ОЧИҚЛИК ВА ҲАЛОЛЛИК – ОДИЛ СУДЛОВ КАФОЛАТИ

Коррупция – мансабдор шахснинг ёки лавозим эгасининг ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, шахсий ёки бошқаларнинг манфаатлари йўлида қонунга зид равишда моддий ёки номоддий наф кўришга қаратилган ҳаракатидир.
Суд адолат мезонига хизмат қилувчи мустақил ҳокимият органи саналади.
Конституциямизга мувофиқ, суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритади.
Ҳар бир судья фақат Конституция ва қонунга бўйсунади ва унинг ҳалол, виждонан фаолият юритишига ҳеч бир ташқи босим ёки кўрсатма таъсир кўрсатмаслиги кафолатланган. Шунингдек, ҳар бир фуқаронинг давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжуд бўлиб, бу одил судлов тамойилининг ажралмас қисмидир.
Судьяларнинг асосий вазифаси инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек, тарафларнинг қонуний манфаатларини суд орқали самарали ва ишончли ҳимоя қилишдан иборат.
Фуқаролик процессуал кодексида ҳам бу борада аниқ талаблар белгилаб берилган: судья ҳар қандай қарорни фақат қонунда кўзда тутилган далиллар асосида чиқариши шарт.
Қолаверса, рад этилган ҳар қандай далил ёки ҳужжатнинг нега ҳисобга олинмаганини суд асослаб кўрсатиши мажбурийдир. Бу одил судловнинг ҳуқуқий кафолатларидан бири ва судга бўлган ишончни мустаҳкамловчи муҳим омил ҳисобланади.
Очиқлик ва шаффофлик — коррупцияга қарши курашишда энг самарали тамойиллардир. Айниқса, суд тизимида бу қадриятларнинг устуворлиги нафақат адолатли судловни таъминлайди, балки жамоатчилик ишончининг мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Фуқаролик процессуал кодексида белгиланишича, суд мажлислари одатий ҳолатда ошкора ўтказилиши лозим. Бу, ўз навбатида, тарафлар ва фуқароларга суд жараёни қандай кечаётганидан хабардор бўлиш, суд қарорларининг асосланганлигини кузатиш ва уларга қонуний баҳо бериш имконини яратади. Айниқса, суд қарорларининг мажлисда эълон қилиниши ҳамда муайян ҳолларда уларнинг расмий интернет ресурсларида, анонимлаштирилган шаклда эълон қилиниши, суд тизимида шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминловчи муҳим воситадир.
Шу нуқтаи назардан, бошқарувда очиқлик — коррупциянинг олдини олиш тамойилининг ажралмас қисми сифатида қонунларда мустаҳкам белгиланган. Бинобарин, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда очиқлик, шаффофлик ва жамоатчилик назорати асосий принциплар сифатида эътироф этилган.
Бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, хусусан, рақамлаштириш жараёнлари ушбу тамойилларни амалиётга изчил жорий этишга қаратилган. Мисол учун «E-XSUD» каби электрон платформаларнинг жорий қилиниши натижасида фуқаролар судга мурожаат қилиш, иш ҳолатини онлайн кузатиш, суд қарорлари билан танишиш ва ҳатто суд мажлисида масофадан туриб иштирок этиш имкониятига эга бўлмоқда.
Бундай рақамли имкониятлар коррупциявий хавфларни камайтириш, норасмий аралашувларнинг олдини олиш ва қарор қабул қилиш жараёнида инсон омилининг таъсирини камайтиришга хизмат қилади. Энг муҳими, бу орқали одил судлов тамойиллари мустаҳкамланади.
Судьяларнинг ҳалоллиги ва одоб-ахлоқи – суд тизимида коррупцияга қарши барқарор иммунитет ҳосил қилувчи энг муҳим омиллардандир.
Айнан судья шахсининг поклиги ва хизмат бурчига садоқати фуқаролар ишончини таъминлайди.
Шу боис, судья ўз фаолиятини фақат қонун доирасида олиб бориши, вазифаларини ҳалол ва виждонан бажариши, ҳар қандай шахсий ёки бошқаларнинг манфаатларини ўз қарорларига аралаштирмаслиги шарт.
Бу талаблар нафақат қонунларда, балки ахлоқий меъёрларда ҳам ўз ифодасини топган.
Судья шунчаки мансаб эгаси эмас — у адолат тимсоли, жамоат олдидаги масъулиятли шахс. Шунинг учун ҳам, у лавозимини ўзи ёки яқинларининг фойдаси учун суиистеъмол қилмаслиги, қариндош-уруғчилик ёки таниш-билишчиликка асосланган ҳар қандай таъсирлардан холи бўлиши керак.
Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодексига кўра, агар судьяга нисбатан ҳар қандай босим ёки ноқонуний йўналишлар бўлса, у бундай ҳолатлар ҳақида бевосита масъул ташкилотларга, масалан, Судьялар олий кенгашига ёки Олий судга зудлик билан хабар бериши шарт. Бундай қадам қонунчиликда аниқ кўрсатилган мажбурият бўлиб, судья мустақиллигини ҳимоя қилишга қаратилган.
Бундан ташқари ҳар бир судья қонуний фаолиятни бошлашдан олдин қасамёд қабул қилади. Ушбу қасамёдда у ўз зиммасига юклатилган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат Конституция ва амалдаги қонунларга асосланган ҳолда амалга оширишга, ҳар қандай таъсирдан холи, холис ва адолатли бўлишга тантанали ва қатъий равишда сўз беради.
Бу қасамёд – судья учун шунчаки маросим эмас, балки умрбоқий тамойилга айланиши лозим бўлган мажбурият. Судьялик фаолиятида қатъият, принципиаллик ва ҳалоллик – шахсий фазилатлар сифатида эмас, балки қонуний талаб сифатида баҳоланади.
Шунинг учун Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодексида судьяга нисбатан юқори даражадаги ахлоқий масъулият юкланган: у доимо хатти-ҳаракатида қатъият, ҳалоллик, одилона муносабат ва мўътадилликни намоён этиши лозим.
Замонавий суд тизимида технологик ёндашувлар коррупциявий хатарларни камайтиришда муҳим ўрин тутади. Аввало, суд таркибини автоматлаштирилган ахборот тизими орқали шакллантириш зарур. Яъни ҳар бир ишга электрон тизим орқали тенг асосда судьялар тайинланади ва манфаатдор шахсларнинг таъсири истисно қилинади.
Кейинги даврда суд мажлисларида масофавий видеоконференция алоқа имкониятлари кенгайтирилиб, фуқароларга ўз ишларини уйидан ёки бошқа жойдан назорат қилиш имконияти ҳам яратилди. Буларнинг барчаси судга нисбатан ишончни оширишга хизмат қилади, тизим очиқлигини мустаҳкамлайди.
Хулоса қилиб айтганда, фуқаролик судларида коррупциявий хавфларни камайтириш — очиқлик, ҳалоллик ва технологик ёндашувнинг уйғун қўлланилиши билан бевосита боғлиқ долзарб жараён.
Гулҳаё ЖУМАЕВА,
фуқаролик ишлари бўйича
Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси