ҚИСТОВ ОСТИДА ЁЗИЛГАН АРИЗА: СУД ТОМОНИДАН НОҚОНУНИЙ БУЙРУҚ БЕКОР ҚИЛИНДИ, ХОДИМ ИШГА ТИКЛАНДИ

Аввало шуни айтиш керакки, амалдаги Меҳнат кодексининг 157-моддасида номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси, шунингдек, муддатли меҳнат шартномаси исталган вақтда, тарафларнинг келишувига кўра, бекор қилиниши мумкинлиги белгилаб қўйилган. Аммо иш берувчи ва ходим ўртасида келишув шартномаси тузилмай меҳнат шартномасининг бекор қилиниши қонун талаблари бузилишига ва оқибатда тарафлар ўртасида низо келиб чиқишига сабаб бўлади.
Мисол тариқасида айтсак, даъвогар соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилоят кенгаши С. Усмонова манфаатини кўзлаб, судга киритган даъво аризасида Сирдарё туман тиббиёт бирлашмасининг 2024 йил 25 октябрдаги 4187-9-128-ТВ сонли буйруғини бекор қилиш, С. Усмоновани ишга тиклаш ва мажбурий бекор юрган кунлари учун иш ҳақи ундириб беришни сўраган.
Масала моҳиятини билиш учун дастлаб манфаатдор шахс С. Усмонованинг даъво талабларига эътибор қаратсак, у ўзига нисбатан меҳнат шартномаси ноқонуний бекор қилинган деб ҳисоблайди. Судда берган кўрсатмасига қараганда, иш берувчи уни ходимлар ўртасидаги муносабат ва ички муҳитни бузишда айблаган. Шу сабабли иш фаолияти юзасидан текшириш ўтказган. Шундан сўнг С. Усмонова ишдан бўшатиш ҳақидаги аризасини 2024 йил 19 сентябрь куни ходимлар бўлими бошлиғи З. Хўжаеванинг босими остида ёзиб, уни катта тиббиёт ходими Ж. Раҳимовга топширган.
Аммо ариза ёзгач, орадан ўн кунча ўтиб, С. Усмонова ишдан бўшаш фикридан қайтади. Шу боис 2024 йилнинг 30 сентябрь куни туман тиббиёт бирлашмаси ходимлар бўлимига ишдан бўшатиш ҳақидаги аризасини оқибатсиз қолдиришни сўраб, ариза билан мурожаат қилади.
Бироқ ходимлар бўлими бошлиғи З. Хўжаева унинг аризасини қабул қилмайди. Шундан сўнг у биринчи аризасини оқибатсиз қолдириш ҳақидаги аризасини кетма-кет икки марта иш берувчига почта орқали юборади. Бироқ бу ёзма мурожаатлари ҳам изсиз кетади, жавоб хати келмайди.
Судга тақдим этилган ҳужжатлардан маълум бўлдики, туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокорининг 2023 йил 28 августдаги “3175-9-128-ТВ” сонли буйруғи билан болалар реанимацияси бўлими навбатчи ҳамшираси С. Усмонова ўриндошлик асосида болалар реанимацияси бўлимида навбатчилиги сақланган ҳолда Янгиобод оилавий шифокорлик пунктига катта ҳамшира лавозимига ўтказилган. Туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокорининг “4187-9-128-ТВ” сонли буйруғи билан С. Усмонова билан тузилган меҳнат шартномаси 2024 йил 19 сентябрда тарафларнинг келишувига кўра, бекор қилинган.
Ушбу буйруққа Меҳнат кодексининг 157, 171, 172, 234, 254-моддалари, С. Усмонованинг аризаси, тарафлар ўртасида меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида тузилган қўшимча келишув асос сифатида кўрсатилган.
Амалдаги Меҳнат кодексининг 157-моддасида меҳнат шартномасини тарафларнинг келишувига кўра, бекор қилиш меҳнат шартномасига доир қўшимча келишув билан ёзма шаклда расмийлаштирилади, деб белгиланган. Ушбу қўшимча келишувда меҳнат шартномаси бекор қилинадиган сана, қўшимча келишув тузилган сана ва тарафларнинг реквизитлари кўрсатилиши шарт. Судга жавобгар томонидан 2024 йилнинг 24 сентябрда тузилган 3715-9-128-ТВ сонли меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги келишув тақдим этилган, бироқ у С. Усмонова томонидан имзоланмаган.
Биз бунга бежизга тўхталмаяпмиз. Чунки Олий суд Пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги “Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 26-сонли қарори 21-бандида меҳнат шартномасини бекор қилишга ходим шу ташкилотдаги ишни ҳақиқатан ҳам, ташлаб кетиш истагини билдирган ёзма аризасига биноан йўл қўйилади. Судлар даъвогарнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризани иш берувчининг қистови натижасида берганлиги тўғрисидаги важларини синчковлик билан текширишлари керак. Ходимни ариза ёзишга нафақат мажбурлаш, босим ёки тазйиқ ўтказиш, балки ходимда меҳнат муносабатларини тугатиш истаги бўлмай туриб, иш берувчи томонидан уни ариза ёзишга фаол равишда ундаш ҳаракатлари ҳам қистов сифатида баҳоланади.
Судда жавобгар вакиллари С. Усмонованинг даъвосини қаноатлантиришдан рад этишни сўрашди. Аммо суд уларнинг важлари билан келишиб бўлмайди, деган хулосага келди.
Негаки, даъвогар С. Усмонова судга тақдим қилган аризасида ўзига нисбатан мунтазам равишда ўтказилган руҳий тазйиқ, камситишлардан ҳиссиётга берилиб, ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзишга мажбур бўлгани, орадан бир неча кун ўтгач, ана шу аризасини оқибатсиз қолдириб, иш фаолиятини давом эттиришга рухсат беришни сўраб мурожаат қилгани, аммо у натижасиз қолганлигини маълум қилган.
Ҳақиқатан ҳам, С. Усмонованинг аризаси почта орқали 2024 йилнинг 30 сентябрида иш берувчига юборилган. Почта хабарномасида унинг мурожаатини тиббиёт бирлашмаси мурожаатлар билан ишлаш бўлими мутахассиси Ш. Ҳасанбоев қабул қилиб олгани ҳақида имзо мавжуд.
Судда гувоҳ сифатида сўралган Ш. Ҳасанбоев почта хабарномасидаги имзо ўзиники эканлигини тан олди. Бироқ конвертни почта ходимидан қабул қилиб олгач, соғлиғидаги муаммолар борлиги сабабли уни йўқотиб қўйган эмиш. Қизиқ томони шундаки, тиббиёт бирлашмасининг 2024 йил 13 декабрдаги хатида С. Усмонованинг қайта иш жойида қолдириш ҳақидаги аризаси тиббиёт бирлашмаси хатлар бўлимига келиб тушмагани маълум қилинган.
Юқорида қайд этилганлардан кўриниб турибдики, тиббиёт бирлашмаси бош шифокорининг катта ҳамшира С. Усмонова билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги “4187-9-128-ТВ” сонли буйруғини қонуний деб бўлмайди.
С. Усмонова эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш ҳақидаги аризани иш берувчининг қистови билан ёзган.
Шу сабабли суд даъвогар соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилоят кенгашининг даъво аризасини қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди. Туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокорининг 2024 йил 25 октябрдаги “4187-9-128-ТВ” сонли буйруғи ғайриқонуний деб топилиб, бекор қилинди. С. Усмонова туман тиббиёт бирлашмаси Янгиобод оилавий шифокорлик пунктига катта ҳамшира лавозимига ишга тикланди.
Яна шуни таъкидлаш жоизки, Меҳнат кодексининг 257-моддасига кўра, даъвогар манфаатига ишламаган 60 кун учун 4 миллион 463 минг 643 сўм иш ҳақи ундирилди. Суд қонун талабидан келиб чиқиб, ҳал қилув қарорининг ишга тиклаш ва иш ҳақини ундириш ҳақидаги қисмларини дарҳол ижрога қаратишни лозим деб топди. Шунингдек, давлат божи ва почта харажатлари ҳам жавобгар ҳисобидан ундирилди.
Иш берувчи ва ходим ўртасида келишув шартномаси тузилмай меҳнат шартномасининг бекор қилиниши оқибати судлашишгача етиб борди.
Судда мазмунан муҳокама қилинган ушбу фуқаролик иши иш берувчиларга сабоқ бўлиши лозим. Меҳнатга оид муносабатларда қонун доирасидан четга чиқмаслик энг тўғри йўл эканлигини унутмайлик.
Жўрабек ХУДОЙНАЗАРОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Сирдарё туманлараро суди раиси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист