РАҒБАТЛАНТИРУВЧИ ҲАҚ ФЕРМЕР ФОЙДАСИГА УНДИРИБ БЕРИЛДИ

Маълумки, иқтисодий судларда кўрилаётган ишларнинг асосий қисмини фермер хўжаликлари ва тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан боғлиқ даъво аризалар ташкил этади. Бунда, табиийки, судлар томонидан асосий эътибор фермер ёки тадбиркорнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишга қаратилмоқда.
Фарғона туманидаги “Bahodir Log’on Tekstil” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона билан Ёзёвон туманидаги “Раҳимжон” фермер хўжалиги ўртасида юзага келган низо ҳам фикримизга мисол бўла олади.
Аниқланишича, 2021 йил 15 март куни қўшма корхона ва фермер хўжалиги ўртасида пахта хомашёсини харид қилиш бўйича 22-сонли фьючерс шартномаси тузилган. Шартномага кўра, фермер хўжалиги 155,7 тонна “Наманган-77” навли пахта етиштириш ва етказиб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Айтиш жоизки, фермер хўжалиги шартнома мажбуриятларини ортиғи билан бажаради. Яъни 166,5 тонна пахта хомашёси етказиб беради.
Ўрни келганда шуни қайд этиш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 мартдаги “Мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва 2021 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тўғрисида”ги 121-сонли қарори асосида ғўзанинг наслчилик навлари тасдиқланган бўлиб, улар учун рағбатлантириш коэффициенти 2021 йил ҳосили учун кутилаётган минимал нархларга нисбатан жорий этилган.
Унга кўра, ғўзанинг “Бухоро-6”, “Бухоро-8”, “С-6524”, “Наманган-77”, “Бухоро-102” навлари учун белгиланган минимал нархларга нисбатан 1,15 рағбатлантирувчи коэффицент жорий қилинган.
Буни қайд этишдан мақсад шуки, “Bahodir Log’on Tekstil” қўшма корхонаси ушбу қарор талабига риоя этмай “Раҳимжон” фермер хўжалигига рағбарлантирувчи коэффицентни тўлаб бермаган. Бинобарин, Ёзёвон тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Фарғона туманлараро иқтисодий судига киритган даъво аризасида “Bahodir Log’on Tekstil” қўшма корхонасидан “Раҳимжон” фермер хўжалиги фойдасига етиштирилиб топширилган пахта хом-ашёсига нисбатан 151 миллион 105 минг сўм рағбатлантирувчи коэффицентни ундириб беришни сўраган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 2 ноябрда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига йўлланган 04/024-4454-сонли хатида қайта ишлаш, логистика ва бошқа харажатларни инобатга олган ҳолда, етиштирилган тўртинчи тоифа, иккинчи нав, биринчи синф 1 тонна пахта хомашёсининг минимал нархи қўшилган қиймат солиғи билан бирга 6512 минг сўмни ташкил этиши белгиланган. Шунингдек, етиштирилган бешинчи тоифа, биринчи нав, биринчи синф 1 кг пахта хомашёсининг минимал харид нархи қўшилган қиймат солиғи билан бирга 7030 сўмни ташкил этиши қайд этилган.
Бундан кўринадики, “Раҳимжон” фермер хўжалиги томонидан “Bahodir Log’on Tekstil” қўшма корхонасига етказиб берилган пахта хомашёси қайта ҳисоб-китоб қилинганида коэффицент миқдори 140 миллион 895 минг сўмни ташкил қилган.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 55-моддасида “Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли. Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади” дея қайд этилган.
Фуқаролик кодексининг 4-моддасига биноан, фуқаролик қонунчилиги ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин вужудга келган муносабатларга нисбатан қўлланилади. Қонун у амалга киритилгунга қадар вужудга келган муносабатларга нисбатан қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардагина татбиқ этилади.
Фуқаролик қонунчилиги ҳужжати амалга киритилгунга қадар вужудга келган муносабатлар бўйича бу қонунчилик ҳужжати у амалга киритилганидан кейин вужудга келган ҳуқуқ ва бурчларга нисбатан қўлланилади.
Шунингдек, кодекснинг 236-моддасида мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонунчилик талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса — иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши, 238-моддасида эса, мажбурият келишилган ва тарафлар учун мақбул усулда бажарилиши шартлиги белгиланган.
Бундан ташқари амалдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 40 ва 41-моддаларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган ижтимоий муносабатларга нисбатан қўлланилади, дея белгиланган.
Қисқаси, суд юқорида қайд этилган қонуний асосларга таяниб, “Bahodir Log’on Tekstil” қўшма корхонасидан “Раҳимжон” фермер хўжалиги фойдасига 140 миллион 895 минг сўм миқдорида рағбатлантирувчи коэффицент ҳақдорлигини ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди. Бу ўз навбатида, адолат, демократик тамойиллар ўзининг теран ифодасини топган қонунларимиз амалда самарали қўлланиётганини яққол тасдиқлайди.
Тоҳиржон МАМАТОЖИЕВ,
Фарғона туманлараро
иқтисодий суди раиси