НИЗОЛИ ҚАРОР СУДДА ҚОНУНИЙ ЕЧИМ ТОПДИ

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан олиб борилаётган туб ислоҳотлар қонун устуворлиги ва одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтирмоқда. Хусусан, маъмурий суд ишларини тафтиш тартибида кўриш амалиётининг амалга жорий этилгани суд ҳужжатларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишда муҳим ўрин тутмоқда.
Бу фикрларимизнинг тасдиғи сифатида ҳаётий бир мисолга эътибор қаратамиз. Яъни “Моҳир қўллар” масъулияти чекланган жамият мутасаддилари судга ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар Хоразм вилояти солиқ бошқармасининг 2024 йил 1 апрелдаги қарорини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган.
Аммо ушбу даъво аризаси Урганч туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 12 июндаги ҳал қилув қарори билан қаноатлантиришдан рад этилган.
Хоразм вилояти маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2024 йил 29 июль, шунингдек, вилоят маъмурий суди тафтиш инстанциясининг 2024 йил 22 октябрдаги қарорлари билан биринчи босқич суди қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Шундан сўнг масъулияти чекланган жамият мутасаддилари Олий судга тафтиш тартибида мурожаат қилди.
Иш ҳужжатларидан маълум бўлишича, вилоят солиқ бошқармасининг 2023 йил 5 сентябрдаги буйруғига асосан, “Моҳир қўллар” масъулияти чекланган жамиятда камерал солиқ текшируви ўтказиш белгиланган.
Текширув якуни бўйича эса, хулоса тузилиб, масъулияти чекланган жамиятга солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш ҳақида талабнома юборилган.
Аммо масъулияти чекланган жамият томонидан талабномага асосан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи ҳамда асослар тақдим қилинмаган. Шу сабабли, солиқ бошқармасининг 2024 йил 1 февралдаги буйруғига кўра, “Моҳир қўллар” масъулияти чекланган жамиятда солиқ аудити текшируви ўтказиш белгиланган.
Ўтказилган текширув натижалари юзасидан солиқ бошқармасининг 2024 йил 11 апрелдаги қарори билан масъулияти чекланган жамиятга:
– 2022 йил учун фойда солиғига 343 763,7 минг сўм, кечиктирилган ҳар бир кун учун 17 995,05 минг сўм пеня;
– 2023 йил 2-чорак бўйича фойда солиғига 460 644,7 минг сўм;
– Солиқ кодексининг 224-моддасига асосан, 160 881,6 минг сўм, жами 983 285,05 минг сўм жарима ҳисобланган.
Шу ўринда ушбу низоли ҳолатларнинг келиб чиқиш сабабларига батафсил тўхталадиган бўлсак, Хива туман ҳокимининг 2012 йил 1 майдаги 447-сонли қарорига асосан, Хива шаҳри, Амир Темур кўчасида жойлашган умумий ер майдони 20 минг 848,83 квадрат метрдан иборат “Пахта тайёрлов маскани” бино ва иншоотлари ҳамда ер участкаси “Моҳир қўллар” масъулияти чекланган жамиятга тегишли бўлган.
Мазкур кўчмас мулк объекти туман ҳокимининг 2017 йил 22 мартдаги 865-сонли қарорига кўра, Хива шаҳрининг бош режасига асосан, ишлаб чиқилган лойиҳани амалга ошириш жараёнида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши, бино ва иншоотлар бузиб ташланиши белгиланган.
2019 йил 26 январда тарафлар ўртасида 40-сонли келишув шартномаси расмийлаштирилган. Унга кўра, мулк эгаси компенсация тўловидан воз кечиши ва Хива шаҳри ҳокимлиги томонидан белгиланган тартибда Қиёт маҳалласининг 858-сонли контуридан турар жой бинолари қуриш учун 3 гектар ер участкаси ажратиб берилишига келишилган. Бироқ вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги комиссиянинг 2019 йил 22 февралдаги йиғилишида ер участкаси алоҳида қимматли ерлар тоифасига кириши сабабли, бу келишув рад этилган.
Келишув шартномаси мажбуриятлари Хива шаҳар ҳокимлиги томонидан бажарилмаганлиги боис, масъулияти чекланган жамият мутасаддилари судга мурожаат қилган.
Хива шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 29 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан ҳокимлик зиммасига 20 минг 848,83 квадрат метр ер майдонини масъулияти чеклаган жамиятга Хива шаҳар ҳудудидан ажратиб бериш мажбурияти юклатилган.
Аммо шаҳар ҳокимининг 2021 йил 10 апрелдаги 224-сонли қарори билан “Моҳир қўллар” масъулияти чекланган жамиятга суд қарорида кўрсатилганидан анча кам, аниқроғи, 6 минг квадрат метр ер участкаси ажратиб берилган, холос.
Ўз навбатида, компенсация тўлиқ берилмаганлиги сабабли, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси масъулияти чекланган жамият манфаатини кўзлаб, судга мурожаат қилади. Вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 1 мартдаги қарори билан ўзгаришсиз қолдирилган Боғот туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарорига асосан, Хива шаҳар ҳокимлигидан “Моҳир қўллар” масъулияти чекланган жамият фойдасига 3 миллиард 70 миллион 965 минг сўм компенсация суммасини ундириш белгиланади.
Солиқ бошқармаси томонидан текширув давомида жамиятнинг банк айланма ҳаракатлари ўрганилганида, жамият ҳисоб рақамига етказилган зарарни қоплаш учун 100 фоиз тўлов, жами 3 миллиард 70 миллион 965 минг сўм ўтказилганлиги аниқланган.
Ушбу аниқланган суммага нисбатан Солиқ кодексининг 297-моддаси учинчи қисми 17-банди ва 301-моддасини қўллаб, фойда солиғи ҳисоблаган.
Айтиш керакки, Солиқ кодексининг 297-моддаси учинчи қисми 17-бандига кўра, қарздор томонидан эътироф этилган ёхуд қарздор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳужжати асосида шартнома мажбуриятларини бузганлик учун тўланиши лозим бўлган жарималар, пенялар ва бошқа санкциялар, шунингдек, зарарларнинг ўрнини қоплаш суммалари даромадга киради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сонли қарори билан тасдиқланган ва 2021 йил 9 июнга қадар амалда бўлган “Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 37, 38-бандларида, мулкдорларнинг розилиги олингандан сўнг инвестор, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда мулкдор ўртасида уч томонлама келишув имзоланиб, нотариал тартибда тасдиқланиши, компенсация миқдори, турлари ва уни бериш муддати келишувда назарда тутилиши қайд этилган.
Мазкур Низом талабларидан келиб чиқиб айтганда, келишув компенсация тўлаб бериш учун асос бўлувчи ҳужжат ҳисобланади. Бироқ келишув асосида масъулияти чекланган жамиятга ер участкаси ажратиб берилмаган.
Суд қарори билан эса, ер участкаси эмас, балки давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши белгиланган ер участкасига тенг пул маблағи ундириш белгиланган.
Яна бир эътиборли томони, туман ҳокимлиги масъулияти чекланган жамиятдан қарз олмаган, шу боис, улар ўртасида қарз муносабатлари вужудга келмаган. Компенсация суммаси — шартнома мажбуриятларини бузганлик учун тўланиши лозим бўлган жарималар, пенялар ва бошқа санкциялардан келиб чиқмаган. Қолаверса, компенсация суммаси 2023 йилда тўлаб берилган.
Бунда масъулияти чекланган жамиятга бузилишга тушган ер участкаси ва бино-иншоотларига тенг компенсация берилган, бу ҳолатда жамият кўчмас мулк объектини йўқотган. Лекин потенциал равишда шунга тенг қисман ер участкаси ва пул маблағи олган.
Бухгалтерия ҳисоботида йўқотилган кўчмас мулк юқорида қайд этилган туман ҳокимининг 2017 йил 22 мартдаги 865-сонли қарори бўйича асосий воситаларни тугатиш сифатида бошқа харажатлар ҳисоботида акс эттирилади. Бу – сотиш эмас, балки кўчмас мулк объектини тугатиш бўлган.
Кейинчалик олган компенсация суммаси актив қийматга киритилади.
Компенсация суммаси дастлабки бузилишга тушган ер участкаси қийматига тенг бўлганлиги учун солиқ солиш объектига, яъни солиққа тортиладиган даромадга кирмайди.
Солиқ кодексининг 42-моддасига кўра, нафни баҳолаш имконияти мавжуд бўлган тақдирда ва бундай нафни баҳолаш мумкин бўлган даражада ҳисобга олинадиган пул ёки натура шаклидаги иқтисодий наф даромад деб эътироф этилади. Мазкур кодекснинг 297-моддасида жами даромадларга таъриф берилган бўлиб, ер участкасининг олиб қўйилиши муносабати билан мулкдорларга берилган компенсация даромад сифатида келтириб ўтилмаган.
Шу каби Адлия вазирлиги томонидан 2004 йил 29 августда 1401-сон билан рўйхатга олинган “Асосий воситалар қийматини балансдан чиқариш тартиби тўғрисида”ги Низомда ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши сабабли асосий воситаларнинг корхона балансидан чиқиб кетиши назарда тутилмаган.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 266-7-моддаси биринчи қисми 2-бандига кўра, суд шикоятни (протестни) тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги қарор қабул қилишга ҳақли.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, судлов ҳайъати қуйи инстанция судларининг қарорларини қисман бекор қилишни, бекор қилинган қисми бўйича аризани қисман қаноатлантириб, низоли қарорнинг 2023 йил иккинчи чорак бўйича фойда солиғига 460 миллион 644 минг 700 сўм ва унга ҳисобланган 92 миллион 128 минг 940 сўм жарима қўллаш қисмини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақида янги қарор қабул қилишни лозим топди.
Шундай қилиб, Урганч туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 12 июндаги ҳал қилув қарори, Хоразм вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2024 йил 29 июлдаги қарори ва вилоят маъмурий суди тафтиш инстанциясининг 2024 йил 22 октябрдаги қарори қисман бекор қилинди. Вилоят солиқ бошқармасининг 2024 йил 1 апрелдаги 193-сонли қарорининг 2023 йил 2-чорак бўйича ҳисобланган фойда солиғи ва унга ҳисобланган жарима қисми ҳақиқий эмас, деб топилди.
Солиқ идорасининг низолашилган қарорининг қолган қисмини ҳақиқий эмас, деб топиш учун асослар мавжуд бўлмаганлиги, 2022 йил учун фойда солиғи тўғри ҳисобланганлиги сабабли, низолашилган қарорининг шу қисмини рад этиш ҳақидаги қуйи инстанция судларининг хулосалари ўзгаришсиз қолдирилди.
Дурдона АБДУҚАҲҲОРОВА,
Олий суд судьяси