ПЛЕНУМ ҚАРОРЛАРИГА КИРИТИЛГАН ЎЗГАРТИРИШЛАР СУДЛАРДА ҚОНУН НОРМАЛАРИ БИР ХИЛ ТАЛҚИН ҚИЛИНИШИ ВА ЯГОНА АМАЛИЁТ ЯРАТИЛИШИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Кейинги йилларда амалдаги қонун ҳужжатларига киритилган тегишли ўзгартириш ва қўшимчалардан келиб чиқиб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида Олий суд Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарурати юзага келди. Шу боис яқинда Олий суд Пленумининг тегишли қарори қабул қилинди.
Пленум қарорига биноан амалдаги 136 та қарордан 55 тасига 147 та ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳуқуқий янгиланишлар амалиётда йўл қўйилаётган хато ва камчиликларнинг келгусида олдини олиш, айрим ноаниқ ҳолатлар юзасидан тушунтириш бериш, судлар томонидан қонун нормалари бир хилда талқин қилиниши ва ягона амалиёт яратишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонуннинг 12 ва 28-моддаларига асосан, Болалар омбудсмани боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги аризалар ва даъволар билан судларга мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
Шундан келиб чиқиб, Олий суд Пленумининг 1993 йил 16 апрелдаги “Судлар томонидан мулкни рўйхат (арест)дан чиқариш ҳақидаги ишларни кўришда қонунчиликнинг қўлланиши тўғрисида”ги қарори 5-банди иккинчи хатбошисига вояга етмаган фарзандларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш борасида даъволарни киритиш ваколатига эга бўлган шахслар қаторига ота-онаси, васий (ҳомий) ва прокурор билан биргаликда Болалар омбудсмани ҳам киритилди.
Шунингдек, Олий суд Пленумининг 2010 йил 14 майдаги “Вакилликка доир фуқаролик процессуал қонунчилиги нормаларининг судлар томонидан қўлланилиши тўғрисида”ги қарори 13-бандида шартнома бўйича айрим вакиллар ишга киришишига ижозат берилиши учун судга, ишончномадан ташқари, бошқа ҳужжатлар тақдим этилиши лозимлиги ҳақида тушунтиришлар берилган.
Фуқаролик процессуал кодексининг 67-моддасида шартнома бўйича ихтиёрий вакил бўла олиши мумкин бўлган шахслар тоифасида юридик шахсларнинг ходимлари ва нотижорат ташкилотлар ваколатли вакиллари кўрсатилган. Бироқ Пленум қарорида ушбу шахслар томонидан қандай қўшимча ҳужжат тақдим қилиниши лозимлиги ёритиб берилмаган. Шу боис мазкур банд ушбу шахслар ишонч билдирган ташкилотда ишлашини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим қилиши лозимлиги ҳақидаги тушунтириш билан тўлдирилди.
Бундан ташқари Олий суд Пленумининг 2013 йил 11 декабрдаги “Судлар томонидан фарзандликка олиш ҳақидаги ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарори 22-банди иккинчи хатбошисида, фарзандликка олинаётган боланинг вафот этган отаси ёки онаси қариндошларига нисбатан ҳуқуқлари – сақланиб қолинган ҳолларда ота-онанинг алимент тўлаш мажбуриятлари тугатилмаслиги ва алимент миқдорини ўзгартириш, уни тўлашдан озод қилиш масалалари даъво иши юритиши тартибида ҳал этилиши лозимлиги ҳақида берилган тушунтиришлар Фуқаролик кодексининг 1113-моддаси ва “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 37-моддасига зид бўлганлиги сабабли чиқариб ташланди.
Чунки ушбу қонун нормаларида шахснинг вафоти билан унинг алимент тўлаш мажбурияти тугатилиши назарда тутилган.
Шунингдек, “Рақобат тўғрисида”ги қонун такомиллаштирилиши муносабати билан Олий суд Пленумининг 2019 йил 24 декабрдаги “Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти ҳақида”ги қарорига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Бундан ташқари Пленум қарорининг 25-банди биринчи хатбошиси янги таҳрирда баён этилиб, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 276-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ суд қарорининг жавобгар зиммасига аризачининг ҳуқуқлари ва эркинликларини тиклаш ёки уларни амалга оширишдаги тўсқинликларни бартараф этишга оид мажбурият юклаш ҳақидаги қисми ижроси маъмурий органга ижро муддати кўрсатилган ҳолда юборилиши лозимлиги судларга тушунтирилди.
Бу билан жавобгар зиммасига аризачининг ҳуқуқлари ва эркинликларини тиклашга оид юкланган мажбурият ижроси бўйича ижро варақаси берилиши талаб этилмаслиги ҳамда маъмурий акт ҳақиқий эмас деб топилганда, ушбу масалада алоҳида маъмурий акт қабул қилиниши шарт эмаслиги борасида ойдинлик киритилди.
Маълумки, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 20-моддаси 1-қисмида ишни биринчи инстанция судида кўришда иштирок этган судья, агар суднинг ҳал қилув қарори юқори инстанция суди томонидан бекор қилинган бўлса, шу ишни биринчи инстанция судида янгидан кўришда иштирок этиши мумкин эмаслиги, бундан янги очилган ҳолатлар бўйича ишларни кўриш ҳоллари мустасно эканлиги белгиланган.
Шу боис Олий суд Пленумининг 2018 йил 19 майдаги “Маъмурий ишларни кўришда биринчи инстанция суди томонидан процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори, процессуал кодекснинг ушбу моддасида назарда тутилган қоидалар аризани (шикоятни) қабул қилишни рад этиш, қайтариш, кўрмасдан қолдириш ёки иш юритишдан тугатиш тўғрисидаги ажримлар бекор қилинган ҳолларга ҳам нисбатан татбиқ этилмаслиги ҳақидаги тушунтиришлар билан тўлдирилди.
Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги “Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, 2025 йил 1 мартдан бошлаб, тарафлар келишув битими тузганлиги натижасида иш юритиш тугатилганда, тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларга биринчи инстанция судида — тўланган давлат божининг 70 фоизи, апелляция ва кассация инстанцияси судларида эса — тўланган давлат божининг 30 фоизи миқдорида давлат божини қайтариш тартиби жорий этилди.
Ушбу тартибни қўллашга оид тушунтириш ҳисобига Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 18 декабрдаги “Иқтисодий судлар томонидан келишув битимини тасдиқлашда процессуал қонун нормаларининг қўлланилишига оид айрим масалалар тўғрисида”ги қарори 17-банди иккинчи хатбоши билан тўлдирилди.
Шунингдек, Олий суд Пленумининг 2019 йил 24 майдаги “Биринчи инстанция суди томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори айрим бандларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши ҳамда янги тушунтиришлар билан тўлдирилмоқда.
Хусусан, Пленум қарори “Медиация тўғрисида”ги қонуннинг амал қилиши медиацияда иштирок этмаётган учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат манфаатларига дахл қиладиган ёки дахл қилиши мумкин бўлган, шунингдек, маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга нисбатан татбиқ этилмаслиги ҳақидаги 32-2-банди билан тўлдирилмоқда.
Бундан ташқари 2023 йил 27 сентябрдаги қонун билан Жиноят-процессуал кодексининг 51-моддаси биринчи қисми 9-банди янги таҳрирда берилиб, ишни апелляция, кассация ва тафтиш инстанциялари суд мажлисида кўришда ҳимоячи иштироки шарт эканлиги белгиланганди. Шу боис Олий суд Пленумининг 2003 йил 19 декабрдаги “Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори 27-банди тўртинчи хатбошисидаги ишни ушбу инстанцияси судида маҳкум ҳимоячидан воз кечган ҳолларда, башарти воз кечиш суд томонидан қонунда назарда тутилган қоидаларга риоя этилган ҳолда қабул қилинган бўлса, ҳимоячи иштирокисиз кўришга йўл қўйилиши ҳақидаги тушунтириш чиқариб ташланди.
Шу билан бирга, Пленум қарорининг 31-банди Жиноят-процессуал кодексининг 50-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 21 ноябрдаги қарори талабларига мувофиқлаштирилиб, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг ҳимоячиси сифатида давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатнинг иштирок этишини таъминлаш чоралари, унинг меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари давлат ҳисобидан қопланиши тартиби кўрсатиб ўтилди.
Хулоса қилиб айтганда, Пленум қарорларига киритилган ўзгартишлар келгусида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, моддий ва процессуал қонун нормаларини тўғри ва бир хил қўллашга хизмат қилиб, одил судловни амалга ошириш ва қонуний қарорлар қабул қилинишида ўзининг самарасини кўрсатади.
Гулнора Мирзаева,
Олий суд судьяси