ҲАЛОЛЛИКДА ҲИКМАТ БОР. ЖИНОИЙ ҚИЛМИШ ЭСА, ҲЕЧ ҚАЧОН ЖАЗОСИЗ ҚОЛМАЙДИ

Халқимиз ҳалолликда ҳикмат бор деб бежиз айтмайди. Чунки пешона тери тўкиб, ҳалол меҳнат қилган одамнинг баракаси бўлади. Энг муҳими, ҳалоллик кўнгил хотиржамлигини таъминлаб, юзни ёруғ қилади. Шунинг баробарида ўзганинг меҳнати билан яратилган неъматларни зўравонлик билан тортиб олиш — бу нафақат ноинсофлик, балки жиноят саналади.
Шунинг учун ҳар бир жамият тараққиётида мулк дахлсизлиги ҳамиша муҳим қадриятлардан бири бўлиб келган. Мулкни зўравонлик орқали тортиб олиш, яъни босқинчилик нафақат иқтисодий барқарорликка, балки инсон ҳаёти хавфсизлигига ҳам бевосита таҳдид солувчи оғир жиноят туридир.
Дунёнинг барча ҳуқуқ тизимида босқинчилик оғир жиноят турига киритилган. Ҳуқуқ нуқтаи назаридан, босқинчилик — мулкни зўравонлик билан таҳдид қилиш орқали очиқдан-очиқ тортиб олиш ҳисобланади.
Бундай қилмиш нафақат мулк эгасининг ҳуқуқларини, балки унинг жисмоний хавфсизлигини ҳам бузади.
Янада аниқроғи, босқинчилик — “ўғрилик” ва “талончилик” ўртасидаги жиноятдир. Бунда мулкий манфаатни кўзлаган ҳолда, инсонга нисбатан зўравонлик содир этилади.
Бу жиноят турига жазо тайинлашда жаҳон тажрибасида турлича ёндашувлар мавжуд. Хусусан, англо-саксон ҳуқуқ тизимида мулкни ўғирлаш жараёнида куч ишлатиш ёки таҳдид қилишнинг ўзи жиноят деб баҳолаш учун етарли ҳисобланади. Бунда жазо чораси — умрбод қамоқ жазосигача белгиланган.
АҚШ федерал қонунчилигида босқинчилик банк, почта ёки давлат мулкига нисбатан содир этилганда, федерал жиноят сифатида баҳоланади. Қурол ишлатиш ёки оғир жароҳат етказиш ҳолатида умрбод озодликдан маҳрум этишгача жазо тайинланиши мумкин.
Шунингдек, континентал ҳуқуқ тизимида, масалан, Германия Жиноят кодексида босқинчилик “зўравонлик билан мулкни тортиб олиш” деб таърифланган ва 5 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси кўзда тутилган. Франция Жиноят кодекси талабига кўра, зўравонлик билан қилинган ўғирлик оғир жиноят ва бунинг учун 15 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси берилади. Шу тариқа Европа ҳуқуқ тизимида ҳам босқинчилик фақат мулкий эмас, балки инсонга қарши жиноят сифатида баҳоланади.
Мамлакатимиз ҳуқуқ тизимига келсак, амалдаги Жиноят кодексининг 164-моддасида босқинчилик қуйидагича таърифланган: “Мулкни зўравонлик ишлатиб ёки шундай зўравонлик билан таҳдид қилиб, очиқдан-очиқ тортиб олиш босқинчилик деб ҳисобланади”.
Бу жиноят тури учун жазо чоралари қандай? Оддий ҳолда — 3 йилдан 5 йилгача; қурол билан ёки гуруҳ бўлиб содир этилганда — 5 йилдан 10 йилгача; оғир ҳолатларда — 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилади.
Афсуски, юртимизда ана шундай жиноий қилмишга қўл урадиган кимсалар ҳам учраб туради. Масалан, судланувчи Р. Санжаров (исм-шарифлар ўзгартирилган) таниши Д. Холбоев ва дастлабки тергов давомида шахсини аниқлаш имкони бўлмаган номаълум шахслар билан ўзаро жиноий тил бириктирган.
Улар жабрланувчи М. Маъмуров қурилиш ишлари олиб бораётган Тошкент вилояти, Қибрай тумани, “Май” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги рақамсиз уйга ғайриқонуний равишда бостириб кирган. Р. Санжаров ҳеч бир сабабсиз жабрланувчи М. Маъмуровнинг юзи ва танасининг турли жойларига уриб, жароҳат етказган.
Судланувчи Д. Холбоев эса, жабрланувчининг баҳоси 14 000 000 сўмлик телефони ва 25 500 000 сўм пулини босқинчилик йўли билан эгаллаб олган.
Судга оид тиббий экспертизанинг хулосасига кўра, босқинчилар томонидан М. Маъмуровга ҳаёт учун хавфли оғир тан жароҳати етказилган.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Босқинчилар М. Маъмуровни Тошкент вилояти, Қибрай тумани, “Туркистон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги овлоқ жойга олиб бориб, ўлдириш билан таҳдид қилганча 30 000 АҚШ доллари беришни талаб қилади.
Албатта, босқинчилар бу қабиҳ қилмиши учун қонун олдида жавоб беришди. Суд томонидан уларга нисбатан қонуний ва адолатли жазо тайинланди.
Бинобарин, юртимизда жиноятга жазо муқаррар. Айниқса, босқинчилик жинояти жаҳон юриспруденциясида оғир жиноятлар қаторида саналади.
Чунки у мулкка қарши жиноий қилмиш бўлиши билан бирга, инсоннинг ҳаёти ва хавфсизлигига ҳам таҳдид солади.
Давлатимиз ҳуқуқ тизимида ҳам босқинчилик жиноятининг олдини олиш, бунинг учун жазо чораларини кучайтириш ва профилактик тадбирларни самарали ташкил этишга катта эътибор қаратилмоқда. Негаки, ҳаётда борига шукур қилиб, қаноат билан яшаган одам сира кам бўлмайди.
Чиндан ҳам, шукроналик ҳисси одамни улғайтиради, қолаверса, инсонга тинчлик-хотиржамликдан зиёд бахт йўқ. Буни жиноятга мойил шахслар билиб қўйса, ўзига ҳам, жамиятга ҳам яхши бўлади.
Арофат АЛИМОВА,
жиноят ишлари бўйича
Қибрай тумани суди судьяси

