининг 22-моддасидаги терговчи, прокурор ва суд жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлиги, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шартлиги, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилиши кераклиги, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозимлиги тўғрисидаги меъёрларга эътибор берилмаган.

Аввалида қайд этилганидек, мазкур жиноят иши бўйича З. Ўроқовни Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми билан 2 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазосига судланишига Самарқанд вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Каттақўрғон туман инспекцияси инспектори Ж. Жўрақулов томонидан расмийлаштирилган ўсимлик дунёсига етказилган зарар 274 миллион 429 минг сўм эканлиги ҳақидаги далолатнома асос бўлган эди.

Судлов ҳайъати шундан келиб чиқиб, туман инспекцияси инспектори Ж. Жўрақуловнинг далолатномаси ҳуқуқий жиҳатдан қанчалик асослантирилганлиги ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нечоғлик мослигини батафсил ўрганиш, шунингдек, 9 туп чинор дарахти кесилиши оқибатида етказилган ҳақиқий зарар қанча миқдорни ташкил этиши юзасидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига саволлар билан мурожаат қилди.

Вазирликнинг Самарқанд вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан 9 туп чинор дарахтининг кесилиши оқибатида табиатга етказилган зарар миқдори 274 миллион 290 минг сўмни ташкил этиши асосли ва тўғри расмийлаштирилгани ҳақида хулоса берилди.

Аммо суд бу хулоса билан келишмади. Чунки Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги 43-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш, кесиш ҳамда дарахтларни хатловдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом мазмунидан келиб чиқилганида, юқорида қайд этилган хулосада дарахтларни қонунга хилоф равишда кесиш натижасида ундириладиган жарима суммаси асосий зарар сифатида нотўғри кўрсатиб ўтилган.

Сабаби, ушбу Низомнинг 4-иловасида давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталарни кесганлик учун тўлов миқдори ўша вақтдаги базавий ҳисоблаш миқдори — 223 минг сўмга нисбатан коэффицентларда кўрсатилган. Мазкур Низом талабидан келиб чиқиб ҳисоблаганда, ушбу жиноят иши бўйича кесилган дарахтлар жами қиймати 27 миллион 429 минг сўмни ташкил этади.

Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми диспозициясида, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни қонунга хилоф равишда кесиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, жиноий жавобгарлик белгиланган.

Қонун мазмунига кўра, кўп миқдор — Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноят объектив томонининг асосий элементи ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, мазкур жиноят иши учун аҳамиятли бўлган 2019 йилнинг декабрь ойида базавий ҳисоблаш миқдори 223 минг сўмни ташкил этган.

Жиноят кодексининг 8-бўлим 16-хатбошисига кўра, кўп миқдордаги зарар — базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 500 бараваригача бўлган миқдордаги зарар, 2019 йил декабрь ойида амалда бўлган базавий ҳисоблаш миқдорлари меъёрида ушбу сумма 66 миллион 900 минг сўмдан 111 миллион 500 минг сўмгача бўлган миқдорни ташкил этган.

Бинобарин, судланувчи З. Ўроқов томонидан иш бўйича етказилган 27 миллион 429 минг сўм зарар кўп миқдорни ташкил этмайди.

Қонун талабига кўра, агар қилмишда жиноят таркибининг ақалли битта элементи бўлмаса, бундай қилмиш жиноят сифатида эътироф этилмайди.

Бу Жиноят кодексининг 16-моддаси 2-қисмида қайд этилган.

Айтиш керакки, қонун билан белгиланган аниқ ижтимоий хавфли қилмишни жиноят деб баҳолаш учун зарур объектив ва субъектив белгилар йиғиндиси тушунилади. Бу белгилар Жиноят кодексида мустаҳкамланганлиги боис, у ёки бу ижтимоий хавфли қилмишнинг жиноят деб баҳоланиши учун зарур ҳисобланади.

Аниқландики, биринчи босқич суди иш бўйича етказилган зарарнинг асосий миқдори юзасидан аҳамиятга молик ҳолатларни синчковлик билан ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқмасдан, З. Ўроқовни айбли деб топиб, барвақт хулосага келган.

Бундай ҳолатда, суднинг ҳукмини қонуний, асосли ва адолатли деб бўлмайди ҳамда З. Ўроқовнинг юқорида баён этилган ҳолатда ижтимоий хавфли қилмишни содир этганликда айбланиши асоссиздир.

Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасида айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти, уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши белгиланган. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим.

Судлов ҳайъати З. Ўроқовнинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги ҳолати бўйича маъмурий жавобгарлик масаласини ҳал этиш юзасидан тегишли ҳужжатларни Самарқанд вилояти прокурори орқали тегиш­ли суриштирув органига юборишни лозим топди.

Шундай қилиб, биринчи босқич судининг З. Ўроқовга нисбатан 2020 йил 22 октябрда чиқарилган ҳукми бекор қилинди. У Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этмаган деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан, оқланди.

Судланувчи ҳисобидан етказилган зарар учун ортиқча тўланган 83 миллион 918 минг 500 сўм миқдоридаги маблағ Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг тегишли ҳисоб рақамидан З. Ўроқовга қайтарилди.

Шундай қилиб, З. Ўроқов судланганлик муддати тугаган бўлса-да, Мустақиллик меваси – адолатнинг қарор топишига ишонди, судга мурожаат қилиш ҳуқуқи уни ҳақиқат сари рағбатлантирди. Бу эса, ўз навбатида, судлар адолат қўрғонига айланиб бораётганининг амалдаги тасдиғидир.

Илҳом ҚОРАБОЕВ,

Самарқанд вилояти суди

жиноят ишлари бўйича

судлов ҳайъати судьяси

#thegov_button_68af9bade959d { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_68af9bade959d:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_68af9bade959d { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_68af9bade959d:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!