ШАНХАЙ ҲАМКОРЛИК ТАШКИЛОТИГА АЪЗО ДАВЛАТЛАР ОЛИЙ СУДЛАРИ РАИСЛАРИНИНГ XX ЙИҒИЛИШИ

2025 йил 23 апрель куни Олий суд раиси Бахтиёр Исломов раҳбарлигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг Ханчжоу шаҳрида Хитой Халқ Республикаси раислигида ўтказилган йигирманчи йиғилишида иштирок этди.
Шунингдек, йиғилишда Беларус Республикаси, Ҳиндистон Республикаси, Эрон Ислом Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Покистон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси Олий судлари раислари ва судьялари, ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкор-мамлакатлар – Озарбайжон ва Туркия Олий судлари раислари, ШҲТ Котибияти ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси вакиллари қатнашди.
Дўстона ва ишчанлик муҳитида, ўзаро тушуниш ва ишонч руҳида ўтган йиғилишда томонлар умумманфаатли одил судловнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш баробарида суд органларининг ҳуқуқнинг турли йўналишлари бўйича ҳамкорлиги истиқболларини ҳам кўриб чиқишди.
Бугунги анжуманда киберхавфсизликка доир масалалар муҳокама қилинар экан, иштирокчилар бир овоздан бу борадаги амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш, кибержиноятчиликка қарши курашишда суд органлари ўртасида алоқаларни ривожлантиришга келишиб олди.
Шунингдек, судлар фаолиятига сунъий интеллектни татбиқ этишга доир тажрибалар алмашинувини йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилиш давомида низоларни судгача ва суд жараёнида ҳал этишнинг муқобил усуллари ҳақида тажрибалар ўртоқлашилиб, бу соҳада судларнинг ролини мустаҳкамлаш лозимлиги эътироф этилди.
Бундан ташқари, йиғилиш иштирокчилари вояга етмаганларнинг суд ҳимоясига оид масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратган ҳолда бола ҳуқуқ ва манфаатларини бузганлик учун қатъий жазо чораларини қўллаш зарурлигини таъкидладилар. Шунингдек, ШҲТ минтақасида бола ҳуқуқлари ҳимоясига оид қонунчиликни такомиллаштириш, вояга етмаганлар ҳуқуқлари бузилишининг олдини олишга қаратилган профилактик чора-тадбирларни бошқариш, бу борадаги тажриба алмашинувини янада кенгайтириш, бола ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш доирасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда вояга етмаганлар учун соғлом ҳуқуқий муҳит яратишга келишиб олдилар.
Йиғилиш кун тартибидан зўравонлик ва терроризм билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш мавзуси ҳам ўрин олди.
ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раислари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган мақсад ҳамда тамойилларига таянган ҳолда келгусида ШҲТга аъзо давлатлар суд органларининг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида олий суд органлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, ишонч ва дўстликка асосланган алоқаларни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар.
Йиғилиш иштирокчилари миллий ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёр ва тамойилларига асосланган ШҲТга аъзо давлатлар суд тизимларини ривожлантириш мақсадида Олий судлар ўртасидаги мазмунли мулоқотни келгусида ҳам давом эттириш муҳимлигини қайд этдилар.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг XX йиғилиши конструктив мулоқот ва самарали ҳамкорлик муҳитида ўтди.
Йиғилиш якуни бўйича Қўшма баёнот имзоланди.
ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг йигирма биринчи йиғилиши 2026 йилда Эрон Ислом Республикасида ўтказилишига келишиб олинди.