АСОССИЗ АЙБЛОВ СУДДА РАД ЭТИЛДИ, ШАХС ОҚЛАНДИ

Ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилоятида такси ҳайдовчиси гиёҳвандлик моддалари савдоси билан шуғулланувчи кимсаларга дуч келиб қолгани, ўтказилган “Назорат остида олиш” тезкор тадбирида уларнинг жиноий шеригига айланиб, биринчи босқич судининг ҳукми билан ўн ярим йилга судлангани, фақат вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг ажрими билан оқлангани ҳақидаги хабарлар тарқалганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ.
Сирдарё туманининг Бахт шаҳрида яшовчи Акрам Муртозақулов жиноят ишлари бўйича туман судининг 2024 йил 7 августдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми ва 276-моддаси 2-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган ва унга айбланган ҳар бир модда бўйича алоҳида-алоҳида жазо белгиланиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўн йилу олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Сирдарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2024 йил 11 октябрдаги ажримига кўра, биринчи босқич судининг Аминжон Шокиров (бошқа судланувчиларнинг исм-шарифлари ўзгартирилди), Истам Рамазонов ва Акрам Муртозақуловга нисбатан чиқарилган ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
Хўш, аслида, қандай жиноий қилмиш рўй берганди?
Суд ҳукмида қайд этилишича, судланувчилар — А. Шокиров, И. Рамазонов ва А. Муртозақулов “гашиш” гиёҳванд воситасини сотиш мақсадида, ўзаро жиноий тил бириктиришган. Бахт шаҳрининг “Тинчлик” маҳалласи ҳудудида И. Рамазонов билан А. Муртозақулов тадбирга харидор сифатида жалб этилган “С.”, “Р.” ва “И.” исмли шахслар билан учрашган ва улар “С.”дан гиёҳвандлик воситаси учун 1 миллион 550 минг сўм олишган.
Шундан сўнг А. Муртозақулов билан И. Рамазонов “Нексия” автомашинасида туманнинг “Аҳиллик” маҳалласи Бахтли болалик кўчасида А. Шокиров билан учрашиб, юқорида қайд этилган пулга 4 минг 247 грамм — кўп миқдорда “гашиш” гиёҳвандлик воситасини сотиб олишган.
Улар ортга қайтаётганда, А. Муртозақулов гиёҳвандлик воситасининг 0,521 граммини ўзи истеъмол қилиш учун олиб қолиб, 3 минг 726 граммини “С.”га бераётганда назорат тадбири иштирокчилари томонидан ушланади.
Тезкор тадбирдан сўнг ўттиз икки кун ўтгач, И. Рамазонов таниши А. Муртозақулов ўзи истеъмол қилиш учун олган 0,521 грамм “гашиш” гиёҳвандлик моддасини туман ички ишлар бўлими биносининг 1-қавати 12-сонли хизмат хонасидаги диван остига яшириб қўйганини ариза билан маълум қилади. Ушбу хона кўздан кечирилганда, икки дона рангсиз полиэтилен пакет бўлагига ўралган ўткир ҳидли, тўқ жигарранг тусдаги гиёҳвандлик воситасига ўхшаш модда топилади. Шу сабабли, дастлабки тергов идораси томонидан А. Муртозақулов кўп миқдордаги гиёҳвандлик моддасини ўтказиш мақсадини кўзламасдан сақлаганликда ҳам айбланади.
Айтиш керакки, А. Муртозақулов ва унинг ҳимоячиси томонидан берилган тафтиш тартибидаги шикоятда дастлабки тергов ва биринчи босқич суди ишни айблов йўсинида, бир ёқлама олиб боргани, И. Рамазоновнинг илтимосига кўра, А. Муртозақулов уни А. Шокировнинг уйига олиб бориб-келгани, гиёҳвандлик воситаси олди-сотдисига аралашмагани, аммо унинг важлари инобатга олинмагани, ички ишлар бўлими биносида гиёҳвандлик воситасини яширмагани, ушбу гиёҳвандлик моддаси унга тегишли эмаслигини қайд этган. Шунингдек, тафтиш тартибидаги шикоятда И. Рамазонов томонидан ёзилган аризадаги ҳолатлар нотўғри экани, туман жиноят қидирув бўлими бошлиғининг “Назорат остига олиш” тезкор тадбири ўтказиш тўғрисидаги билдиргисида айнан А. Муртозақулов кўрсатилмагани, 2024 йил 20 майдаги кўрсатмаларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш ҳақидаги баённомада А. Муртозақулов иштирок этмагани, унинг ҳимояга бўлган ҳуқуқлари бузилгани, 2024 йил 18 апрель куни ушланган пайтда шахсий тинтувдан ўтказилгани, бироқ орадан ўттиз икки кун ўтиб, ички ишлар бўлими биносидан топилган гиёҳвандлик воситасини олиш жараёни видеотасвирга олинмагани, бу ҳолат, ўз навбатида, Жиноят-процессуал кодекси ва Олий суд Пленуми қарорлари талаблари бузилганини кўрсатиши ҳақида важлар қайд этилиб, суд ҳукмини бекор қилиш ва оқлов ҳукми чиқариш сўралган.
Ҳақиқатан ҳам, тафтиш инстанцияси суди шикоятда келтирилган важларни жиноят иши ҳужжатлари билан бирга кўриб чиқиши жараёнида А. Муртозақуловни Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми “а” банди билан айблаш ҳақидаги қисми ўз тасдиғини топмади. Шунинг учун тафтиш инстанцияси А. Муртозақуловни Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2 ва 3-бандларига асосан, реабилитация этиб, оқлаш ва унга шу модда билан тайинланган жазони бекор қилишни лозим топди.
Энди А. Муртозақуловнинг ушбу модда бўйича оқланишига тўхталадиган бўлсак, И. Рамазоновнинг аризасидан сўнг 2024 йил 20 май куни туман ички ишлар бўлими биноси 1-қават 12-сонли хизмат хонаси кўздан кечирилган. Ётоқ дивани тагидан икки дона рангсиз полиэтилен пакет бўлагига ўралган ҳолатдаги ўткир ҳидли, тўқ жигарранг тусдаги гиёҳвандлик воситасига ўхшаш модда топилган ва холислар иштирокида расмийлаштириб олинган. Шу сабабли, А. Муртозақулов кўп миқдордаги гиёҳвандлик моддасини ўтказиш мақсадини кўзламасдан сақлаганликда айбланган.
Конституциямизнинг 28-моддасида, жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланиши, айбланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланиши, айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши белгиланган.
Шунингдек, “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасига кўра, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ҳамда уларнинг ходимлари тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиши шарт. Шунингдек, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ҳамда уларнинг ходимлари томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда, мазкур органлар ҳамда уларнинг раҳбарлари ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни тиклаш, етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда айбдорларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш чораларини кўриши шартлиги белгилаб қўйилган.
Президентимизнинг 2020 йил 10 августдаги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони 2-бандида тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ходимлари томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчидан ариза, тушунтириш ёки кўрсатувлар олишни мазкур жиноят иши юритувида бўлган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьянинг ёзма рухсатига асосан ва фақат ҳимоячи иштирокида амалга ошириш (белгиланган тартибда ҳимоячидан воз кечилган ҳоллар бундан мустасно) назарда тутилган.
Биз буларни бежизга келтирмадик, чунки А. Муртозақуловга оид жиноят ишини тергов қилиш жараёнида юқорида қайд этилган қонун талабларига риоя қилинмаган.
Тафтиш инстанцияси судида сўралган туман ички ишлар бўлими 12-сонли хизмат хонасига бириктирилган тезкор ходимлар Ш. Мамадиёров, И. Бойқобилов ва В. Алижонов ва фаррош З. Салимова хонада турган ётоқ диванини бир киши кўтаролмаслиги, унинг усти тўлиқ ёпилганлиги, фақат икки киши кўтариб, остига бирор-бир нарса қўйиш мумкинлигини қайд этишди.
Гарчи судланган И. Рамазоновнинг тергов ва суд давридаги А. Муртозақулов А. Шокировдан олган гиёҳвандлик воситасининг бир қисмини целлофан бўлагига ўраб, ўзига олганлиги ҳақидаги важлари ишончга сазовор деб ҳисобланган тақдирда ҳам, тезкор тадбирда барча гумон қилинувчилар, шу жумладан, А. Муртозақулов ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан тўлиқ тинтув қилинган.
Худди шундай тинтув туман ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими бошлиғининг хизмат хонасида ҳам ўтказилган. Ҳар икки тинтув чоғида А. Муртозақуловдан 0,521 грамм оғирликдаги “гашиш” гиёҳвандлик воситаси топилмаган. Бундай вазиятда А. Муртозақулов ушбу гиёҳвандлик моддасини диван тагига яшириб қўйгани ҳақидаги важ ўта шубҳали.
Видеотасвирдан кўриниб турибдики, барча тинтувлар жараёнида А. Муртозақуловнинг қўлига кишан солинган ҳолатда бўлган. Бу ҳолатда у хонадаги диванни кўтариб, унинг тагига гиёҳвандлик воситасини яшириб қўйиш имкониятига эга бўлмаган. И. Рамазонов ва тезкор тадбирда иштирок этган туман ички ишлар бўлимининг жиноят қидирув бўлими ходимлари ҳам судда ушбу ҳолатни тасдиқлашди. Демак, бундан кўринадики, тергов ҳаракатлари бирёқлама олиб борилган.
Олий суд Пленумининг 2018 йил 24 августдаги “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори 3-бандида Жиноят-процессуал кодексининг 95-1-моддасига кўра, агар фактик маълумотлар қонунга хилоф усуллар орқали ёки жиноят процесси иштирокчиларини қонун билан кафолатланган ҳуқуқларидан маҳрум қилиш ёки бу ҳуқуқларни чеклаш йўли билан ёхуд Жиноят-процессуал кодексининг талаблари бузилган, шу жумладан, гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг ҳимояга бўлган ҳуқуқлари, шунингдек, таржимон хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи бузилган ҳолларда олинган бўлса, мақбул эмас, деб топилиши ҳақида раҳбарий тушунтириш берилган.
Мазкур ҳолатда И. Рамазоновнинг орадан 32 кун ўтиб А.Муртозақуловга нисбатан туман ички ишлар бўлими 12-сонли хизмат хонасида гиёҳвандлик воситасини қолдиргани ҳақидаги аризаси ишончга сазовор эмас, чунки ариза терговчининг рухсатисиз, адвокат иштирокисиз олинган ва бу билан ҳимоя қилиш ҳуқуқи бузилган.
Шу боис судлов ҳайъати А. Муртозақулов Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан ҳам нотўғри айбланган деб ҳисоблади. Негаки, туман ички ишлар бўлимининг жиноят-қидирув бўлими бошлиғи С. Бердимуродовнинг билдиргисида “С.” исмли шахснинг аризаси асосида “Истам” ва “Аминжон” исмли шахсларнинг гиёҳвандлик воситаси савдоси билан шуғулланиб келаётганлиги учун уларга нисбатан назорат остига олиш тезкор тадбири ўтказишга рухсат сўралган. Тезкор ходим, гувоҳ М. Шерйигитов ҳам назорат остига олиш тезкор тадбири А. Шокиров ва И. Рамазоновга нисбатан ўтказилгани, шунингдек, исми сир сақланишини сўраган “И.” исмли шахс ҳам А. Шокиров ва И. Рамазоновга нисбатан ариза берганини тафтиш инстанцияси судида билдирди.
Айтиш керакки, Конституциямизнинг 29-моддасига асосан, ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади. Ҳар бир шахс — жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса, унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан, ўз танловига кўра, адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Олий суд Пленумининг 2003 йил 19 декабрдаги “Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори 3-бандига кўра, ҳимоя ҳуқуқи жиноят-судлов ишларини юритишнинг барча босқичида таъминланиши лозим. Қонунга асосан, жиноят ишини юритишга масъул барча давлат органлари ва мансабдор шахслар (суриштирувчи, терговчи, прокурор, судья) гумон қилинувчига, айбланувчига унинг ҳуқуқларини тушунтиришлари ва ўзига тегишли ҳимоя ҳуқуқидан амалда фойдаланиши учун реал шароит яратиб беришлари шарт.
Яна юқоридаги воқеага қайтсак, 2024 йил 18 апрель куни соат 12.30 ларда тезкор тадбир ўтказилиб, унинг иштирокчилари томонидан А. Шокиров, И. Рамазонов ва А. Муртозақуловга Жиноят-процессуал кодексининг 48-моддасида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилган.
Аммо А. Муртозақуловнинг эркинлиги амалда чекланган, ундан адвокат иштирокисиз иқрорлик мазмунида тушунтириш хати олинган. Шу боис ҳимоя ҳуқуқи бузилган ҳолда олинган ушбу тушунтириш хати номақбул далил сифатида далиллар мажмуидан чиқарилди.
Судлов ҳайъати И. Рамазоновнинг А. Шокировдан гиёҳвандлик воситасини сотиб олиб, тезкор тадбирга жалб этилган шахсларга сотишида судланган А. Муртозақулов иштирок этмагани, гиёҳвандлик воситасини сотганлиги исботланмагани, аммо у бу ҳақда аниқ билгани ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага хабар бермаган, деган хулосага келди. Унинг бу ҳаракатини Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмидан Жиноят кодексининг 241-моддаси 1-қисмига қайта малакалади. Ушбу моддага асосан, унга иш ҳақининг йигирма фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. 2024 йил 18 апрелдан 2025 йил 11 мартга қадар қамоқда сақланган ўн ой, йигирма уч куннинг ҳар бир куни ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг уч кунига тенглаштирилиб, тайинланган жазодан чегирилди, натижада А. Муртозақулов жазони тўлиқ ўтаган деб ҳисобланди.
Шундай қилиб, тафтиш инстанцияси суди Жиноят кодексининг 241-моддаси 1-қисми билан судланган А. Муртозақуловга оид жиноят иши бўйича тергов ва терговга қадар текшириш ўтказишда қўпол қонунбузилишларга йўл қўйган Сирдарё тумани ички ишлар бўлимининг жиноят-қидирув бўлими бошлиғи, тезкор вакиллари ҳамда терговчисига нисбатан хусусий ажрим чиқарди. Мазкур хусусий ажрим Сирдарё вилоят прокурорига ҳар бир ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш учун юборилди.
Шундай қилиб, асоссиз айблов суд томонидан рад этилди, А. Муртозақулов оқланди. Бу ўз навбатида, судлар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатли ҳимоя қилинаётганининг амалдаги тасдиғидир.
Жавлон ЖАББОРОВ,
Сирдарё вилояти судининг
жиноят ишлари бўйича
судлов ҳайъати судьяси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист