ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ МАЖЛИСИ

Бугун Олий суд Пленуми мажлиси бўлиб ўтди.
Олий суд раиси Б. Исломов раислик қилган йиғилишда Олий суд ва қуйи судларнинг судьялари, Бош прокурор, Конституциявий суд, Адвокатлар палатаси ва Судьялар ассоциацияси раислари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакили ҳамда Судьялар олий кенгаши, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар иштирок этди.
Йиғилишда Олий суд Пленумининг “Маъмурий судлар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини қўллаш тўғрисида” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан маъмурий суд иш юритувини такомиллаштиришга оид бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Шунга кўра, жорий йилда Олий суд Пленумининг судларга раҳбарий тушунтириш беришга қаратилган биринчи қарори ҳам айнан маъмурий судлар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш масаласига бағишланган бўлиб, бугунги ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда тайёрланган муҳим ҳужжатдир.
Маъмурий судлар ташкил этилганлигига қарийб 8 йил бўлиб, статистик маълумотлар ушбу даврда суд қарорларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришга оид кўрилган аризалар сони йилдан йилга ортиб бораётганлигини кўрсатмоқда.
Жумладан, 2021 йилда бундай аризалар 396 тани ташкил этган бўлса, 2022 йилда 499 тани, 2023 йилда 526 тани, 2024 йилда эса 573 тани ташкил этган.
Амалиётда суд қарорларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш институти қоидаларини ўринсиз ва нотўғри қўлланилиши суд қарорларининг барқарорлигига завол бўлиши, бу эса ўз навбатида, жамиятнинг ҳуқуқий барқарорлигига ҳам путур етказиши сабабли бу тоифадаги аризалар кўрилишига оид суд амалиётини бирхиллаштириш ўта муҳим ва жиддий масала ҳисобланади.
Айнан шу туфайли ҳам, бу тоифадаги аризаларни ҳал этишда судьялардан янги очилган ҳолат сифатида келтирилаётган ҳолатларнинг қонунчиликдаги асосларга мувофиқ келиш-келмаслигини фарқлай олиш салоҳияти, ўткир касбий профессионализм, чуқур билим ва кўникмалар талаб этилади.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда янги очилган ҳолатлар бўйича суд ҳужжатларини қайта кўришнинг 4 та асоси кўрсатилган бўлсада, бу асослар аниқ ёритиб берилган тушунтиришлар мавжуд бўлмаганлиги сабабли кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда судларда турли хил амалиёт шаклланган бўлиб, Олий суд томонидан ўтказилган суд амалиётини умумлаштириш натижаларидан ҳам кўриш мумкин.
Шундан келиб чиққан ҳолда Пленумнинг “Маъмурий судлар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини қўллаш тўғрисида”ги қарори ишлаб чиқилди.
Қарорда янги очилган ҳолатларга тушунтириш берилган бўлиб, агар фактик ҳолатлар суд ҳужжати қабул қилинганидан сўнг вужудга келган бўлса, бу ҳолат суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўла олмаслиги, балки янги ариза (шикоят) билан мурожаат этиш учун асос бўлиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилмоқда.
Кодексда суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза ишда иштирок этувчи шахслар ёки прокурор томонидан берилиши белгиланган. Шунга кўра, қарорда бундай ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин бўлган шахслар доираси кўрсатилди. Унга кўра, тарафлар (уларнинг ҳуқуқий ворислари), учинчи шахслар (уларнинг ҳуқуқий ворислари), прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар ўз зиммаларига юклатилган ваколатларга кўра қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақида судга ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканликлари ҳақида тушунтириш берилди.
Шу билан бирга амалиётда ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар суд ҳужжатини янги очилган ҳолатларга кўра қайта кўриш ҳақида ариза билан мурожаат қилиш ҳолатлари учраётган бўлиб, бироқ қонунчиликда уларни суд ҳужжатини янги очилган ҳолатларга кўра қайта кўриш ҳақида ариза билан мурожаат қилиши назарда тутилмаган. Шу сабабли Пленум қарорида қонунда бу шахсларнинг суд ҳужжатини янги очилган ҳолатларга кўра қайта кўриш ҳақида ариза билан мурожаат қилишга ҳақли эканликлари белгиланмаганлиги боис улар суд ҳужжати устидан юқори инстанция судига шикоят билан мурожаат қилиши лозимлиги судларга тушунтирилмоқда.
Шунингдек, қонуний кучга кирган суд қарорларини янги очилган ҳолат бўйича судга мурожаат қилиш муддати юзасидан ҳам амалиётда айрим номувофиқликлар мавжуд эди. Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексдаги бир ойлик муддат ичида ариза берилиши, ўтказиб юборилган муддат ариза билан мурожаат қилган шахснинг илтимосномаси бўйича, агар илтимоснома қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва суд муддатни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб тан олса, суд томонидан тикланиши мумкинлиги ҳам қарорда ўз аксини топди.
Қарорда иш учун муҳим ҳолат сифатида суд ҳужжати қабул қилинган пайтда мавжуд бўлган, лекин аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, агар улар ҳақида маълум бўлганида бошқача қарор қабул қилинишига олиб келиши мумкин бўлган янги аниқланган ҳолатлар тан олиниши мумкинлиги, шунингдек, суд ҳужжати қабул қилингандан кейин талабни асословчи далилнинг тақдим этилиши тарафнинг процессуал эътиборсизлиги ва янги далил тақдим этилиши сифатида баҳоланиши, бу суд ҳужжатни янги очилган ҳолатларга кўра қайта кўришга асос бўла олмаслиги инобатга олиниши лозимлиги ҳам тушунтирилмоқда.
Бундан ташқари, ҳозирги кунга қадар тушунмовчиликларга олиб келаётган “суриштирув ёки тергов органининг иш учун аҳамиятли бўлган қарори” суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўлиши ёки бўлмаслиги ҳақидаги масалага ҳам қарорда тегишли тушунтириш берилди. Амалиётда жуда кўплаб ҳолатларда мансабдор шахсларнинг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)да жиноят аломатлари мавжудлиги тергов органининг қарори билан аниқланган бўлса-да, жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтганлиги сабабли жиноят иши қўзғатиш рад қилинади. Ўз навбатида, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс талабларида фақатгина суднинг ҳукми билан аниқланган жиноий хатти-ҳаракат суд қарорини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўришга асос бўлишлиги назарда тутилганлиги сабабли тергов органининг қарори инобатга олинмасдан келинётганлиги ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган эди. Шу сабабли қарорда суднинг ажрими, суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг жиноят ишини муддатнинг ўтиши ва бошқа турли сабабларга кўра, тугатиш ҳақидаги қарорлари билан аниқланган ҳолатлар ҳам, агар суд ушбу ҳолатларни иш учун муҳим деб топса, суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўлишлиги ҳақида тушунтириш берилган.
Шунингдек, мажлисда қонунчиликнинг такомиллашувидан келиб чиқиб, айрим Пленум қарорлари матнларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини назарда тутувчи Олий суд Пленумининг “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Пленум қарорлари матнлари Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, “Ўзбекистон Республикаси Олий суди ахборотномаси” ва “Куч – адолатда” газетасида эълон қилинади.