ЗЎРАВОНЛИККА НИСБАТАН МУРОСАСИЗЛИК ШУ ТУРДАГИ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ВА ЖИНОЯТЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТИШДА МУҲИМ ЎРИН ТУТАДИ

Бугун оила мустаҳкамлиги, миллий ва умуминсоний қадриятлар хусусида сўз очилган мулоқотнинг ўзани беихтиёр тазйиқ ва зўровонлик мавзусига бориб тақалади.
Бу бежиз эмас, албатта. Нега деганда, кейинги йилларда айрим оилаларда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари содир этилаётгани – бугунги куннинг долзарб муаммоларидан биридир.
Таъбир жоиз бўлса, ижтимоий-маънавий барқарорлигимизга рахна солувчи иллат ҳисобланмиш бундай нохуш ҳолатларга теварак-атрофимизда ҳам мисоллар талайгина. Хўш, бу турдаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни кескин камайтириш, уларнинг олдини олиш учун нима қилиш керак?
Айтиш керакки, Бош Қомусимизнинг 58-моддасида “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар” деб эътироф этилган. Шу маънода, аёлларни турли шаклдаги зўравонликлардан ҳимоя қилиш — уларнинг Конституция даражасида кафолатланган ҳуқуқларини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракат, демакдир.
Шунингдек, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида уларга нисбатан ўтказилиши мумкин бўлган тазйиқ ва зўравонликнинг турлари баён қилинган. Мазкур моддада шу ва бошқа тушунчаларга, яъни жинсий зўравонлик, жисмоний зўравонлик, иқтисодий зўравонлик, иш жойидаги зўравонлик, руҳий зўравонлик, тазйиқ, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи, тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, таъқиб этиш, ҳимоя ордери тушунчаларига таъриф берилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддасида оилавий (маиший) зўравонлик учун қатор маъмурий жазо чоралари белгиланган.
Бундан ташқари айни кодекснинг 206-1-моддасида тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга ё ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши кўрсатилган.
Эътибор беринг: 2024 йилда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик, жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-1-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судига 178 та иш келиб тушган. Мазкур ишлар бўйича 227 нафар шахс суд томонидан ҳуқуқбузар деб топилган.
Уларнинг 12 нафари ҳаракатида ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд эмаслиги учун ишлар ушбу кодекснинг 271-моддаси 1-бандига асосан тугатилган. Суд томонидан ҳуқуқбузар деб топилган 227 нафар шахснинг 99 нафари бўйича жабрланувчилар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар юритишдан тугатилиб, огоҳлантириш билан чекланиш талаб қилинган аризалар тақдим этилган.
Шу муносабат билан улар ушбу кодекснинг 21-моддасига асосан огоҳлантирилиб, ишлар тугатилган. Бундан ташқари, 80 нафарига жарима ва 48 нафарига маъмурий қамоқ тарзидаги жазолар тайинланган.
Шунингдек, 2024 йилда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 206-1-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судига 41 нафар шахсга оид 20 та иш келиб тушган. Ушбу шахсларнинг 15 нафари суд томонидан ҳуқуқбузар деб топилган.
Масалан, Д. М. онаси С. М. билан оилавий масалада ўзаро жанжаллашиб, унинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан таҳқирлагани ва бошқа ҳуқуқбузарликни содир қилганлиги учун суднинг қарори билан 15 сутка маъмурий қамоққа олиш жазосига тортилган.
Ёки А. Қ. турмуш ўртоғи З. Қ.га нисбатан тазйиқ ёки зўравонлик содир этишга мойил бўлгани сабабли унга нисбатан ҳимоя ордери берилган.
Аммо бунга қарамай 2024 йил 14 декабрь куни А. Қ. турмуш ўртоғи З. Қ.нинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи сўзлар билан қасддан ҳақорат қилиб, ҳимоя ордери талабларини бажармаган. Шу боис суднинг 2024 йил 19 декабрдаги қарори билан 15 сутка маъмурий қамоққа олиш жазосига тайинланди.
Албатта, мамлакатимизда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида қатор норматив ҳужжатлар қабул қилинган. Шундай бўлса-да, уларга нисбатан содир этилаётган ножўя хатти-ҳаракатлар тўхтамаётган экан, жиддий ташвиш ва хавотирларни келтириб чиқарувчи бу муаммога қарши курашиш жамиятнинг барча қатлами учун маънавий бурчга айланиши зарур.
Қолаверса, бу борада қонун ҳужжатлари йил сайин такомиллаштирилиб, зўравонликдан жабрланувчиларнинг ҳуқуқлари ҳимояси ҳам кенгайтирилмоқда. Жумладан, 2025 йил 9 апрель куни қабул қилинган қонун билан Оила кодексига муҳим қўшимча киритилди.
Унга кўра, энди никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда, суд оилавий зўравонликдан жабрланган шахснинг талабига кўра ярашиш учун муҳлат тайинламайди. Бу янгилик ҳам юқоридаги фикримизга яққол исбот бўла олади.
Хулоса ўрнида айтганда, хотин-қизларнинг Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ таъминлаш оилалар мустаҳкамлиги, жамият фаровонлиги каби эзгу мақсадларга хизмат қилади. Шу боис бу ҳар биримизнинг зиммамиздаги энг масъулиятли вазифа эканини унутмайлик.
Тўлқин Тўрақулов,
жиноят ишлари бўйича
Андижон шаҳар суди тергов судьяси