Click to listen highlighted text!

КОРРУПЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИДАГИ ҒОВ

photo_2025-06-13_16-26-47

Маълумки, коррупция хавфли иллат бўлиб, жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва аҳолининг норозилигини келтириб чиқаради, бу эса, барча соҳадаги ислоҳотларнинг натижасига салбий таъсир этади.

Янги Ўзбекистонни коррупциядан холи, соғлом ва шаффоф жамиятга айлантириш давлат сиёсатининг бош мақсадидир. Кейинги тўққиз йилда коррупцияга қарши курашиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилиб, тарғибот-ташвиқот тадбирлари изчиллик билан олиб борилмоқда.

Албатта, ҳар бир қонун яхшиликни кўзлаб, эзгу мақсадда қабул қилинади.

Ана шундай тарихий аҳамиятга эга ҳужжатлардан бири 2017 йил 3 январь куни Президентимиз томонидан имзоланган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонундир. Унда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда кенг қамровли чора-тадбирлар ва нормалар белгиланган.

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда дунёда коррупция ва порахўрлик натижасида йилига бир триллион доллардан ортиқ маблағ ўзлаштирилар экан. Бу маълумот коррупция муаммолари билан шуғулланувчи “Transparency International” ташкилотининг ҳисоботларида таъкидланган.

Дунёнинг илғор давлатлари коррупцияга қарши жиддий чоралар кўриш билан бирга, халқаро миқёсдаги дастурларни амалга оширишда ҳам фаол иштирок этмоқдалар.

Миллий тараққиётга тўсиқ бўлиб келаётган коррупцияни бартараф этиш йўлида давлатимиз томонидан дадил қадамлар ташланмоқда. Энг муҳими, халқимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан биргаликда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб бориб, таъсирчан жамоатчилик назоратини босқичма-босқич ўрнатмоқда.

“Transparency International” халқаро ташкилотининг “Коррупцияни қабул қилиш индекси” рейтингига кўра, Ўзбекистон сўнгги йилларда минтақадаги тез суръатларда соғломлашиб бораётган давлатлар қаторида эътироф этилган.

Шундай давлатлар борки, уларда пора олишни “жамоатчилик ахлоқи нуқтаи назарига тўғри келмайди”, деган тамойил шаклланган. Масалан, Дания ва Финляндия давлатларида шундай тушунча шаклланган.

Японлар ҳам, хитойликлар ҳам, сингапурликлар ҳам халқ руҳиятини сақлаб қолиш, қадриятларни мустаҳкамлаш, ватанпарварлик мафкурасини аҳоли онгига сингдириш орқали миллий тараққиётга эришди.

Биз ҳам бу ёруғ йўлдан боришга муносибмиз. Зеро, эркинлик ва у яратаётган бой имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш — Ўзбекистонда коррупция муаммосини ҳал этиш билан чамбарчас боғлиқ ҳаётий жараён.

Шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг эркин ва дадил фаолият юритиши орқали жамият ҳаётини демократлаштириш, одамларни мустақил фикрлашга ундаш, жамоатчилик назоратини янада кучайтириш ва изчил йўлга қўйиш зарур.

Коррупцияга қарши курашишни тўлақонли, сифатли, талаб даражасида амалга оширсак, жамиятимиз равнақи илдам олға боради. Айни тамойилни суд соҳасида ҳам кўриш мумкин.

Коррупция билан боғлиқ жиноят ишлари Тошкент вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ва жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари мисолида таҳлил қилинганда, жорий йилнинг ўтган биринчи уч ойи мобайнида жами 458 нафар шахсга нисбатан 245 та иш келиб тушган бўлиб, шундан 214 нафар шахсга нисбатан 129 та жиноят иши кўрилган.

Жумладан:

• Жиноят кодексининг 167-моддаси билан — 125 нафар шахсга нисбатан 66 та иш;

• Жиноят кодексининг 168-моддаси билан — 44 нафар шахсга нисбатан 28 та иш;

• Жиноят кодексининг 205-моддаси билан — 7 нафар шахсга нисбатан 4 та иш;

• Жиноят кодексининг 210-моддаси билан — 3 нафар шахсга нисбатан 3 та иш;

• Жиноят кодексининг 211-моддаси билан — 21 нафар шахсга нисбатан 20 та иш;

• Жиноят кодексининг 212-моддаси билан — 2 нафар шахсга нисбатан 1 та иш;

• Жиноят кодексининг 214-моддаси билан 2 нафар шахсга нисбатан 2 та иш кўрилган.

Шу ишлар бўйича 199 нафар шахсга нисбатан айблов ҳукми чиқарилган.

Судланганларнинг 27 нафарига — жарима, 55 нафарига — ахлоқ тузатиш ишлари, 39 нафарига — озодликни чеклаш, 51 нафарига эса, озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган.

Ушбу тоифадаги ишлар жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар суди томонидан — 7 нафар, Бекобод шаҳар суди томонидан — 20 нафар, Бекобод тумани суди томонидан — 10 нафар, Бўка тумани суди томонидан — 14 нафар, Зангиота тумани суди томонидан — 8 нафар, Қибрай тумани суди томонидан — 6 нафар, Қуйи Чирчиқ тумани суди томонидан — 7 нафар, Оққўрғон тумани суди томонидан — 20 нафар, Олмалиқ шаҳар суди томонидан — 23 нафар, Оҳангарон тумани суди томонидан — 15 нафар, Оҳангарон шаҳар суди томонидан — 8 нафар, Паркент тумани суди томонидан — 9 нафар, Тошкент тумани суди томонидан — 10 нафар, Чирчиқ шаҳар суди томонидан — 7 нафар, Бўстонлиқ тумани суди томонидан — 1 нафар, Юқори Чирчиқ тумани суди томонидан 1 нафар шахсга нисбатан кўриб чиқилган.

Коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг ҳудудлар кесимидаги таҳлили мазкур ҳудудларда бу иллатга қарши курашишни янада кучайтиришни, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, ўзини ўзи бошқариш органлари, тегишли идоралар, кенг жамоатчилик вакиллари томонидан тарғибот ва ташвиқот ишларини янада изчил йўлга қўйишни, ҳар бир фуқаронинг бу иллатга муросасиз бўлишини тақозо этмоқда.

Шунингдек, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда ушбу тоифадаги жиноят ишларини сайёр суд мажлисларида кўришни кўпайтириш, хусусий ажримларнинг таъсирчанлигини ошириш, маъруза ва давра суҳбатлари, оммавий ахборот воситаларида тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш талаб этилади.

Жорий йилнинг 5 март куни давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг йиғилишида ҳар бир соҳада коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш, суд тизимида ҳам одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш доимо диққат марказида бўлиши зарурлигини таъкидлагани бежиз эмас.

Дарҳақиқат, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш, адолатни таъминлаш аҳолининг судга, давлатга ва олиб борилаётган ислоҳотларга ишончини мустаҳкамлайди.

Чунончи, жорий йил 11 март куни Олий судда бўлиб ўтган мажлис Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида белгиланган ана шу вазифалар ижроси таҳлилига бағишланди. Суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокама этилди.

Мазкур йиғилишда Олий суд раиси судьялар ва суд ходимларига мурожаат билан чиқди. Давлатнинг коррупцияга қарши курашишдаги одилона сиёсати, Президентимиз белгилаб берган йўналиш ва вазифалар, шунингдек, Олий суд раҳбариятининг талаб ва тавсиялари жамланган Мурожаатни ҳар биримиз диққат билан тингладик.

Зеро, ушбу Мурожаатномада таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан олдимизга халқчил ва адолатли суд тизимини яратиш масаласи қатъий вазифа этиб қўйилди. Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўлиқ ишонч ҳосил қилиши керак. Шу боис, ҳар биримиз ўз фаолиятимизни танқидий кўриб чиқиб, тегишли хулосалар қилишимиз зарур.

Судья, аввало, ўз хизмат вазифаларини ҳалол ва виждонан бажариши талаб этилади. У суд ҳокимиятининг нуфузини туширадиган ва судьянинг обрўсига путур етказадиган ёки унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши шарт.

Аслида ҳам, давлатимиз раҳбарининг “Судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик ҳукмрон бўлиши керак”, деган даъвати барчамиз учун ҳаётий дастуриламал бўлмоғи лозим.

Хулоса қилиб айтганда, кўп йиллик изчил таълим олиш, билим ўрганиш ва малака ошириш учун ўз устида тинимсиз ишлаш ҳамда туну кун фидойилик ва касбга садоқат билан меҳнат қилиб эришилган юксак мавқени асраш, бу шарафли касб салоҳиятининг қадрига етиш лозим.

Бинобарин, фақат ҳалол, билимли, виждони пок судья ва суд ходимининг бугуни — тинч-хотиржам, эртаси саодатлидир.

Дилшод ТАДЖИБАЕВ,

Тошкент вилояти

суди раиси

#thegov_button_684f20375c639 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_684f20375c639:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_684f20375c639 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_684f20375c639:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!