ИҚРОРЛИК КЕЛИШУВИ

Фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг жисмоний дахлсизлиги ва соғлиғини ҳар қандай тажовузлардан муҳофаза қилиш энг муҳим вазифалардандир.
Бу борадаги ислоҳотларни ҳаётга ўз вақтида ва самарали татбиқ этишда, судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлашда қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига қатъий амал қилиш муҳим аҳамият касб этади. Чунки судлар томонидан жиноят учун жазонинг тўғри тайинланиши одил судловни амалга оширишнинг муҳим кафолатидир.
Адолатли жазо тайинланиши ундан кўзланган мақсадларга – маҳкумни ахлоқан тузатиш, маҳкум ва бошқа шахслар томонидан янги жиноятлар содир этилишининг олдини олишга эришиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Маълумки, 2021 йил 18 февралдаги қонун билан Жиноят-процессуал кодексига янги 62-1-боб, яъни айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институти киритилди. Унга мувофиқ:
• жиноят ишини юритишни ўзига нисбатан қўйилган гумонга, айбловга рози бўлган, жиноятнинг очилишига фаол кўмаклашган ва келтирилган зарарни бартараф этган гумон қилинувчи ёки айбланувчининг илтимосномасига асосан, назорат қилувчи прокурор билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар бўйича келишув тузилади;
• Жиноят кодексининг 57-2-моддасига асосан, содир этилган жиноят учун ушбу Кодекс Махсус қисмининг тегишли моддасида (қисмида) назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаган муддат ёки миқдорда жазо тайинланади.
Шу ўринда эътибор қаратиш керак бўлган жиҳат: айбига иқрорлик тўғрисидаги келишув фақат икки асосга кўра, яъни Жиноят-процессуал кодекснинг 61-бобида белгиланган тартибда тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш учун асослар мавжуд бўлса ва шахс томонидан бир нечта жиноят содир этилган бўлиб, улардан лоақал биттаси ушбу моддада белгиланган талабларга тўғри келмаса, тузилиши мумкин эмас.
Бу эса, оғир жиноят учун жазо ўтаётган маҳкумлар, ўта хавфли рецидивист деб топилган шахслар, шунингдек, оғир ёки ўта оғир жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган шахслар билан ҳам айбга иқрорлик келишуви тузиш истисно қилинмаслигидан далолат беради.
Бундай шахслар билан айбга иқрорлик келишуви тузилиши ва уларга Жиноят кодексининг 57-2-моддасига мувофиқ, содир этилган жиноят учун ушбу Кодекс Махсус қисмининг тегишли моддасида (қисмида) назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаган муддат ёки миқдорда жазо тайинланишини адолатли, деб бўлмайди.
Мухтасар айтганда, суд амалиётидан ҳамда содир этилган жинояти учун жазоланиши керак деб топилган судланувчига реал ва адолатли жазо тайинлаш принципларидан келиб чиқиб, айбга иқрорлик келишувини рад қилиш асослари назарда тутилган Жиноят-процессуал кодексининг 586-1-моддаси 3-қисмини келишувни рад қилишга асос сифатида, “қасддан содир этган оғир ёки ўта оғир жинояти учун жазо ўтаётган ва судланганлик ҳолати тугалланмаганлар” ҳамда “ўта хавфли рецидивистлар”га нисбатан татбиқ этилмаслиги ҳақидаги норма билан тўлдириш мақсадга мувофиқ бўлади.
Шаҳзод Бахтиёров,
жиноят ишлари бўйича
Деҳқонобод тумани суди раиси