ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ХАВФСИЗЛИГИ: ЖАРИМА БАЛЛАРИ БЕЛГИЛАНИШИНИНГ МОҲИЯТИ ВА АҲАМИЯТИ

Ҳар йили дунё бўйлаб минглаб йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлиб, йўл ҳаракати қатнашчилари ҳаётига жиддий хавф солади. Ушбу ҳодисалар нафақат одамларнинг саломатлиги ва ҳаётига салбий таъсир кўрсатади, балки мамлакатлар иқтисодиётига ҳам катта зарар етказади.
Шу боис мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш ва ҳар бир фуқаронинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишини назоратга олиш бугунги кунда долзарб масалага айланган.
Статистик маълумотларга кўра, биргина 2024 йилда мамлакатимиз ҳудудида 9 минг 364 та йўл-транспорт ҳодисаси расман қайд этилган.
Бунинг оқибатида 2 минг 203 киши ҳалок бўлган, 8 минг 901 киши турли даражада жароҳат олган. Мазкур кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 475 кишига ёки 4,8 фоизга кам, бироқ йўлларда хавфсизликни янада кучайтириш зарур.
Шу боисдан, сўнгги йилларда мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш, хусусан, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги ваколатли давлат органлари масъулиятини ошириш, мавжуд йўл ҳаракати қоидаларини янада такомиллаштирган ҳолда, ҳаракат хавфсизлиги назоратини кучайтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, ушбу йўналишдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг масъулиятини, жавобгарлигини янада ошириш мақсадида, жорий йилнинг 20 февраль куни «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга бир қатор муҳим қўшимча ва ўзгартишлар киритилди.
Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчалар, айниқса, йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича жарима баллари тизими такомиллаштирилиши туфайли транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи билан боғлиқ жазо тадбирлари мустаҳкамланди.
Яъни ушбу кодексда “йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлиги учун” маъмурий жавобгарлик белгиланди. Жумладан, янги киритилган 34-1-модданинг биринчи қисмига кўра, ушбу кодекснинг 125-моддаси учинчи ва бешинчи қисмларида, 126-моддасида, 127-моддаси биринчи қисмида, 128-3-моддасида, 128-4-моддаси иккинчи қисмида, 128-5, 128-6, 128-8, 128-9, 129, 130-моддаларида, 137-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги учун транспорт воситасининг ҳайдовчисига нисбатан мазкур моддаларда назарда тутилган “асосий жазо билан бирга жарима баллари” ҳисобланади.
Бунда содир этилган ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун ҳисобланадиган жарима баллининг энг юқори миқдори икки баллдан ошмаслиги керак. Жарима баллари юқорида белгиланган ҳуқуқбузарликлардан бири биринчи марта содир этилган кундан эътиборан бир йил давомида ҳисоблаб борилади ва бир йил ўтгач, улар транспорт воситасининг ҳайдовчисидан автоматлаштирилган тарзда олиб ташланади.
Эътиборли жиҳати шундаки, ҳисобланган жарима баллари бир йил давомида 12 баллдан ошган ҳолларда, охирги содир этилган ҳуқуқбузарлик учун белгиланган тартибда қўшимча жазо тариқасида ҳайдовчи транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.
Шунингдек, бундай ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддати 6 ойдан кам бўлмаслиги белгиланган бўлиб, маъмурий жазо жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан қўлланилади.
Мисол учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-6-моддасида транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидалари бузилганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилган. Янги киритилган тартибга кўра, агар ҳайдовчи ушбу ҳуқуқбузарликни содир этса, у нафақат белгиланган жаримани (БҲМ 2 баробари) тўлайди, шу билан бирга унга нисбатан қўшимча жарима балларини ҳам ҳисоблаш бошланади.
Бунда агар йиғилган жарима баллари ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб бир йил давомида 12 баллдан ошмаса, тўпланган баллар автоматлаштирилган тарзда ўчирилади ва юқорида қайд этилган ҳуқуқбузарликлардан бири янгидан содир этилган кундан жарима балларини қайта ҳисоблаш бошланади.
Аксинча, бир йил ичида қонун билан белгиланган 12 баллдан ошадиган бўлса, ҳайдовчи қўшимча жазо сифатида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин. Бироқ бунда жарима баллари ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун 2 баллдан ошмаслиги талаб қилинади ва балларни ҳисоблаш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Жарима баллари тизими маъмурий жавобгарликни амалга оширишда янги ва муҳим механизмлардан бири ҳисобланади. Янги тизимнинг асосий мақсади — йўл ҳаракати қоидабузарликларининг олдини олиш, ҳайдовчилик маданиятини шакллантириш ва жавобгарликни оширишдир.
Шунингдек, мазкур тизим қуйидаги жиҳатлари билан аҳамиятлидир:
биринчидан, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва мониторинг қилиш: жарима баллари тизими ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва тизимли тарзда ҳисобга олишга хизмат қилади. Ҳар бир йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун белгиланган жарима баллари тизими, қоидаларни бузган ҳайдовчиларнинг фаолиятини автоматик равишда мониторинг қилиш имконини беради ва жарима балларини ҳисоблаш орқали ҳайдовчиларнинг ўтмишдаги ҳуқуқбузарликларини кузатиш ва уларнинг жавобгарлигини оширишга хизмат қилади;
иккинчидан, ҳайдовчиларнинг интизомини ошириш: жарима баллари тизими ҳайдовчиларнинг қоидаларга риоя қилишга бўлган интизомини оширишга қаратилган. Ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун балл йиғилиши ҳайдовчиларга уларнинг иқтисодий ва ҳуқуқий оқибатлари ҳақида эслатиб туради. Жарима балларини йиғиш ҳайдовчиларни қоидаларга қатъий риоя қилган ҳолда ҳаракатланишга ундайди, чунки баллар кўпая борган сари, уларнинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини йўқотиш хавфи ҳам ортиб боради;
учинчидан, мазкур тизим ҳайдовчининг йўл ҳаракати қоидаларини бузишини мониторинг қилишга қаратилгани боис, ҳайдовчилик гувоҳномаларини ноқонуний тарзда олишга ҳам жиддий таъсир кўрсатади.
Ҳайдовчининг жавобгарлигини ошириш ва қоидаларга риоя қилишга ундаш орқали тизим ҳар қандай ҳуқуқбузарликка, шу жумладан, ҳайдовчини ноқонуний йўл билан ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга қарши курашишга қаратилган профилактик таъсирни тақдим этади.
Хулоса қилиб айтганда, жарима баллари тизими маъмурий жавобгарликнинг самарадорлигини ошириш, қоидабузарликларни камайтириш ва жамиятда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган муҳим механизмдир.
Қаҳрамон МИРСАФОЕВ,
Тошкент шаҳар судининг
жиноят ишлари бўйича
судлов ҳайъати судьяси