САРСОН БЎЛГАН КЕЛИННИНГ ДАЪВО АРИЗАСИ СУД ТОМОНИДАН ҚАНОАТЛАНТИРИЛДИ

Ҳаётда янги оила қураётган ҳар бир йигит-қизнинг кўнглида бир дунё орзу-ҳавас бўлади. Севара Ҳожибаеванинг ҳам 2020 йил 7 октябрда Янгиҳаёт туманида яшовчи Муҳаммаджон Давлатмуродов билан қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қураётганда кўнглини шундай орзу-умидлар жўштирганди.
Албатта, икки ёш бир-бирини ҳурмат қилгани ва тушунгани боис уларнинг оиласига кўпчилик ҳавас қиларди. Тўйдан кейин бир йил ўтгач, аниқроғи, 2021 йил 26 сентябрь куни фарзандлари Комила дунёга келди. Ўша пайтда эр-хотиннинг ҳам, қуда-андаларнинг ҳам хурсандчилиги чексиз эди.
Бироқ қизалоқ 3 ёшга етган пайтда, аниқроғи, 2024 йил 14 июнь куни М. Давлатмуродов кутилмаганда оғир хасталик туфайли вафот этади.
Табиийки, бу мусибатдан Севара ҳам, қайнонаси А. Мейлиева ҳам оғир аҳволга тушиб қолишади.
Бундан ҳам ёмони шундаки, М. Давлатмуродовнинг маърака-маросимлари ўтгач, қайнона бўлмиш А. Мейлиевага келини ёқмай қолади. У келини ва неварасини уйдан чиқариб юбориш пайига тушади.
Маълум бўлишича, М. Давлатмуродов ва С. Ҳожибоева турмушлари мобайнида Янгиҳаёт тумани, “Файзли” маҳалласидан ҳовли сотиб олишган. А. Мейлиева аввалига бева қолган келини С. Ҳожибоевани ана шу хонадондаги ўзига тегишли мерос улушидан воз кечишни талаб қилади. Бу мақсадига эришади ҳам.
У бу ғаразли мақсади йўлида ҳар куни жанжал кўтариб, келини ва набирасини уйдан чиқиб кетишини талаб қила бошлайди.
— Мен ёш болам билан қаерга бораман, ойижон?! Ахир, қизим ўғлингиздан қолган ёлғиз зурриёд-ку, — дея ёлворади С. Ҳожибоева.
Лекин унинг нолалари кўзига мол-мулкдан бошқа нарса кўринмаётган қайнонага зиғирча ҳам таъсир қилмайди. Охир-оқибат 2024 йилнинг декабрь ойида, совуқ қиш кечасида келини ва неварасини ҳовлидан мажбуран чиқариб юборади.
Шундан сўнг С. Ҳожибоева ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини тиклашни сўраб, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат қилади.
Буни қарангки, бундан хабар топган қайнонаси А. Мейлиева судга келинини уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақида қарши даъво аризаси киритади.
Албатта, судда ҳар бир низони ҳал этишда гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳам муҳим ўрин тутади. Шу маънода айтганда, ушбу низоли ҳолат юзасидан фуқаро М. Машрапова виждонан ва холисона гувоҳлик берганини алоҳида қайд этиш жоиз.
— Мен Севара Ҳожибоевани қўшни сифатида яхши танийман. Уч йилдан буён шу уйда яшаб келарди. Чунки бу ҳовли-жойни хўжайини Муҳаммаджон билан бирга қуришган. Қайнонаси А. Мейлиева эса уй битгандан сўнг пайдо бўлди. Келин турмуш ўртоғи оламдан ўтгандан кейин ҳам яшаб юрганди. Аммо декабрь ойида кўринмай қолди, — дея М. Машрапова судда кўрсатма берди.
Яна бир қўшни М. Ғофурова эса, С. Ҳожибоевани танимаслигини, ҳатто уни кўрмаганини билдирди.
Ўрни келганда шуни ҳам айтиш керакки, низоли уй-жой А. Мейлиеванинг номида бўлгани боис С. Ҳожибоева унинг розилиги билан рўйхатга қўйилган. Ўша пайтдан эътиборан, келиннинг ҳам уйдан фойдаланиш ҳуқуқи пайдо бўлган.
Уй-жой кодексининг 32-моддасига мувофиқ, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек, у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Турар жой мулкдорининг оила аъзолари деб, у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади. Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек, мулкдор билан доимий яшаётган оила фарзандлари, агар илгари бу ҳуқуқа эга бўлмаган бўлсалар, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзоси деб тан олинишлари мумкин.
Шунингдек, ушбу кодекснинг 52-моддасига биноан муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар-жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганида турар жой олти ой муддат давомида унинг ҳисобида сақланиб туради.
Шундан келиб чиқиб айтганда, С. Ҳожибоева 2024 йил декабрь ойидан буён низоли уй-жойда яшамайди. Судга эса, 2025 йил 16 апрель куни уйга киритиш ҳақида даъво аризаси билан мурожаат қилган. Яъни у қонунда белгиланган олти ойлик муддатни ўтказиб юбормаган.
Суд юқорида қайд этилган қонуний асосларга таяниб, С. Ҳожибоеванинг даъво аризасини қаноатлантирди, уни фарзанди Комила Алишерова билан бирга Янгиҳаёт тумани, “Файзли” маҳалласи, Райҳон 1-тор кўчаси, 24-1-Д-уйга киритиш ҳамда хонадондан фойдаланиш тартибини белгилаш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди. А. Мейлиеванинг қарши даъво аризасини эса, суд рад этди.
Албатта, суднинг ҳал қилув қарори боис адолат қарор топди. Аммо кишини бошқа бир ҳолат ўйлантиради. Гап шундаки, ҳаётда қайсидир инсон вафот этса, ота-онаси ва бошқа яқинлари унинг фарзандларини “авлодимнинг давомчиси, жигаримдан қолган ёдгорлик” дея қўллаб-қувватлайди, бошини силайди. Бироқ А. Мейлиева ёлғиз ўғлининг ёдгорини кўчага қувиб чиқарганини қандай тушуниш мумкин?
Шаҳноза ИБРАГИМОВА,
фуқаролик ишлари бўйича
Яккасарой туманлараро суди судьяси

