АДОЛАТ МЕЗОНИ ЖАЗОНИНГ МУҚАРРАРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШДА МУҲИМ ЎРИН ТУТАДИ

Ҳаётда рўй берган жиноий қилмиш учун судланувчига нисбатан қонуний, асосли ва адолатли жазо тайинланиши одил судловнинг муҳим белгисидир.
Амалдаги Жиноят кодексининг 9-моддасида шахс қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмиши учунгина жавобгар бўлиши назарда тутилган. Миллий қонунчилигимизда белгиланган мезонларга кўра, содир этилган қилмишда жиноят таркиби бўлмаса, қўйилган айблов иш ҳолатлари батафсил текширилгандан кейин ишонарли тарзда ўз тасдиғини топмаса, суд ана шу модда бўйича судланувчини оқлайди.
Мисол учун яқинда очиқ суд мажлисида Элёр Холмуродовга оид (исм-шарифлар ўзгартирилди) жиноят иши кўриб чиқилди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми ва 276-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Воқеа тафсилоти шундай: судланувчи ўтган йилнинг август ойида ҳовлисининг ёнидан оқиб ўтган ариқ ёқасида ўсган бир туп марихуана ўсимлигини олиб, қуритиб қўйган. Сўнг гиёҳвандлик моддасининг бир қисмини ўзи истеъмол қилиб, қолган 6,2 граммдан кўпроғини келгусида сотиш мақсадини кўзламай ошхонасида яшириб қўйган.
Туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тинтув жараёнида ана шу гиёҳвандлик моддаси ашёвий далил сифатида олинган.
Суд судланувчи Э. Холмуродовнинг содир этган жиноий қилмиши дастлабки тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисми билан тўғри, аммо кодекснинг 270-моддаси 1-қисми билан нотўғри малакаланганлигини аниқлади.
Чунки Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисмида тақиқланган экинларни, яъни кўкнори ёки мойли кўкнори, каннабис ўсимлиги ёхуд таркибида гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ёки етиштириш жинояти учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Шунингдек, Олий суд Пленумининг 2017 йил 28 апрелдаги “Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 12-сонли қарори 16-бандида, таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликларни қонунга хилоф равишда етиштириш деганда, қонунчиликни бузган ҳолда бундай ўсимликларни экиш ва етиштириш учун махсус шароит яратиш, шунингдек, уларни экиш ва етиштириш, етиштириш технологиясини такомиллаштириш, янги навларини яратиш, ҳосилдорлигини ва мавжуд иқлим шароитига чидамлилигини ошириш фаолиятини тушуниш лозимлиги;
19-бандида, етиштирилиши тақиқланган экин экиш деганда, бундай экинлар уруғини тегишли рухсатсиз ҳар қандай ер майдонига, шу жумладан, бўш ётган ерларга ёки мослаштирилган идишларга уруғини сепиш ёки кўчатини ўтқазиш тушунилиши лозимлиги ҳақида тушунтиришлар берилган.
Аммо дастлабки тергов органи томонидан судланувчи Э. Холмуродов ариқ бўйида униб чиққан марихуана ўсимлигини қачон экиб, уни қандай етиштирганини тасдиқловчи далиллар тўпланмаган. Суд бундай ҳолатда дастлабки тергов органи томонидан Жиноят-процессуал кодексининг қатор моддалари талабларига риоя этилмаган, деган тўхтамга келди.
Хусусан, Жиноят кодексининг 463-моддаси ҳамда Олий суд Пленумининг “Суд ҳукми тўғрисида”ги қарори раҳбарий тушунтиришларига кўра, айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмаслиги ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбдор эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилиши талаби эътибордан четда қолган. Шу боис суд судланувчини Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми билан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-қисмига асосан оқлашни лозим топди.
Конституциямизнинг 20-моддаси 4-қисмида, давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги қатъий белгилаб қўйилган.
Суд судланувчига нисбатан жазо тайинлашда, жамиятдан ажратмасдан туриб ҳам, унинг хулқини қайта тарбиялаш имкониятлари мавжуд, деган қатъий тўхтамга келди. Шунга кўра, Э. Холмуродов Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми билан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан, айбсиз деб топилиб, оқланди. У Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор топилиб, бир йил олти ой муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.
Тафсилоти баён этилган ушбу жиноят иши бўйича судланувчига нисбатан тайинланган жазо қонунларимизда адолат ва демократик тамойиллар ўзининг теран ифодасини топгани натижаси, шунинг баробарида, судлар томонидан қонун мезонларига оғишмай амал қилинаётганининг амалдаги тасдиғидир.
Илҳом ҲАМИДОВ,
жиноят ишлари бўйича
Қўшработ тумани
суди раиси