Click to listen highlighted text!

ЎЗИНИ ЎЗИ БАНД ЭТГАН ШАХС ҚОНУНИЙ АСОСЛАРДА ҲИМОЯ ҚИЛИНМОҚДА

photo_2025-05-21_10-56-04

Ҳаётда қабул қилиб, уни ўз вақтида тузатган шахснинг айбидан ўтиш, узрини қабул қилиб, бағрикенглик кўрсатиш халқимизга хос фазилатлардандир. Энг муҳими, ундай эзгу амаллар қонунчилигимиз асосини ҳам ташкил этади.

Айтиш керакки, маъмурий суд ишларини кассация тартибида кўрилиши дастлабки суд босқичида йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда. Бу, ўз навбатида, фуқароларнинг мустақил суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада оширмоқда.

Бу фикрнинг тасдиғи учун ҳаётимизда далиллар кўп. Хусусан, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги транспорт назорати инспекцияси ходимлари Ички ишлар бошқармаси ЙҲХБ ходимлари билан ҳамкорликда Қўшработ тумани ҳудудида тадбир ўтказган.

Текширишда Мухтор Жониқулов (исм-шарифлар ўзгартирилди) ўзига тегишли “Нексия-3” русумли автомашинасида аҳолига лицензиясиз пуллик транспорт хизмати кўрсатаётгани аниқланган. Табиийки, М. Жониқуловнинг қонунга хилоф фаолияти юзасидан баённома расмийлаштирилган.

Биринчи босқич суди ҳуқуқбузар М. Жониқуловга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 176-3-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 баравари миқдрида жарима жазоси тайинлаган.

Текширувчилар маъмурий баённома тузгани, суд томонидан жарима қўлланилиши, оқибатда ортиқча чиқимга дуч келиш ҳеч кимга ёқмайди.

Судда М. Жониқуловга амалдаги қонун талаблари тушунтирилган. Яъни ҳар бир фуқаро йўл қўйган қонунбузилиши ҳолатини ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан ўттиз кунлик муддатда ихтиёрий равишда бартараф этса, иш юритишдан тугатилиши ва жавобгарликдан озод қилинишини айтишади.

Шундан сўнг ҳайдовчилик касбидан уч-тўрт сўм орттириб, қора қозонини қайнатаётган М. Жониқуловнинг чеҳраси ёришади. У ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат солиқ хизмати органидан рўйхатдан ўтади.

Самарқанд вилоят транспорт бошқармасига мурожаат қилиб, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия олади ва биринчи босқич судининг қарорини бекор қилиб, ўзига нисбатан бўлган ишни иш юритишдан тугатишни сўраб, кассация тартибидаги шикоят билан мурожаат қилади.

Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъти кассация инстанциясининг очиқ суд мажлисида жиноят ишлари бўйича Қўшработ тумани судининг қарори юзасидан ҳуқуқбузар М. Жониқулов томонидан берилган ана шу шикоят маъмурий иш ҳужжатлари билан бирга кўриб чиқилди.

Иш ҳужжатларидан маълум бўлишича, М. Жониқулов ўзининг бошқарувидаги “Нексия-3” русумли автомашинада аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланаётганлиги аниқланган ва унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Мазкур маъмурий иш биринчи босқич суди томонидан ҳуқуқбузар М. Жониқуловнинг иштирокисиз кўриб чиқилган ва унга жарима жазоси тайинланган.

Шу ўринда мавзуга тегишли қонун талабларидан ўқувчини тўлиқроқ хабардор этиш учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 307-моддасига тўхталишни лозим топдик. Унга кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш вақтида тегишли орган ё мансабдор шахс: маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган-этилмаганини, ҳуқуқбузарлик содир этилган вақт ва жойни, мазкур шахс уни содир этишда айбдор ёки айбдор эмаслигини, унинг маъмурий жавобгарликка тортилиш-тортилмаслигини, жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатлар бор-йўқлигини, мулкий зарар етказилган-етказилмаганлигини, шунингдек, ишни тўғри ҳал этишда аҳамиятга молик бошқа ҳолатларни аниқлаши шарт.

Гап шундаки, мазкур маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш биринчи босқич суди томонидан:

биринчидан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 3-моддасида белгиланган қонунийлик принципига;

иккинчидан, Олий суд Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги “Судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришни тартибга солувчи қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори тушунтиришларига;

учинчидан, бунда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришни тартибга солувчи нормаларига қатъий риоя этиш зарурлигига қаратиш ҳақидаги талабларига риоя этилмаган.

Шунингдек, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар ва ишда мавжуд бошқа далиллар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилмаган. Бунинг устига, суд мажлисида, М. Жониқуловнинг иштирокини таъминламаган ҳолда унинг важларини текширмасдан хатоликка йўл қўйилган.

Кассация инстанцияси суди амалдаги қонун талабларига таянди. М. Жониқулов томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бартараф этилганлиги сабабли, биринчи босқич судининг қарорини бекор қилди.

Унга нисбатан юритилган ишни тугатиш ва кассация тартибидаги шикоятни қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилади.

Хулоса ўрнида айтганда, судларда ишларни кассация тартибида кўриш амалиёти жорий этилгани фуқароларнинг Конституциямизда кафолатлаб қўйилган ҳуқуқлари ва манфаатлари устуворлигини таъминлашга самарали хизмат қилмоқда.

Эътиборлиси, қонунчилигимизнинг адолатпарварлик, халқпарварлик, меҳр-оқибат, кечиримлилик, хатосини тузатган инсонга имконият беришдек миллий руҳ билан суғорилгани М. Жониқулов сингари кўплаб фуқароларнинг шукронасига, шунингдек, инсон қадри улуғланаётган юртда яшаётганидан миннатдорлигига сабаб бўлмоқда.

Зайниддин ТЎРАЕВ,

Самарқанд вилояти суди

жиноят ишлари бўйича

судлов ҳайъати судьяси

#thegov_button_683e8b3455eb5 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_683e8b3455eb5:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_683e8b3455eb5 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_683e8b3455eb5:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!