ХУСУМАТ ОҒИР ФОЖИАГА САБАБ БЎЛДИ

Тоғли Зомин қишлоқларидан бирида икки қўшни ўртасида мол-мулк юзасидан келиб чиққан ўзаро келишмовчилик охир-оқибат фожиали якун топди.
Аслини олганда, бу ҳаётда муросаю мадора, ақл-идрок, кенг феъллик билан ҳар қандай низо ва келишмовчиликни ҳал этиш мумкин. Аммо баъзан узоқни кўра билмай иш тутиш, жиззакилик ва жоҳилликка берилиш кутилмаган фожиага сабаб бўлади.
Судда инсоннинг Конституция билан қўриқланадиган яшашга бўлган ҳуқуқига тажовуз қилиб, жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда бир гуруҳ бўлиб, ўта шафқатсизлик билан икки шахснинг умрига зомин бўлган Болиқул Арзиқулов (исм-шарифлар ўзгартирилди) ва Элбек Ҳакимбоевга нисбатан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилди.
Суд Б. Арзиқулов ва Э. Ҳакимбоевни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “а”, ж”, “п” бандлари ва 173-моддаси 2-қисми “в ” банди билан айбдор деб топди. Судланувчи Б. Арзиқулов — йигирма, Э. Ҳакимбоев ўн тўққиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Хўш, аслида, улар томонидан қандай жиноят содир этилганди? Бу жиноий қилмишнинг рўй беришига нима сабаб бўлганди?
Бу саволларга жавобан шуни айтиш керакки, ушбу фожианинг келиб чиқишига, аввало, халқимизга хос қадрият — қўни-қўшничилик одоби, ўзаро аҳил-иноқликка беписанд қараш сабаб бўлган. Чунки жабрланувчи билан судланувчилар узоқ йиллар давомида девор-дармиён қўшни яшаб келишган.
Айтиш керакки, улар яшайдиган ҳудудда, одатда, қорамоллар далага ҳайдаб боқилади. 2024 йилнинг 2 май куни Нурали Маҳкамовнинг икки бош ҳўкизи нимагадир даладан уйга қайтмайди.
Аммо Н. Маҳкамовнинг болалари ҳар қанча қидирмасин, ҳўкизлар топилмайди. Қўни-қўшнилардан, жумладан, Б. Арзиқуловнинг оиласидан ҳам сўраб-суриштиришади, лекин ҳеч қаердан ҳўкизларнинг дараги чиқмайди.
Фақат орадан уч кун ўтиб, маълум бўладики, йўқолган ҳўкизларнинг бири қўшниси Б. Арзиқуловнинг оғилхонасида қамаб қўйилган экан. Буни эшитиб, Н. Маҳкамовнинг хотини Мастура ўғли Баҳромни эргаштириб, қўшнисининг ҳовлисига киради. Аммо Б. Арзиқуловнинг хотини Гулсара қизи Нафосат билан Мастурани важоҳати бузилган ҳолда қарши олади. Бу ҳам етмагандек, кутилмаганда, унга чанг солиб, жанжаллашиб кетади.
Икки ўртада қолган Баҳром эса уларни ажратишга уринади. Лекин Гулсара сира жаҳлдан тушадиганга ўхшамасди.
Гулсара қизи билан бирга онасини аёвсиз юлиб-юлдалаётганига чидаёлмаган Баҳром қўлидаги калтак билан қўшни аёлнинг бошига уради.
Унинг кучли зарбидан аёл бошини чангаллаганича ерга ўтириб қолади.
Шундан сўнг Мастура ўғли билан ҳўкизни етаклаб, ҳовлидан чиқиб, кетади. Гулсара Арзиқулова эса, жароҳат олгани боис шифохонага ётқизилади.
Айни шу нохуш воқеадан сўнг Болиқул Арзиқулов ва унинг ўғли Элбекнинг кўнглида қўшниларга нисбатан тийиқсиз адоват пайдо бўлади. Энг ёмони, ота-ўғил қўшниларидан ўч олиш мақсадида жиноий режа тузишади.
Ота-ўғил ана шундай ғараз ниятда пайт пойлаб юрганда, Б. Арзиқулов қўшниси автомашинада қишлоққа кириб келаётганини кўриб қолади ва дарров ўғлига хабар беради. Ўша куни соат ўн уч-у ўттизларда Н. Маҳкамов бошида қора қуюн айланаётганидан мутлақо бехабар “LASETTI” русумли автомашинада турмуш ўртоғи билан Зомин шаҳридан уйига қайтиб келаётганди. Ғазабкор ота-бола эса, унинг уйи олдидан ўтган автомобиль йўлида темир бўлаклари билан қуролланиб, кутиб туришади.
Қисқаси, ўша куни кўзлари қонга тўлган Б. Арзиқулов йўлнинг ўртасида туриб олиб, Н. Маҳкамовдан автомашинани тўхтатишни талаб қилади.
Аммо у бунга ҳам сабри етмай қўлидаги темир бўлаги билан тезлиги пасайган автомашинанинг олдинги ойнасига бир неча марта уради.
Автомашина ойнаси чил-чил синади.
Шундан сўнг қутуриб кетган Б. Арзиқулов Н. Маҳкамовни автомашинадан куч билан судраб, пастга туширади-да, қўлидаги темир бўлаги билан уни уришга тушади. Бу зарбалар оқибатида Н. Маҳкамовнинг боши, елкаси, кўкрак қафасига оғир жароҳат етади.
Энг афсусланарлиси, кейинчалик шифокорлар қанчалик ҳаракат қилишмасин, барибир Н. Маҳкамовнинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмайди…
Б. Арзиқулов Н. Маҳкамовни аёвсиз ураётган пайтда автомашинанинг орқа ўриндиғида ўтирган Мастура Маҳкамова азбаройи қўрқиб кетганидан “дод-вой” кўтарганча одамларни ёрдамга чақиришга тушади. Аммо Б. Арзиқуловнинг ўғли қўлидаги темир билан унинг бошига бир неча марта қаттиқ уради. Мастура бу зарбанинг таъсирида ҳодиса жойидаёқ дунёдан кўз юмади.
Буткул қутуриб кетган ота-ўғилнинг ғазаби бу қабиҳликдан сўнг ҳам босилмайди, аксинча, улар жиноий фаолиятини давом эттириб, автомашинага ўт қўйиб юборишади…
Албатта, бу қабиҳ жиноий қилмишни содир этган ота ва ўғил қонун олдида жавоб берди.
Айтиш керакки, Жиззах вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг очиқ суд мажлисида ушбу жиноят иши кўриб чиқилди, натижада биринчи босқич судининг ҳукми ўзгаришсиз, апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилди.
Вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг очиқ суд мажлисида судланувчи Э. Ҳакимбоевнинг адвокати томонидан келтирилган тафтиш тартибидаги шикоят ҳам кўриб чиқилди.
Мамлакатимизда Конституция ва қонунунларда қатъий белгилаб қўйилганидек, айбсиз одам ҳеч қачон жавобгарликка тортилмайди. Жиноят кодексининг 42-моддасида жазо жиноят содир этишда айбли деб топилган шахсга нисбатан давлат номидан суд ҳукми билан қўлланиладиган ва маҳкумни қонунда назарда тутилган муайян ҳуқуқ ва эркинликлардан маҳрум қилиш ёки уларни чеклашдан иборат мажбурлов чораси эканлиги белгилаб қўйилган.
Судлов ҳайъати адвокатнинг ўз ҳимоясидаги Э. Ҳакимбоев Н. Маҳкамов ва М. Маҳкамовани қасддан ўлдирмаганлиги ҳақидаги тафтиш шикоятида келтирган важларни асоссиз, деган тўхтамга келди ва рад қилишни лозим топди.
Нега деганда, айнан Э. Ҳакимбоев жиноий шериги — отаси Б. Арзиқуловнинг топшириғига асосан, М. Маҳкамованинг бошига темир бўлаги билан бир неча марта уриб, оғир тан жароҳатлари етказган.
Бу ҳам етмагандек, у отаси билан бирга Н. Маҳкамовга тегишли автомашинага ўт қўйган.
Кези келганда шуни ҳам айтиш жоизки, судлов ҳайъати судланган Б. Арзиқулов ва Э. Ҳакимбоевларнинг жиноят содир этилгунга қадар бўлган феъл-атвори, ўзаро муносабатлари, шунингдек, уларнинг жиноят содир этилгандан кейинги ҳаракатларига ҳам эътибор қаратди.
Хусусан, жабрланувчининг қонуний вакили С. Маҳкамовнинг кўрсатмасига қараганда, Б. Арзиқулов ва уларнинг оиласи ўртасида олдиндан ўзаро келишмовчилик бўлган. Элбек Ҳакимбоев юқорида баён этилган оғир жиноят юз беришидан икки кун олдин қўлида темир бўлагини кўтариб, тоғалари Ҳасан ва Ҳусан Муродовлар билан бирга жабрланувчининг акаси Баҳромни излаб, уларнинг уйига келган, важоҳати бузилиб, ўлдириш билан таҳдид қилган.
Бундан ташқари 7 ва 8-май кунлари ҳам Элбек тоғаси Ҳ. Муродов билан бирга Баҳромни излаб, далага борган, аммо тополмаган. Шунингдек, жабрланувчи Б. Маҳкамов воқеа жойига келганида ота-онаси ёқиб юборилган автомашина яқинида ётгани, судланувчилар уларга ёрдам кўрсатиш ўрнига ҳовлисида ўтиришганини кўрган.
Бундан кўриниб турибдики, Б. Арзиқулов ва Э. Ҳакимбоевнинг кўнглида марҳум Н. Маҳкамов ва М. Маҳкамовага нисбатан олдиндан адоват бўлган ва уларни ўлдириш мақсадида жиноий режа тузишган. Натижада бир гуруҳ бўлиб, ушбу жиноий қилмишни содир этишган.
Қисқаси, тафтиш инстанцияси суди жиноят ишини батафсил ўрганиб чиқиб, шундай хулосага келди: мазкур жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари тўлиқ олиб борилган, биринчи ва апелляция инстация судлари томонидан Жиноят-процессуал кодексининг 439-448-моддаларига ҳамда Олий суд Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги “Қасддан одам ўлдиришга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 13-сонли қарори талабларига риоя қилинган. Жиноят-процессуал кодексининг 22-моддасига кўра, иш бўйича исботланиши лозим барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилган.
Ҳукмда баён қилинган суднинг хулосалари ишнинг ҳақиқий ҳолатларига тўла мос бўлиб, суд ҳукми Жиноят-процессуал кодексининг 26, 455-моддалари талабларига асосланган ҳолда чиқарилган.
Юқорида қайд қилинган асосларга кўра, судлов ҳайъати тафтиш шикоятида келтирилган важлар суд ҳукми ва ажримини ўзгартириш ва бекор қилиш учун асос бўла олмайди, деб ҳисоблаб, ушбу важларни рад қилишни лозим топди.
Дарвоқе, инсон ҳаётига тажовуз қилиш — ўта оғир жиноят. Бундай қилмиш муқаддас ислом динида ҳам энг оғир гуноҳ саналган. Ота-бола асло кечириб бўлмас ана шу қотиллик жинояти учун суд ҳукми билан жиноят қонунчилигимизда назарда тутилган узоқ йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.
Низомиддин ЭРНАЗАРОВ,
Жиззах вилоят судининг жиноят
ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,журналист