ЖАБРЛАНУВЧИ ВА ЖАВОБГАР ЯРАШДИ, МАЪМУРИЙ ИШ ЭСА, ТУГАТИЛДИ

Инсонпарварлик, бағрикенглик ва йиқилганни суяш, адашганга тўғри йўл кўрсатиш сингари қадриятларни ўзида мужассам этган ярашув институти бугунги кунда миллий қонунчилигимизда ўзининг теран ифодасини топган эзгу мақсад — инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатли ҳимоясига хизмат қилмоқда.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш борасида муҳим вазифа – ўтмиш асоратларидан имкони борича тезроқ халос бўлиш, шахс, унинг яқинларига жисмоний ва маънавий азоб берадиган, унинг қадр-қимматини камситадиган жазо турлари, жазолашнинг репрессив усулларидан воз кечиш, озодликдан маҳрум қилиш ҳолларини қисқартириш ҳисобига қонунчиликнинг адолат ва инсонпарварлик тамойиллари асосида амалда қўлланишини таъминлаш зарур эди.
Шу мақсадда ривожланган демократик давлатларда муваффақиятли қўлланилиб келинаётган тамойил ва талабларга жавоб берадиган мезонлар асосида ҳуқуқбузарлик ва жазо тизими қайта кўриб чиқилиб, амалдаги Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга янги қоидалар киритилгани, айниқса, бу борада 2001 йил 29 августдаги жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши ҳақидаги қонун муҳим аҳамиятга эга бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Ушбу қонун асосида миллий қонунчилигимизда биринчи марта ярашув институти жорий этилди. Жиноят кодексининг 66-1-моддасида ярашилгани муносабати билан шахсни жиноий жавобгарликдан озод қилиш назарда тутилди.
Мазкур ҳуқуқий институт жорий этилгандан буён ўтган даврда бу борадаги қонунчилик изчиллик билан такомиллаштирилиб, унинг қўлланиш доираси тобора кенгайиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, ярашув институтининг вақт синовларидан муваффақиятли ўтаётгани, жиноий ҳуқуқий муносабатларни эркинлаштириш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда самарали восита сифатида хизмат қилаётганидан далолат беради.
Бугунги кунда ярашув институти маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишларда ҳам қўлланилаётганини алоҳида таъкидлаш керак. Бунга 2021 йил 4 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”даги қонун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу негизда ярашилгани муносабати билан шахсни маъмурий жавобгарликдан озод қилиш асослари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-2-моддасида белгилаб қўйилди. Унга кўра, 15 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахс ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, суд уни маъмурий жавобгарликдан озод қилиб, ишни тугатиши мумкин.
Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, ҳуқуқбузар Ж. Қиличев (исм-шарифлар ўзгартирилган) автомашинаси билан Д. Давроновнинг йўлини тўсиб, ўзаро тортишиб қолади. Шу аснода унинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиб, ҳақорат қилади.
Шундан сўнг Д. Давронов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилган.
Суд мажлисида Ж. Қиличев ўзининг қилмиши оқибатини тушуниб етгани, бундан қаттиқ пушаймон эканини билдириб, кечирим сўради.
Ўз навбатида, жабрланувчи Д. Давронов ўзидан астойдил кечирим сўрагани учун ҳуқуқбузарнинг узрини қабул қилганини, улар ўзаро ихтиёрий ярашиб олгани муносабати билан маъмурий ишни тугатишни сўради.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-2-моддасида ушбу кодекснинг 41-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахс, агар у ўз айбига чин дилдан иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, маъмурий жавобгарликдан озод этилиши белгилаб қўйилган.
Суд Ж. Қиличев ва жабрланувчининг ярашганлик тўғрисидаги аризаларини инобатга олиб, маъмурий ишни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-10-моддаси 1-бандига мувофиқ, ҳаракатдан тугатишни лозим топди. Шунингдек, жабрланувчига ушбу иш юзасидан такроран судга шикоят қилиш ҳуқуқини йўқотганлиги тушунтирилди.
Бу воқеани баён қилишдан кўзланган мақсад шуки, агар ярашув институти жорий этилмаганда, Ж. Қиличевга ҳуқуқбузар сифатида қилмишидан қанчалик пушаймон бўлмасин, барибир тегишли жазо тайинланарди, натижада оиласи, маҳалла-кўй олдида юзшувут бўлиб қоларди.
Ярашув институти амалда кенг қўлланилиб келинаётганининг асосий сабаби — халқимизнинг кечиримлилик, бағрикенглик каби фазилатларига уйғунлиги билан изоҳланади. Чунки ҳуқуқбузарлик содир этган шахс жабрланувчи билан ярашгани туфайли жавобгарликдан озод қилиниши нафақат унинг ўзи, балки яқинлари учун ҳам катта маънавий ва тарбиявий аҳамиятга эга.
Шунинг учун эр-хотин, қариндош-уруғ, қўни-қўшни, таниш-билиш ва ҳамкасблар ўртасидаги арзимас келишмовчиликлар адоватга айланиб кетишининг олдини олиш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида ярашув институти қўлланиладиган маъмурий ҳуқуқбузарликлар доираси янада кенгайтирилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Бинобарин, маъмурий ишлар бўйича ярашув институтининг янада кенгроқ жорий этилиши юқорида қайд этилгани каби салбий оқибатларнинг олдини олиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг камайиши, энг муҳими, фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлашга самарали хизмат қилиши шубҳасиз.
Абдулла Аллаев,
Навоий вилояти суди раиси