Click to listen highlighted text!

РАД ЭТИЛГАН ИЛТИМОСНОМА

photo_2025-06-13_16-37-14

Инсоф-диёнатли одамлар ҳеч кимга ёмонликни раво кўрмайди, боиси бўлмаса, жазо сўрамайди. Эл орасидаги бу удум қонунчилигимизда ҳам ўз ифодасини топган. Ким ҳақ-у, ким ноҳақлигини аниқлаш учун эса, адолатли суд тизими жорий этилган.

Бу тизим жорий йил бошидан эътиборан адолат ва одилликнинг яна бир бўғини билан бойитилди. Эҳтиёт чорасини қўллаш ваколати тергов суди зиммасига юклатилди. Бу, ўз навбатида, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини судга қадар ҳимоя қилиш борасида муҳим қадам бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг тергов бўғини ўз фаолиятининг дастлабки уч ойида таъсирий чораларни қўллаш юзасидан келиб тушган жами 121 та илтимосномани қонун талаби асосида кўриб чиқди. Айни жараёнда шахсни муайян ҳуқуқ ва ваколатлардан маҳрум этишга қаратилган сўров ва таклифларни, авваллари кузатилганидек, сўзсиз қаноатлантириш ҳоллари тўлиқ барҳам топди.

Шу аснода гумонланувчи шахсларга нисбатан таъсирий ва эҳтиёт чораларини қўллаш юзасидан тергов судига ҳавола қилинган илтимосномаларнинг 112 таси қаноатлантирилган бўлса, 5 таси рад этилди, 4 таси уни юборган маҳкамага қайтарилди.

Тергов суди томонидан кўриб чиқилган ишларнинг 47 тасини — тинтув, 69 тасини — шахсни ҳибсда, 1 тасини — уй қамоғида сақлаш, 3 нафар фуқаронинг паспортдан фойдаланиш ҳуқуқини вақтинча тўхтатиб туришга доир сўровлар ташкил этди. Қаноатлантирилган сўровларнинг бари пировардида муфассал қараб чиқиш ва ҳал қилиш учун суд ҳамда тергов органларига юборилди.

Чиндан ҳам, шундай: инсон ҳуқуқлари кафолатли ҳимоя қилинадиган жамиятда ҳеч ким суд ва терговсиз жазо ёки жавобгарликка тортилмайди.

Бунга ҳаётий бир мисол: Урганч туманида 2004 йили туғилган Жаҳонгир Эгамбердиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) устидан ўтказилган дастлабки судлов жараёни шахс асоссиз равишда жазога тортилмаслиги тамойили устуворлигини яққол исботлади.

Таассуфки, Ж. Эгамбердиевнинг гарданига юкланган айб анча оғир.

Тергов судига ҳавола қилинган ҳужжатлар у айнан Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” бандида ифодасини топган одам савдосини 18 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан содир этиш ҳолатлари учун жавобгар эканлигини кўрсатиб турибди.

Қайд этилишича, Ж. Эгамбердиев 2009 йили Урганч шаҳрида туғилган ва ҳали вояга етмаган Нилуфар Мергановани турли тазйиқ ва зуғумлар остида нопок йўлга бошлаган. Башарти, талабни рад этса, аввалги қилмишлари ҳақида отасига хабар бериш билан таҳдид қилган.

Шу тариқа у ўзганинг номусини пулга сотиш эвазига О. Қобиловнинг 1,5 миллион сўм миқдоридаги пулини қўлга киритган. Аммо нопок луқма ҳазм бўлмаган. Ножўя қилмиш устида қўлга тушиб, қонун сўровига дуч келган.

Суд муҳокамаси жараёнида тергов органи тарафидан дастакланган ҳолат чиндан ҳам, рўй бергани аниқланди. Айб жиддий, қилмиш эса, ўта оғир турдаги жиноятлар туркумига киради. Қонун бу қабилдаги қилмишни амалга оширган шахснинг озодликда қолишини тақозо этмайди.

Судгача бўлган эҳтиёт чораси эса, Жиноят-процессуал кодексининг 236-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, айбланувчининг суриштирув, дастлабки тергов ва суддан бўйин товлашининг олдини олиш, жиноий фаолиятига барҳам бериш, иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилишга қаратилган уринишларига йўл қўймаслик ҳамда ҳукм ижросини таъминлаш мақсадида қўлланилади. Гумонланувчини жамиятдан ажратиш учун ушбу асосларнинг ўзи етарли.

Бироқ қонун далиллар етарли бўлган вазиятда гумонланувчини ҳимоялаш чораларини ҳам назарда тутади ва бу ҳолат мазкур суд тергови асносида ҳам юзага қалқиб чиқди. Гумонланувчи муқим яшаш жойига эга экани, дастлабки тергов органи чақирувидан бўйин товламагани, айтилган манзилга ўз вақтида етиб боргани, унга нисбатан бирор маротаба ҳам мажбурий олиб келиш чораси қўлланилмагани, ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилмагани ҳамда муқаддам судланмагани аён бўлди.

…Қонун мурувватнинг бундай чорасини ушбу битикларнинг бошқа бир “қаҳрамони”, ҳазорасплик Қадамбой Қурбоновга нисбатан ҳам қўллашни истисно этди. Гап шундаки, 1988 йили ушбу туманда туғилган Қ. Қурбонов олий маълумотли муаллим, яна денг, тумандаги нуфузли мактаблардан бирининг директори: 2021 йил август ойидан буён шу лавозимда ва ўз мансабига кўра, масъул-мансабдор шахс ҳисобланади.

Қ. Қурбонов ана шу амалига суянган ҳолда қариндоши, қўшни мактаб ходими Ғ. Сафаров билан ўзаро тил бириктирган, унинг номига якка тартибдаги тадбиркорлик гувоҳномасини расмийлаштирган. Шу асосда сонда бор-у, саноқда йўқ, ҳатто рўйхатга олинганидан сўнг ақалли бирон соат ҳам фаолият юритмаган нодавлат мактабгача таълим муассасасини таъсис этгани, махсус онлайн тизимига сохта маълумотларни юклаш орқали 2023 йил сентябрь-декабрь ойларида тарбияланувчиларга эга бўлмаган ушбу таълим ташкилотида 27 нафар кичкинтой тарбия кўргани ҳақидаги қалбаки ҳужжатларни тақдим қилган.

Шу тариқа Қ. Қурбонов давлатнинг 21,5 миллион сўмлик субсидия маблағини қўлга киритгани маълум бўлди. У суднинг 2024 йил 24 сентябрдаги ҳукмига асосан, Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “а” банди ва 228-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилди ва 1 йил-у 5 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинди.

Аммо ҳамон директор вазифасида қолиб келаётган Қ. Қурбонов ўз устидан ўқилган ҳукмни парвойига илмади. Янада ёмони, устозлик шаънига иснод келтирган қилмишидан хулоса чиқармади.

Гап шундаки, Қ. Қурбонов мактабда бўшаб қолган инглиз тили муаллими вазифасини ўз зиммасига юклашни сўраб, 2025 йил 24 февраль куни ҳузурига келган М. Ботировнинг раъйини қайтармади. Унинг талабини қондиришга, бу ишни “сиздан угина, биздан бугина” қабилида адо этишга сўз берди.

Ишга талабгор муаллим ҳам йўқ демади. Сўралган 200 доллар пулнинг ярмини — хорижий валюта ҳолида, қолган ярмини эса, миллий валютада — сўмда берди. Бу пул, аслида, директорнинг ўпқон очган нафси йўлига қўйилган тузоқ эди. У буни англамади. Бинобарин, ўзи томонидан содир қилинган жиноий қилмишнинг изи босилмаёқ бошқа бир оғир асоратли кирдикорга қўл урган шахснинг галдаги хурмача қилиғи ўша куниёқ фош этилди.

Мамлакатимиз қонунчилиги жазо муддатини ўтаётган паллада такрорий жиноятдан ўзини тия олмаган шахснинг қилмишини қаттиқ қоралайди. Шу аснода, тергов суди кўриб чиқилаётган масалага адолатли тарзда ёндашди.

Тергов органининг гумонланувчини Жиноят кодексининг порахўрликка оид 210-моддаси 2-қисми “в” банди, ўзганинг мулкини ўзлаштиришга тааллуқли 167-моддаси 2-қисми “в”, “г” бандлари ва мансаб сохтакорлигига доир 209-моддаси 1-қисми бўйича жавобгарликка тортиш ва вақтинча ҳибсга олиш ҳақидаги илтимосномаси суд томонидан қаноатлантирилди. Содир этилган оғир оқибатли кирдикорнинг ҳақиқий манзараси энди унинг устидан ўтказиладиган галдаги тергов ва суд жараёнида кўринади.

Шундай қилиб, Ж. Эгамбердиевнинг қилмиши ҳам дастлабки тарзда қонуний баҳо олди. Лекин суд жараёнигача қамоқда сақлаш қисмати уни четлаб ўтди.

Суд унинг дастлабки тергов жараёнига фаол кўмаклашгани, қилмишига астойдил иқрорлик билдиргани, пушаймонлик изҳор қилгани, ёшлиги, турмуш шароитини эътибордан соқит этмади. Тергов органининг гумонланувчини ҳибсга олиш ҳақидаги талабини рад қилди. Уни уй қамоғида сақлаш ва суд залидан озодликка чиқаришни мақсадга мувофиқ ҳисоблади.

Юқорида баён этилганлардан ҳам кўринадики, ҳаётда содир этилган ҳар бир жиноий қилмиш жазосиз қолмайди. Бу ўз навбатида, жиноят содир этишга мойил кимсаларга сабоқ бўлмоғи даркор.

Элёрбек Бобожонов,

жиноят ишлари бўйича

Урганч шаҳар суди

тергов судьяси

#thegov_button_688b6162a6999 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_688b6162a6999:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_688b6162a6999 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_688b6162a6999:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!