ЁШЛАР ТАРБИЯСИ ҲАР БИРИМИЗДАН АЛОҲИДА МАСЪУЛИЯТ, ФИДОЙИЛИК ВА ҲУШЁРЛИК ТАЛАБ ҚИЛАДИ

Мамлакатимизда болалар тарбиясига давлат томонидан жиддий эътибор қаратилиб, таълим дастурлари йилдан-йилга ислоҳ қилиниб, илғор халқаро андозалар даражасида такомиллаштириб борилмоқда. Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида кенг кўламли чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.
Аммо шунга қарамай, вояга етмаган ёшлар орасида жиноят кўчасига кириб, турли хил ҳуқуқбузарликларни содир этиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Пискент туманида жойлашган 1-сонли Оқтепа касб-ҳунар коллежининг 1-босқич ўқувчиси Асқар Аноров ҳам (исм-шарифлар ўзгартирилди) билим олиш, касб-ҳунар эгаллаши учун яратилган шарт-шароитларнинг қадрига етмай ҳуқуқбузарлик содир этди.
Аниқроқ айтганда, А. Аноров 2024 йил 26 ноябрь куни, тахминан, соат 16-00 ларда ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида, бир гуруҳ шахслар билан ўзаро жиноий тил бириктиради: олдиндан тузилган жиноий режа асосида, вояга етмаган Икром Абдиев билан 2010 йилда туғилган жабрланувчи Файзулла Ашуровга ҳужум қилиб, босқинчилик жиноятини содир этган. Улар жабрланувчининг бозор баҳоси 600 000 сўм бўлган “РЕДМИ-6” русумли телефонини қўлга киритиб, воқеа жойидан яширинган.
Бундан ташқари вояга етмаган А. Аноров 2024 йил 26 ноябрь куни, тахминан, соат 17-45 ларда, олдиндан тузилган жиноий режа асосида, вояга етмаган И. Абдиев иштирокида такроран босқинчилик йўли билан ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида, вояга етмаган Шомирза Худойқуловни жиноятга шерик қилган. Улар Бўка туманидаги Агротехнологиялар техникуми биноси ёнида вояга етмаган жабрланувчи Муҳиддин Норбековни пичоқ билан қўрқитган ва босқинчилик йўли билан унинг бозор баҳоси 1 200 000 сўмлик “САМСУНГ А50” телефон қурилмасини қўлга киритган.
Аниқланишича, вояга етмаганлардан иборат бу жиноий гуруҳ илгари ҳам майда безорилик билан шуғулланиб келган. Бироқ улардан жабр кўрган тенгқур болалар ушбу “сир”дан катталар ёки ўқитувчиларини хабардор этишдан андиша қилган. Балки жиноий гуруҳ кўзига ёмон кўриниб қолишдан чўчигандирлар ҳам. Оқибатда зўравонликка ружу қўйган А. Аноров гуруҳи маҳаллий ёшларга отнинг қашқасидек танилиб қолган…
Ниҳоят, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага етиб келган дастлабки хабардан сўнг уларнинг зўравонликка асосланган ўзбошимча хатти-ҳаракатларига чек қўйилди.
Вояга етмаган Асқар Аноров ва унинг дастлабки жиноий шериги, вояга етмаган Икром Абдиев — Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 164-моддаси 3-қисми “а” банди билан, охирги жиноий қилмишга шерик бўлган вояга етмаган Шомирза Худойқулов эса, Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари билан айбланиб, барчасига иш бўйича “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.
Суд туман таълим бўлими мутасаддилари билан келишган ҳолда, туманнинг 20 та таълим муассасасидаги ҳуқуқбузарлик ва зўравонликка мойиллиги бўлган жами қирқ нафарга яқин ёшларни очиқ суд мажлисига тўплади. Суд очиқ суд мажлисида А. Аноров бошчилигидаги вояга етмаган судланувчилар ва жабрланувчиларнинг кўрсатмаларини тинглаб, дастлабки тергов жараёнида ҳамда судда тўпланган далилларни текширди, уларни қонун нуқтаи назаридан батафсил муҳокама қилиб, жиноят ишидаги барча ҳужжатларни таҳлил этди, тарафларнинг музокаралари ва судланувчиларнинг охирги сўзини тинглаб, мазкур жиноят тафсилотларига тўла ойдинлик киритди.
Суд мажлисида барча судланувчилар содир қилган жинояти бўйича айбига иқрорлик билдириб, жабрланувчилардан кечирим сўрашди, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жабрланувчиларга етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганлигини баён қилиб, суддан енгиллик беришни сўрашди.
Суд судланувчиларни вояга етмаганини инобатга олиб, Асқар Аноровни — 4 йил муддатга, Икром Абдиевни — 3 йилу 6 ой муддатга, Шомирза Худойқуловни 1 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди, жазо тарбия колонияларида ўталиши белгиланди.
Бу воқеани баён этишдан мақсад — ёшлар тарбияси ҳамиша ҳушёрлик ва масъулият талаб этишини таъкидлашдир. Ҳолбуки, ёшлар тарбиясида йўл қўйилган ҳар бир эътиборсизлик изсиз кетмайди. Шундай экан, бугун биз ёшлар тарбиясига масъулият билан ёндашишимиз, бу борада ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлишимиз осойишта ва фаровон келажакка қўйилган пойдевор эканини унутмаслигимиз жоиз.
Шерзод Абдуқодиров,
жиноят ишлари бўйича
Бўка тумани суди раиси