ҚАЛТИС ЙЎЛНИНГ ОХИРИ

Ҳаётда вояга етган ҳар бир инсон ўз умр йўлини ўзи танлайди. Бу шахснинг жамият қонунларида белгиланган мутлақ ҳуқуқи. Аммо бу йўлнинг йўриғию хавф-хатарлардан нечоғлик холи эканлигини англаш салоҳияти ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Бошқача айтганда, ҳаётга енгил қараш, масъулиятни ҳис этмаслик, турли хил қилмишларга қўл уриш кишини тўғри йўлдан адаштиради.
Р. Назаров биринчи марта жиноий қилмишга қўл урганида ҳали 20 ёшга ҳам тўлмаганди. Унинг кейинги ҳаётини остин-устун қилиб юборган ўша аянчли воқеа 1994 йилнинг март ойида рўй берди. Урганч шаҳар суди унга ўшанда 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
2015 йил сентябрь ойида у тағин жиноий қилмишлар кўчасига кирди.
Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисмига тааллуқли ўғирлик жиноятини содир қилди. Аммо қонунларимизда ўз ифодасини топган ярашув институти боис жазога тортилмади. Унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши жабрланувчи билан ярашгани боис ҳаракатдан тугатилди. Бу, аслида, Р. Назаровга қилмишидан тўғри хулоса чиқариб олиши учун берилган имконият эди. Аммо у бу ҳақида ўйлаб ҳам кўрмади, орадан ярим йилча вақт ўтгач, яна ўғирлик содир этди. Суд бу гал унга Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисмига асосан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.
Буни қарангки, бу жазо ҳам унга кор қилмади. Нега деганда, жазонинг атиги 3 ойини ўтамай туриб, Жиноят кодексининг 164-моддасига оид босқинчилик жиноятини содир этади. Қилмиш қидирмишга етаклади.
Судланувчи 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Кейинги жиноий қилмиш ҳам ўзини кўп куттирмади. Маҳкум ҳали жазони тўлиқ ўтамай туриб, яна ўғирлик қилди. Бу галги қилмиш Жиноят кодексининг анча оғирроқ жазони тақозо этувчи 169-моддаси 3-қисми бўйича малакаланди.
Айбланувчи суднинг 2018 йил 2 мартдаги ҳукмига кўра, 5 йил-у 9 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Фақат жиноят ишлари бўйича Қўнғирот тумани судининг 2020 йил 24 сентябрдаги ажримига биноан озодликдан маҳрум этиш жазосининг ўталмай қолган 2 йил 10 ойи ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилди. Афсуски, Р. Назаров бу бағрикенгликнинг ҳам моҳиятини англаб етмади, у жазони ўташ қоидасини қўпол тарзда бузди. Натижада ахлоқ тузатиш ишлари бўйича тайинланган тарбиявий таъсир чораси озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди. Фақат 2021 йил июнь ойида унга нисбатан тайинланган жазо яна юмшатилди. Маҳкум жазо муддати тугалланишига 2,5 йил қолганида яна озодликка чиқди. Ахлоқ тузатиш ишлари жазосига жалб этилди. Бироқ ушбу жазони ўташ жараёни ҳам узоққа чўзилмади, у яна жиноий қилмиш содир этди. Оқибатда маҳкумга нисбатан қўлланилган таъсир чораси 2021 йил ноябрь ойида озодликни чеклаш, 2022 йил апрель ойида содир этган яна бир жиддий қилмиш учун эса, бевосита озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди. У ушбу жазони 2022 йилнинг 1 ноябригача ўтади. Кейин жазони шартли равишда ўташ мажуриятини зиммасига олган ҳолда муддатидан 1 йил-у 10 ой олдин озодликка чиқди.
Умрини, асосан, жиноят кўчасида ўтказаётган бу кимса бу гал ҳам озодликнинг қадрини англаб етмади. Кечмиш йилнинг апрель ойида, муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат ёзиб берганига қарамай, қонун талабига яна беписанд қаради. Бу ҳам камлик қилгандай, ўз қилмиши учун қонун олдида жавоб беришдан бош тортди: қочиб яширинишга уринди.
Аммо бундан наф чиқмади. Қидирув эълон қилинганининг тўртинчи куниёқ қўлга тушди. Тергов органи бу гал унга Жиноят кодексининг 166-моддаси 3-қисми “а” банди ва 169-моддаси 3-қисми “а” банди бўйича айб эълон қилди.
Бинобарин, айб учун асослар етарли. Гумонланувчи бир йўла ҳам талончилик, ҳам ўғирлик қилмишларини содир этганди. Энг афсусланарлиси, бу қилмишлар Р. Назаров зиммасидаги жазони ўтаётган пайтда, қиш қаҳратони, аниқроғи, 2023 йил январь ойининг 25 ва 26-саналарида содир бўлди. Маҳкум даставвал Урганч шаҳридаги “Темирйўл” шифохонаси яқинида фуқаро А. Маткаримовнинг нархи 200 минг сўмлик қўл телефони ва унинг 450 минг сўмлик велосипедини таҳдид, зўравонлик ва куч ишлатиб қўрқитиш йўли билан қўлга киритади.
Аммо у бу қилмиши билан чекланмай эртаси куни яна “ов“га чиқади. Р. Назаров тунги соат 01:00 ларда шаҳарнинг Паҳлавон Маҳмуд кўчасидаги 16-сонли ётоқхона олдида Р. Худойберганов томонидан қаровсиз қолдирилган нархи 800 минг сўмлик велосипедни ўғирлайди.
Ўрни келганда шуни қайд этиш жоизки, Р. Назаров қонунларимизда ўз ифодасини топган бағрикенглик, кечиримлилик тамойилларидан хўп ва кўп фойдаланди. Аммо у бу бағрикенглик, кечиримлилик ва инсонпарварлик, аслида, ўзига ҳаётда тўғри йўлни топиб олиш, умрини эзгу мақсадларга сарф этиш учун берилган имконият экани ҳақида ўйлаб ҳам кўрмади. Аксинча, қонун ва одамийлик меъёрларини четлаб ўтган кўйи жиноий қилмишларини давом эттираверди.
Қисқаси, Р. Назаров юқорида қайд этилган жиноий қилмишлари учун қонун олдида жавоб берди. Судланувчи айбига тўла иқрорлик билдирди. Суд жиноят ишини батафсил ўрганди. Жиноят ва унга етаклаган омиллар, содир этилган давомли қилмишларнинг оқибат ва асоратларини атрофлича муҳокама этди. Бу жараёнда айбланувчи жамият учун хавфли шахсга айлангани рўй-рост аён бўлди. Суд бу ҳолатни алоҳида муҳокама қилди. Бироқ тергов органи тарафидан қўйилган айб адолат ва ҳақиқатнинг чинакам намунаси эмас. Айбловда ифодасини топган кўпгина ҳолатлар ҳақиқий воқеликни тўла-тўкис ифода этмайди. Суд ишни кўриб чиқиш жараёнида аниқланган ҳолатларга суянди. Судланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 166-моддаси 3-қисми “а” банди бўйича қўйилган айб, ушбу модданинг ҳаёт ёки соғлик учун хавфли бўлмаган тарзда зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб талончилик содир қилишга оид 2-қисми “а” бандига қайта малакаланди. Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисмига оид айб эса, дахлсиз қолдирилди. Айбланувчи кодекснинг ўзига нисбатан татбиқ этилган ана шу икки моддасига асосан, 5 йил-у 6 ой, муқаддам ўталмай қолган жазони қисман қўшиш йўли билан эса, жами 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Шунингдек, суд томонидан Р. Назаров хавфли рецидивист, деб топилди.
Албатта, ҳаётда қонун талабини ҳурмат қилган ҳурмат кўради. Қонунни менсимаслик эса, ҳеч қачон жазосиз қолмайди. Буни айниқса, кўнгли ножўя қилмишларга мойил кимсалар чуқур ҳис этмоқлари зарур. Яхши амал кишини эзгуликнинг нурафшон қасрига, ёмон амал эса, зимистон манзиллар томон элтишини ҳамиша ёдда тутмоқ керак.
Муродбек Ҳасанов,
жиноят ишлари бўйича
Урганч шаҳар суди раиси