Click to listen highlighted text!

ГЕНДЕР ТЕНГЛИК ЁКИ ҚОНУН ЗЎРАВОНЛИКНИ КЕЧИРМАЙДИ

photo_2025-10-07_15-06-04

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлаш ва ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Конституция ва қонунларимизда инсон эркинлиги, қадр-қиммати энг олий қадрият сифатида мустаҳкамланган.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 58-моддасида белгилаб қўйилганидек, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларидаги амалий фаолиятларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди.

Бугунги кунда изчиллик билан амалга оширилаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам ушбу муҳим масала теран акс этган. Ўз навбатида, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида хотин-қизларни ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, жамиятда аёлларга нисбатан тазйиқларга барҳам бериш ҳамда ҳар қандай зўравонликларнинг олдини олиш бўйича қатор қонунлар қабул қилинди.

Буларнинг барчаси бежиз эмас. Нега деганда, зўравонлик жамиятдаги энг ёмон иллат сифатида инсонлар ўртасидаги тенгликка, эркинликка путур етказади. Қарамлик, қуллик, бошқалар устидан ҳукм юритиш, уларни таҳқирлаш ва камситишга олиб келади. Шунинг учун хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, бундай иллатларни аниқлаш, уларга чек қўйиш учун самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратишга масаласига давлатимиз ва жамиятимиз томонида жиддий эътибор қаратилмоқда.

Афсуски, ҳаётда баъзан Конституция ва қонунлар талабларини, маънавият ва ахлоқ тамойилларини писанд қилмайдиган кимсалар ҳам учраб турибди. Бунга мисол сифатида судланувчи В. Шодиевнинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) жиноят иши тафсилотларига мухтасар тўхталамиз.

Нарпай туманида истиқомат қиладиган фуқаро В. Шодиев Гулнисо Бобоқулова билан турмуш қурган. Уларнинг вояга етмаган икки нафар фарзанди бор.

В. Шодиев шу йилнинг 4 январь куни хотини билан ўрталарида келиб чиққан ўзаро оилавий келишмовчилик натижасида жанжаллашиб қолади.

Натижада у хонада бўлган ёғоч стул билан аёл танасининг турли соҳаларига уриб, жароҳат етказади. Суд-тиббий экспертиза хулосасида ушбу жароҳатлар “ўртача оғирликдаги шикастлар” гуруҳига кириши қайд этилди.

Суд судланувчига нисбатан жазо тайинлашда В. Шодиевнинг айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жабрланувчидан кечирим сўраганлиги, жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси йўқлиги, муқаддам судланмаганлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар, деб баҳолади. В. Шодиевнинг ҳаракатларида жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар топилмади.

В. Шодиев суд ҳукми билан Жиноят кодексининг 126-1-моддаси 5-қисми “и” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилди ва унга уч йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Мухтасар айтганда, инсонпарвар, демократик тамойиллар асосига қурилган қонунларимиз борки, гендер тенглик таъминланади, зўравонликка йўл бермайди. Чунки мамлакатимизда жамиятдаги мавқеи ва ижтимоий аҳволидан қатъи назар, барча фуқаролар қонунларимиз томонидан бир хил – адолатли ҳимоя қилинади.

Бекзод ЖУМАБОЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Нарпай тумани суди раиси

#thegov_button_68f7e748522f6 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_68f7e748522f6:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_68f7e748522f6 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_68f7e748522f6:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!